Иқтисодиёт | 12:45 / 02.04.2022
36545
8 дақиқада ўқилади

Муаммога айланган имтиёзли кредитлар солиқ тўловчилар елкасига юклатилиши мумкин

2017−2021 йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари учун ажратилган, лекин ҳалигача қайтарилмаётган кредитлар маҳаллий бюджетларнинг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан қопланиши мумкин. Бу масала ҳукуматда кўриб чиқилмоқда. Биргина 2021 йилда 2,8 трлн сўм имтиёзли кредит муаммолига айланган. Аввалроқ Марказий банк раиси имтиёзли кредит бор жойда коррупция ҳам бўлишини айтганди.

Фото: Shutterstock/Kun.uz

Ўзбекистонда сўнгги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган муаммоли кредитлар солиқ тўловчилар ҳисобидан қопланиши мумкин.

Gazeta.uz'нинг хабар беришича, 9 март куни бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров раислигида ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишнинг 3-сонли баённомасига асосан, Марказий банкка 2017−2021 йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари учун ажратилган, лекин ҳалигача қайтарилмаётган муаммоли кредитларни ҳокимликлар маҳаллий бюджетларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобига қоплаш масаласида Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритиш юклатилган.

Қайд этилишича, муаммоли кредитларнинг юқори улуши Наманган, Андижон, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Мазкур вилоят ҳокимлари биринчи ўринбосарларининг (тегишли равишда Толиб Юсупов, Отабек Турсунов, Абдували Мустанов ва Жамшид Ўроқов) кредит маблағларини ундириш борасидаги ишлари қониқарсиз деб топилган. Улар бу масала юзасидан комиссиянинг навбатдаги йиғилишига ҳисобот тайёрлашлари керак бўлади. Баённомада муаммоли кредитларнинг аниқ миқдори кўрсатилмаган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 1 феврал ҳолатида банкларнинг кредит портфелидаги тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган кредитлар қолдиғи 11 трлн сўмдан ортиқни ташкил қилган. Ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг 1 феврал ҳолатида 8,76 трлн сўм бўлган: 1 йил давомида ўсиш суръати – 26,3 фоиз.

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг Ҳисоб палатасига таяниб ёзишича, 2021 йилда президент қарори (ПҚ-5041, ушбу қарор доирасида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга оид 6та дастурга 2021 йилда қарийб 9 трлн сўм маблағ берилиши кўзда тутилган) асосида ажратилган кредитлардан 2,8 трлн сўми муаммоли кредитга айланган.

Маълумот учун, тижорат банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар улуши охирги 1 йилда 2 баробарга ошган. 2021 йилнинг 1 феврал ҳолатида 2,7 фоиз (7,48 трлн сўм) бўлган муаммоли кредитлар улуши 2022 йилнинг 1 март ҳолатида 5,3 фоизга (17,21 трлн сўм) етган.

“Имтиёзли кредитлар коррупцияга мойилликни оширади”

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ўз чиқишларида имтиёзли кредитлаш коррупцияга мойилликни юзага келтиришини бир неча бор таъкидлаб ўтган.

“Имтиёзли кредит бор жойда муайян даражада коррупция элементлари ҳам бўлади. [...] Қаерда имтиёзли кредит бўлса, албатта, [маблағни] бошқа мақсадда ишлатишга мойиллик ҳам бўлади”, деганди МБ раҳбари 2020 йилдаги матбуот анжуманларидан бирида.

Нурмуродов, шунингдек, 2021 йилдаги чиқишларидан бирида “бозор тамойилларидан қанча кўп чеклансак, коррупцияга мойиллик ортиб бораверади”, дея таъкидлаганди.

“Каррасига қиммат қорамол, товуқ, қуён, лимон...”

Ҳукуматнинг юқоридаги баённомаси ҳақида 22 март куни молиячи Отабек Бакиров ҳам ёзган эди. У мазкур ҳужжатда “кейинчалик ундирилган кредитларга нисбатан регресс ҳуқуқини қўллаш ҳақида гап-сўз йўқ”лигини таъкидлаган.

“Янги даврнинг ўтган йилларида оилавий тадбиркорлик шиори остида ажратилган имтиёзли кредитлардан маҳаллий ҳокимлар, уларнинг воситачи ва ўртамчи шотирлари манфаатдор бўлиб келишган. Қарздорларга каррасига қиммат қорамол, товуқ, қуён, лимон кўчатлари ва иссиқхоналарнинг шиширилган қиймати асосан шу ўртамчилар чўнтакларида жамланган.

Энди қарангки, мазасини ҳокимтўралар ва уларнинг шотирлари кўрган кредитлар яна солиқ тўловчилар ҳисобидан сўндирилиши мумкин”, дейди Отабек Бакиров.

“Сиз кредит олинг, тўлай олмасангиз, солиқлар эвазига қопланади!”

Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов мавзуга муносабат билдириб, имтиёзли кредитлар бевосита ҳам, билвосита ҳам солиқ тўловчилар зиммасига тушишини таъкидлади.

“Муаммоли кредитларни қоплаш солиқ тўловчилар бўйнига тушади, ҳар доим. Бевосита ёки билвосита. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Бошқача натижа бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чапга-ўнгга имтиёзли кредитлар фақат ва фақат салбий натижаларга олиб келиши ҳақида жуда кўп гапирилган”, – дея ёзди у Telegram каналида.

“Тўғри, барча имтиёзли кредитлар фақат ва фақат яхши ва инсонпарвар ниятлар билан берилиши мумкин. Лекин яхши ниятлар ҳеч қачон баҳона бўла олмаслиги ва ҳар қандай ҳаракатнинг кутилмаган оқибатлари муҳимлиги ҳақида биламиз. Юқоридаги янгиликдан келажакда имтиёзли кредитни янада кўпроқ олиш учун ёмон рағбатларга сигнал пайдо бўлади: сиз кредит олинг, тўлай олмасангиз хавотир олманг – солиқчилар эвазига қопланади! Битта тадбиркор бозор ставкасида, иккинчи “тадбиркор” эса имтиёзли ставкада кредит олади”, – дейди иқтисодчи.

Ботир Қобиловнинг тушунтиришича, бу шартли Тошмат деган одамга қандайдир иш бошлаши учун (ўзи хоҳламаса ёки ишни қандай қилишни билмаса ё ишни умуман бошламаса ҳам!) бозордаги нархдан икки баробар арзонроқ фоизда пул берилади. Маблағ қайтариб берилмаслиги натижасида қандайдир шартли мактабни иситиш, дарслик олиш ёки шартли нафақадаги Эшматнинг пенсияси ошмайди.

“Сўмдаги имтиёзли кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси ҳозир 11,2 фоиз экан, бозор ставкаси эса камида 22 фоиз, камида. Яъни икки баробар арзонроқ. 2–3 йил аввал имтиёзли кредитлар ставкаси бозорникидан 3 баробар камроқ эди. Фақат 2021 йилнинг ўзида 245 миллион доллар (чорак миллиард доллар) миқдоридаги кредитлар муаммоли бўлибди. Халқ банки кредит портфелининг 20 фоизи НПЛ.

Хуллас, иқтисодиётимизга энг катта зарар келтирадиган бузғунчи сўзлардан бири бу имтиёз деб айтгандим. Камбағалликни қисқартириш муҳим масалага кўтарилган, лекин уни қисқартириш учун биринчи навбатда уни баттар оширадиган воситалар кўпайишини тўхтатишимиз керак. Шулардан бири имтиёзли кредитлардир», – дея хулоса қилди иқтисодчи.

Ажратилган имтиёзли кредитлар ўз самарасини бердими?

Имтиёзли кредитлаш қандай мақсадларда эълон қилингани ва сиёсий самимият мавжудлигидан қатъи назар, кўп ҳолларда ўртакаш даллоллар ҳамда чайқовчилар манфаатларига хизмат қилиб келган. Kun.uz оилавий тадбиркорликни кредитлаш тизимидан барча томон: банклар ҳам, кам таъминланганлар ҳам, таъминотчи корхоналар ҳам норози бўлаётгани ҳақида бир қанча таҳлилий мақолалар эълон қилганди.

Маълумот ўрнида, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлар:

  • боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;
  • чорвачилик (қорамол, қўй, эчки) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга берилади.

Бунда, ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига мувофиқ туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги хулосаси бўлиши лозимлиги кўзда тутилган

Мавзуга оид