Ўзбекистон | 23:10 / 12.10.2023
13340
6 дақиқада ўқилади

Аралаш сайлов тизими: бу – Ўзбекистонда партиялар ўртасидаги рақобатни пайдо қила оладими?

Ўзбекистон сайлов тизими ўзгариши мумкин. Унга кўра, Қонунчилик палатаси депутатлиги учун сайловларни аралаш (мажоритар ва пропорционал) тизим асосида ўтказиш таклиф этилмоқда.

Kun.uz мухбири 10 октябр куни Олий Мажлис қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғинида муҳокама қилинган ушбу масала юзасидан таҳлилий суҳбат ташкил қилди. Суҳбат меҳмонлари сиёсий таҳлилчилар – Фарҳод Толипов, Камолиддин Раббимов ва Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Дониёр ака, юқорида айтганим Қонунчилик палатасининг 10 октябр кунги йиғилишида сиз ҳам қатнашдингиз. Келинг, биринчи навбатда ўша йиғилишда кўрилган масала – сайлов ва референдум ўтказишда кутилаётган асосий ўзгаришлар нимадан иборат бўлаётгани ҳақида жуда қисқача қилиб маълумот берсангиз? Шарҳ, изоҳ шарт эмас, фақат ўзгаришлар ҳақида.

Дониёр Ғаниев:

— Шу кунларда Ўзбекистонда сайлов тизими ислоҳотига бағишланган катта лойиҳа муҳокамаси бошланди. Ўтган кунги ялпи йиғилишда биринчи ўқилиш муҳокама қилинди ва депутатлар томонидан тасдиқланиб, 10 октябрдан 24 октябргача кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Бу лойиҳа конституциявий қонун лойиҳаси бўлиб, бир нечта қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти. Жумладан, “Сайлов тўғрисида”ги, “Референдум тўғрисида”ги, “Олий Мажлис қонунчилик палатаси тўғрисида”ги, “Сенат тўғрисида”ги ва бошқа қонунларга. Буларнинг ичида Марказий сайлов комиссиясининг ишлаш механизми, сайлов комиссиялари тузилиши ва уларнинг ваколатларига ўзгартиришлар киритиляпти. Энг асосий ўзгариш Қонунчилик палатасига бўладиган сайлов тизимини ўзгартириш борасида бўлади. Жумладан, амалда Қонунчилик палатасига 150 та депутат ҳар бир округдан мажоритар йўл билан сайланади. Энди 75 округ бўляпти. Ва барча 75 та округ битта бўлиб партияларга овоз бериш амалиёти ҳам жорий қилиняпти. Бунда сайловчи шахсга эмас, партияга овоз беради.

Амалдаги тартибда мутлақ энг кўп овоз олган депутат сайланар эди. Жуда кўп муаммолар бўларди бунда. Қайта сайлов бўлмаслиги, оворагарчиликдан қочиб, сайлов қоидаларини бузиб кўпроқ овоз олган номзодга овоз қўшиш ҳолатлари бўларди. Энди мутлақ кўпчилик эмас, нисбатан кўпчилик овоз берса, етарли бўлади сайланишга. Сайлов жараёнларини осонлаштиради бу.

— Фарҳод ака, маълум бўлдики, киритилаётган асосий ўзгаришлардан бири – бу Қонунчилик палатасига сайловларнинг аралаш тизимга, яъни ҳам мажоритар ва ҳам пропорционал тизимга ўтказилиши бўлмоқда. Бу тизимнинг плюс ва минуслари ҳақида гаплашишдан аввал ўқувчига қисқа ва содда қилиб шу тизимлар ўзи нима экани ҳақида маълумот берсангиз?

Фарҳод Толипов:

— Бугунги кунда сайловларнинг пропорционал ёки мажоритар тизимда бўлиши борасида турли академик доираларда ҳам кенг муҳокамалар кетмоқда. Депутатларнинг мутлақ ва нисбатан устунлик эвазига сайланиши бўйича ҳам муҳокамалар бор. Сайлов тизимлари демократик давлатларда ривожланиб келяпти, лекин ҳалигача бунинг устида муҳокамалар, дебатлар тингани йўқ. Биласизми, инсонларда сиёсий тафаккур ва сиёсий фаоллик ўзгариб бораверади, шунинг ортидан тизимларни такомиллаштириш эҳтиёжи ҳам пайдо бўлаверади. Бизда ҳам шундай вақт келгандир.

Мажоритар тизим шундайки, унда сайловчилар томонидан энг кўп овоз олган номзодлар парламентга сайланади. Бизда амалдаги сайлов тизими мажоритар тизим ҳисобланади. Ҳар бир давлатда сайлов тизимлари ва сайлов структураси фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, тарихий омилларга кўра танланади. Энг ривожланган демократик давлатларда ҳам сайлов тизимлари бир хил эмас.

Пропорционал сайловда эса партиялар ва уларнинг ғоялари мусобақага киришади ва сайловчилар ҳам партияларга овоз беради. Сайловчилар партияларнинг дастурлари, тарғиботига кўра овоз танлашади. Партия томонидан танланган номзодлар берилган овозларга қараб парламентга юборилади.

— Мажоритар ва пропорционал тизимлар: фарқлари, афзаллик ва камчиликлари қандай, дунё давлатлари бу тизимларнинг қайси бирига кўпроқ мурожаат қилади?

Камолиддин Раббимов:

— Мен ўз чиқишларимда доим айтаманки, Ўзбекистонда сайловларнинг пропорционал тизимига ўтиш керак. Шунда партиялар ҳам ғоявий, ҳам мафкуравий жиҳатдан кучаяди.

Дейлик, мен сайловга борганимда 5 та партия рўйхати бўлади сайлаш учун. Ва мен битта партияни танлаб овоз бераман. Партиялар ўз репутациясини яхшироқ кўрсатиш орқали овоз олади, шунинг учун партиялар ўз дастурлари ва имижи устида кучли ишлайди. Партия тепасидаги одамларни ҳам халқ танийдиганлардан танлашга ҳаракат қилишади, бу эса партияларни кучайтиради.

Аралаш тизим кўплаб давлатларда мавжуд. Мажоритар тизимда бир шахс сайланар экан, бу ҳам авторитар кўринишда бўлади. Жамият бу жараёнларга беэътиборлигига сабаб сайловга, парламентга ва партияларга ишонч биз кутгандай юқори эмас.

·       Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Муаллиф:  Илёс Сафаров

Мавзуга оид