Жаҳон | 00:20 / 20.09.2023
20741
3 дақиқада ўқилади

Зеленский БМТ Бош Ассамблеясида дон ва ядро қуроли ҳақида гапирди

Шунингдек, барча сиёсий етакчиларни Украинадаги урушни ҳал қилиш режаси муҳокама этиладиган «Тинчлик саммити»га таклиф қилди.

Фото: AP

Агар Россия каби давлатлар атом станцияларини қуролга айлантираётган бўлса, ядровий қуролни тақиқлаш мантиққа тўғри келмайди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясидаги чиқиши чоғида айтиб ўтди. У Европа давлатларини дон эмбаргосини узайтиргани учун танқид қилди ва давлатларни «Тинчлик саммити»га қўшилишга чақирди.

Володимир Зеленский ядровий қуролсизланишга қаратилган саъй-ҳаракатларни танқид қилди. Унинг эслатишича, 90 йилларда Украина хавфсизлик кафолатлари эвазига ядровий каллаклардан воз кечган. Оқибатда бу мамлакат учун кенг кўламли уруш билан якунланди.

«Россия ядро қуролидан фойдаланмаяпти, аммо натижалар шунга ўхшаш... Оммавий қирғин қуролини қўллашдан бош тортиш — яхши стратегия, аммо бу «сўнгги уруш»дан ягона ҳимоя воситаси бўлмаслиги керак», деди Украина президенти.

«Ҳар ўн йилда Россия янги уруш бошлайди. Молдова ва Грузия ҳудудининг бир қисми оккупация остида. Россия Сурияни вайрон қилди. Россия Беларусни амалда ямлаб бўлди, Қозоғистон ва Болтиқбўйи давлатларига таҳдид қилмоқда», деди у.

Зеленский Россия болалар, энергия ресурслари ва озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланаётганини қайд этди. Ҳозирча БМТ давлатлари бунга қарши чиқиш йўлини топа олмади, деди у. Бу ҳақда гапирар экан, Зеленский дон импортига тақиқ жорий этган қўшни давлатларни танқид қилди.

«Биз қуруқликдан экспорт йўналишларини сақлаб қолиш учун қаттиқ ишлаяпмиз. Айрим европалик ҳамкорларимиз ғалладан фожиа яратишга уринаётгани жуда хавотирли. Улар ўз мустақил ролини ўйнаяпти, деб ўйлаши мумкин, лекин аслида фақат Москва учун саҳна тайёрламоқда», деди Зеленский.

Украина президентининг таъкидлашича, энди бутун дунё агрессорни мағлуб этишга эътибор қаратиши, шундан сўнг, бошқа муҳим бўлмаган муаммоларни ҳал қилишга ўтиши керак. Масалан, иқлим ўзгаришига қарши кураш. Зеленскийнинг қўшимча қилишича, нафақат ядро арсеналига эга супердавлатлар, балки барча давлатлар тинчлик ўрнатиши ва кафолатлаши керак.

«Ҳаётда биринчи марта ҳужумга учраган мамлакатлар шартларига кўра тажовузни тўхтатиш имконига эга бўляпмиз. Бирор мамлакатга тажовуз ушбу мамлакатни бўлиб юбориш, аҳолиси ҳарбий ёки сиёсий таъқибга учрагани учун эмас, балки мамлакат ва суверенитет тиклангани учун тўхташига ишонч ҳосил қилиш имконияти берилмоқда», деди у.

Зеленский барча сиёсий етакчиларни Украинадаги урушни ҳал қилиш режаси муҳокама қилинадиган «Тинчлик саммити»га таклиф қилди. У Россиянинг дунё етакчилари билан парда ортида келишувга эришишга уринишларидан хабардор эканини айтди. Москва билан келишиш мумкинлигига, Путиннинг ваъдаларига ишонганларга эса ундан «Пригожин ҳақида сўрашни» маслаҳат берди.

Мавзуга оид