Жаҳон | 14:48 / 29.11.2025
1266
2 дақиқада ўқилади

Октябрда Германия ҳарбий базалари узра рекорд даражада дронлар қайд этилди

Октябр ойида Германиядаги ҳарбий базалар устида номаълум учувчисиз учиш аппаратлари ғайриоддий даражада кўп пайқалган, деб хабар берди ГФР ҳарбий аксилразведка хизмати (MAD) раиси ўринбосари. Дронлар Германия ҳарбий-денгиз флоти базалари узра ҳам тобора кўпроқ кузатиляпти.

Фото: REUTERS

2025 йил октябр ойида Германия ҳарбий базалари устидан номаълум учувчисиз учиш аппаратлари пайдо бўлиши бўйича ҳодисалар сони мисли кўрилмаган даражада юқори бўлди. Бу ҳақда жума куни, 28 ноябрда, Reuters агентлигига Германия ҳарбий аксилразведка федерал идораси (MAD) вице-президенти Торстен Акман маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай дронлар энг кўп ҳолларда мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари объектлари яқинида қайд этилмоқда.

Акман дронларнинг Германия ҳарбий-денгиз базаларига кучайган "қизиқиши" сабабларини очиқлашни рад этди. У шунингдек, октябр ойида Бундесвер базалари устидан қанча номаълум дрон қайд этилгани ҳақида аниқ рақамларни ҳам келтирмади.

Сўнгги ойларда номаълум дронлар Европа мамлакатларининг бир нечтасида, жумладан Германияда, муҳим инфратузилма объектлари устидан неча бор қайд этилган. Жумладан, 1 октябр куни бундай дронлар Шлезвиг-Голштейн ҳудудида Thyssenkrupp концернининг ҳарбий-денгиз верфи ва Кил канали, шунингдек электр станция ва маҳаллий ҳукумат биноси устидан учиб ўтгани маълум қилинган.

Фақат 2025 йилнинг биринчи чорагида Германияда муҳим ҳарбий ва бошқа инфратузилма объектлари устидан 500 дан ортиқ дрон парвози қайд этилган. Шу каби хабарлар Дания, Норвегия, Белгия, Нидерландия ва Испаниядан ҳам келиб тушган. Ушбу давлатларда аксарият аэропортлар вақтинча ёпилган. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен бу ҳодисаларни "гибрид уруш" деб атаган. Дронларни учириш ортида Россия турибди, деган гумонлар мавжуд, бироқ РФ бунга алоқаси борлигини рад этмоқда.

YouGov социологик институти томонидан октябр ойида ўтказилган сўровнома маълумотларига кўра, Германия осмонидаги номаълум дронларни уриб тушириш тарафдорлари немислар орасида тахминан 79 фоизни ташкил этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид