Ўзбекистон | 16:45 / 10.06.2023
22120
3 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов экология вазири лавозимига маъқулланди

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига Азиз Абдуҳакимов номзодини кўриб чиқдилар.

Мажлисда А.Абдуҳакимов экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича ўз ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берди.

Депутатлар А.Абдуҳакимов номзодини Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига маъқуллади.

Президентнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди.

Азиз Абдуҳакимов 1974 йил 17 июнда Тошкентда туғилган. Тошкент Давлат иқтисодиёт институтини битирган. Маълумоти бўйича иқтисодчи. Магистр даражасини Япония университетида олган.

У меҳнат фаолиятини 1993—1996 йилларда «Ипак йўли» банкида турли лавозимларда бошлаган. 1996—2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки бош мутахассиси, «Ўзсаноатқурилишбанк» бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият юритган. 

2004—2008 йилларда Вазирлар Маҳкамаси молия, иқтисод, ташқи иқтисодий алоқалар департаменти бўлим мудири, 2008—2012 йилларда Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси раиси вазифаларида ишлаган. 2012—2014 йилларда Монополияга қарши кураш давлат қўмитаси раиси, 2014—2017 йилларда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири, 2017—2018 йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бўлган.

Азиз Абдуҳакимов 2018—2021 йилларда бош вазир ўринбосари — таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳа масалалари мажмуаси раҳбари, 2020—2021 йилларда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, 2021—2022 йилларда бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири, 2022 йилда  — бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири сифатида фаолият олиб борган.

Мавзуга оид