Ўзбекистон | 17:42 / 12.07.2021
15114
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш тизими учун яна “Damas”лар сотиб олинмоқда. Вазир ўринбосари изоҳ берди

Тез ёрдам тизимида “Damas”лардан бутунлай воз кечилиши бир неча бор таъкидланганига қарамай, бир неча кун олдин Сурхондарё вилоят ССБ махсус ва тез тиббий ёрдам автохўжалиги 5 та “Damas” сотиб олиш бўйича шартнома тузди. ССВ ўринбосари Амрилло Иноятовга кўра, бу машиналарда бемор ташилмайди, улар мобил бригадалар учун мўлжалланган.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг махсус ва тез тиббий ёрдам автохўжалиги июль ойида камида бешта Damas-2 D13 русумли махсус автомашиналарни харид қилиш бўйича шартнома тузди (1; 2; 3; 4; 5).

Мазкур автотранспортлар учун вилоят бюджетидан 245 млн сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Бу ҳақда давлат харидлари порталида жойланган маълумотларга davletovuz Telegram-канали эътибор қаратди.

Гап шундаки, шу пайтга қадар тез тиббий ёрдамда “Дамас” автомобилларидан бутунлай воз кечиш режалаштирилаётгани бир неча марта айтилганди.

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ҳам “Дамас”ларда тез ёрдам учун шароитлар етарли эмаслигини айтиб, 2021 йилгача “Дамас”лардан тўлиқ воз кечилиши, талаб даражасида жиҳозланган замонавий тиббий ёрдам машиналарига ўтилишини таъкидлаганди.

Kun.uz мухбири масала юзасидан соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов билан боғланди.

“Айни пайтда коронавирус эпидемияси яна авж олган маҳалда бу автотранспортларга эҳтиёж бор. Лекин улардан беморларни ташиш учун фойдаланиш кўзда тутилмаган.

Сурхондарё вилоятидаги айрим туманларда аҳоли тарқоқ ҳолда жойлашган. Ана шундай ҳудудлар учун мобил бригадалар ташкил қилишни кўзда тутганмиз. Ҳар 100 минг аҳолига 1 та мобил бригада хизмат қилади. Бу ўз навбатида касалхоналардаги юкламани ҳам камайтиришга хизмат қилади.

Мобил бригадалар чақирув асосида бориб, беморнинг аҳволини ўрганиб, агар уйда даволаниш имкони бўлса, коронавирусга қарши дорилар билан таъминлайди. Бу “Дамас”лардан шундай мақсадда фойдаланилади. Чунки коронавирусга чалинган барча беморларнинг ҳам касалхонада даволанишининг имкони йўқ – касалхоналаримизда жой етишмаяпти. Коронавирусга чалинган, аҳволи барқарор бўлган беморлардан мобил бригадалар ўзлари хабар олишади”, – деди Иноятов.

Вазир ўринбосарига кўра, Жиззахда Volkswagen автомобилларини ишлаб чиқарувчи “Жиззах автомобиль заводи” билан тузилган шартномага кўра, жорий йилнинг 1 октябрига қадар тез тиббий ёрдам хизмати учун 1000 та Volkswagen автомобили етказиб берилади.

“Бунинг учун 35 млн долларлик шартнома имзолаганмиз. Кузда ушбу автомобиллар етказиб берилиши режалаштирилган. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, коронавирус беморларининг кўпайгани сабабли Тошкент шаҳрида ҳам мобил бригадалар хизматида автомобиллар етишмай қоляпти. Баъзида кўчадаги таксилар хизматидан ҳам фойдаланишга мажбур бўляпмиз. Чунки беморлар кўп, уларнинг ҳар биридан хабар олиш, дорилар тўпламини етказиб бериш керак”, – таъкидлади Амрилло Иноятов.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазирининг бошқа бир ўринбосари Абдулла Азизов Kun.uz билан суҳбатда ССВ тизимида республика бўйича 1500дан ортиқ “Damas” борлиги, уларнинг барчасидан бир вақтда воз кечиш катта маблағ талаб қилишини айтганди.

Азизовга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрида “Damas” автомобилларидан беморларни ташиш мақсадида фойдаланилмаяпти.

Мавзуга оид