Ўзбекистон | 11:29 / 01.05.2024
8941
2 дақиқада ўқилади

Яширин иқтисодиёт бўйича қарор лойиҳаси Тадбиркорлик кенгаши таклифлари асосида қайта кўриб чиқилади

Лойиҳа Тадбиркорлик кенгаши, жамоатчилик фаоллари ҳамда идора ва вазирликлар томонидан берилган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилади. Шу билан бирга, ҳужжат лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

Фото: Alamy

Савдо-саноат палатаси «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси юзасидан муносабат билдирди.

Мазкур қарор лойиҳаси жорий йилнинг 27 апрел куни Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилишида атрофлича муҳокама қилинган ва Кенгаш аъзолари томонидан лойиҳа бўйича консептуал таклифлар билдирилган.

Қарор лойиҳаси кенгаш йиғилишида билдирилган ҳамда идора ва вазирликларнинг томонидан берилган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, ҳужжат лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда regulation.gov.uz портали орқали жамоатчилик фикр-мулоҳозасини ўрганиш ва таклифларини олиш учун кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.

«Ушбу жамоатчилик муҳокамалари (тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ҳамда тавсиялари) асосида лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир этувчи тартиб-таомиллар ва талаблар бартараф этилгандан сўнг лойиҳа ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилади», дейилади Савдо-саноат палатаси расмий муносабатида.

Солиқ қўмитаси ҳам ҳар бир Солиқ тўловчининг фикр ва мулоҳазаларини ҳурмат қилишини қайд этиб, жамоатчилик муҳокамалари асосида лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Аввалроқ, яширин иқтисодиётга қарши курашиш дастури доирасида Солиқ қўмитаси яна картадан картага ўтказмаларни назорат қилишга уринаётгани танқидларга сабаб бўлганди. Шунингдек, лойиҳадан нақд пулда харид қилган фуқароларга кешбэк бермаслик, ҚҚСни қайтариш муддатини узайтириш ва солиқ органларига тадбиркорнинг ҳудудига кириш ваколатини бериш каби таклифлар ҳам ўрин олганди.

Мавзуга оид