Жаҳон | 10:10 / 24.11.2025
1964
2 дақиқада ўқилади

РФ дронларининг Харкивга зарбалари: камида 4 киши ҳалок бўлди, 17 киши яраланди

Россия дронлари томонидан Харкивга қилинган оммавий ҳужум чоғида камида 16 та зарба қайд этилди, жумладан, хусусий уйларга ҳам зарбалар берилди. Тўрт киши ҳалок бўлди, ўн етти нафар жабрланувчи борлиги маълум қилинди.

Фото: Telegram / synegubov

Россия қўшинлари душанба, 24 ноябрга ўтар кечаси Харкив шаҳрига кўп сонли учувчисиз учиш аппаратларидан навбатдаги оммавий зарба берди. «РФ армияси тинч шаҳарга “Герань-2” туридаги дронлар билан ҳужум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, жами 16 та зарба берилган», — деб хабар қилди Telegram’да Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.

Синегубов зарбалар оқибатларини кўрсатувчи фотосуратларни эълон қилди ва аниқлаштиришича, россияликлар зарбаларни Харкивнинг Шевченко ва Салтовка туманларидаги турар жой уйларига берган. Унинг сўзларига кўра, жабрланувчилар орасида икки нафар бола бор: 12 ёшли ўғил бола ойна синиғидан жароҳат олган, 11 ёшли қиз эса кучли стресс ҳолатига тушган. Уч киши ҳалок бўлди: 61 ва 41 ёшли аёллар ҳамда 55 ёшли эркак. «Ҳар бир хонадонни алоҳида айланиб чиқиб текширмоқдамиз, чунки вайронагарчиликлар анчагина катта. Ҳозир энг муҳими — вайроналар остида одамлар қолмаганига ишонч ҳосил қилиш», — дея таъкидлади у.

Кейинроқ Харкив мэри Игор Терехов Telegram’да қутқарувчилар хусусий уйлардан бири вайроналари остида яна бир ҳалок бўлган инсон жасадини топганини маълум қилди. «Шу тариқа, якшанба кечаси давомида тўрт нафар тинч харкивлик ўлдирилди», — деб ёзди Терехов ва ҳозирги вақтга келиб жабрланувчилар сони 17 нафар эканини қўшимча қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид