Жаҳон | 13:45
2612
8 дақиқада ўқилади

БМТ раҳбарлигига 4 номзод, Японияда 8 балли зилзила хавфи ва Мексикада Жаҳон чемпионати олдидан отишма – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон ва АҚШ музокаралари

Эрон АҚШ билан Покистонда бўлиб ўтадиган тинчлик музокараларида иштирок этиш масаласини кўриб чиқишга қарор қилди. Бу қарор Исломободнинг АҚШ блокадасини тўхтатиш борасидаги ҳаракатларидан сўнг қабул қилинди. Бироқ Эрон мулозими Reuters’га ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини таъкидлаган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ томонидан «сулҳ режимининг давомий равишда бузилиши» дипломатик жараённи давом эттиришдаги йирик тўсиқ эканини айтди.

Покистон хавфсизлик манбасининг хабар беришича, фелдмаршал Асим Мунир Трампга блокада музокаралар учун тўсиқ эканини айтган ва Трамп буни тўхтатишни кўриб чиқишга ваъда берган.

Шу билан бирга, Эрон президенти Масъуд Пизишкиён АҚШ расмийларининг сигналларини танқид қилди:

«Америка расмийларининг конструктив бўлмаган ва қарама-қарши сигналлари аччиқ хабарни ташийди: улар Эроннинг таслим бўлишини хоҳламоқда. Эронликлар куч ишлатишга бўйин эгмайди», деб ёзди Пизишкиён.

Минглаб одамлар ўлимига сабаб бўлган ва жаҳон энергия бозорларини ларзага келтирган можародаги икки ҳафталик сулҳ муддати пайшанба тонгида ўз ниҳоясига етади. АҚШ Эрон юк кемасини қўлга олиши ва Теҳроннинг жавоб қайтаришга ваъда бериши сулҳнинг давом этишини хавф остида қолдирмоқда.

Ноаниқликни оширган яна бир ҳолат — вице-президент Ж.Д. Вэнс душанба куни ҳали ҳам АҚШда экани маълум бўлди. Алоҳида манба Вэнснинг музокаралар учун аллақачон Покистонга йўл олгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Трамп ўзи эса унинг маъмурияти томонидан тузиладиган ядровий келишув 2015 йилда Барак Обама даврида имзоланган халқаро битимдан яхшироқ бўлишига ишонишини айтди. «Мен ҳеч қандай босим остида эмасман, шундай бўлса-да, ҳаммаси нисбатан тез содир бўлади!» деб ёзди АҚШ етакчиси.

 

 

Японияда кучли зилзила хавфи

Япония расмийлари кеча унинг шарқий қирғоқларида 7,7 магнитудали зилзила ортидан эвакуация буйруғини бериб, 3 метрли цунами тўлқинлари ҳақида огоҳлантириш эълон қилди.

Душанба кунги 10 км чуқурликда қайд этилган сувости зилзиласи эпицентрга яқин бўлган Хонсю ва Хоккайдо ороллари аҳолиси учун жиддий хавф туғдирди. Ер силкинишлари ҳатто 530 км узоқликдаги Токиогача сезилди.

Зилзиладан сўнг 170 мингдан ортиқ аҳолига қирғоқ ҳудудларини тарк этиб, баландроқ жойларга кўчиш буюрилди. Душанба куни кузатилган энг баланд цунами тўлқинлари 80 сантиметрни ташкил этди. Зилзиладан бир неча соат ўтгач, цунами ҳақидаги барча огоҳлантиришлар бекор қилинди. Жиддий талафотлар ёки жароҳатланганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Япония Метеорология агентлиги келгуси ҳафтада «бундан ҳам кучлироқ силкинишлар» ва каттароқ тўлқинлар келтириб чиқарувчи зилзиладан огоҳлантирди. Расмийларнинг таъкидлашича, 8 ёки ундан юқори магнитудали зилзила юз бериш хавфи — «одатдагидан кўра юқорироқ».

Япония халқи ҳамон 2011 йилдаги даҳшатли зилзила хотиралари билан яшайди. Ўшанда юз берган цунами 18 мингдан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлган ва «Фукусима» АЭСда ҳалокат келтириб чиқарган эди. Ўшандан бери ҳукумат ҳар қандай силкинишда аҳолини зудлик билан баландликларга чиқишга ўргатиб келмоқда.

Ғазода Исроил ҳужумидан 5 киши ҳалок бўлди

Душанба куни Ғазо секторида Исроил томонидан амалга оширилган алоҳида зарбалар натижасида камида беш фаластинлик ҳалок бўлди. Шунингдек, Ҳамас жангчилари ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган қуролли тўдалар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган.

Тиббиёт ходимларининг маълум қилишича, анклавнинг марказий қисмидаги Ал-Бурайж лагерида бир киши, Ғазо шаҳрида эса яна бир киши Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Кейинроқ Хон Юнус ғарбида амалга оширилган зарба натижасида камида уч киши ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари ушбу воқеалар юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.

Ўтган йили октябрда бошланган сулҳ режимига кўра, Исроил қўшинлари Ғазонинг ярмидан кўпини ташкил этувчи, аҳоли деярли қолмаган ҳудудни назорат қилмоқда. Ҳамас эса тор қирғоқ бўйи ҳудудини бошқаришда давом этмоқда.

Маҳаллий шифокорлар маълумотларига кўра, сулҳ кучга кирганидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида 750 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Исроил эса унинг 4 нафар аскари ўлдирилганини айтмоқда. Ҳар икки томон ҳам сулҳ шартларини бузишда бир-бирини айблаб келади.

БМТ раҳбарлигига номзодлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг навбатдаги бош котиби бўлиш учун тўрт нафар номзод шу ҳафтада ўзига хос «кўрикдан» ўтади. Хусусан 2027 йилда бўладиган янги котибликка қуйидагилар номзод:

  • Мишел Бачелет (74 ёш): Чилининг икки карра президенти ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ олий комиссари. Унинг номзоди Бразилия ва Мексика томонидан кўрсатилган.
  • Рафаэл Гросси (65 ёш): аргентиналик дипломат, 2019 йилдан Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори.
  • Ребека Гринспан (70 ёш): Коста-Риканинг собиқ вице-президенти, 2021 йилдан бери БМТ Савдо ва тараққиёт конференцияси раҳбари.
  • Маки Салл (64 ёш): Бурунди томонидан номзоди кўрсатилган Сенегалнинг собиқ президенти. Бироқ Африка Иттифоқи ҳозирча уни расман маъқулламаган.

Номзодлар сешанба ва чоршанба кунлари БМТга аъзо 193 давлат элчилари олдида уч соатлик савол-жавоб сессиясида ўз дастурини тақдим этади.

БМТ низомида бош котибни сайлаш ҳақида деярли ҳеч нарса айтилмаган, фақатгина Бош ассамблея буни Хавфсизлик кенгашининг тавсияси асосида амалга ошириши кераклиги белгиланган. Бу эса БМТ энг нуфузли органининг бешта доимий аъзосига — АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия ва Францияга қарор қабул қилиш ва вето қўйиш ҳуқуқини беради.

2016 йилда муросасиз кечган ва Антониу Гутерриш ютган «пойга»да 13 нафар номзод иштирок этганди. Лекин бу сафар вазият бошқача: БМТ глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги асосий ролини бажара олмаяпти. Бир вақтлар қудратли бўлган Хавфсизлик кенгаши — Украина, Ғазо ва Эрондаги урушларни тўхтатишда тўсқинликларга учради.

Мексикада отишма: канадалик сайёҳ ҳалок бўлди

Мексикадаги тарихий обидада номаълум эркак ўт очиши натижасида 32 ёшли канадалик аёл ҳалок бўлди ва бир неча киши жароҳатланди. Ҳужумчи отишмадан сўнг ўз жонига қасд қилган.

Полиция воқеа жойидан ўқотар қурол, совуқ қурол ва патронларни топган. Сайёҳларнинг сўзларига кўра, обидага киришда уларнинг сумкалари ҳеч қандай текширувдан ўтказилмаган ва эвакуация жараёни мутлақо мувофиқлаштирилмаган.

Штат расмийларига кўра, жароҳатланганлар орасида Колумбиянинг икки нафар, Россия ва Канаданинг бир нафардан фуқароси ҳам бор. Ҳужумчининг шахси ва унинг мотиви ҳозирча ошкор қилинмади.

Отишма Мексиканинг энг муҳим сайёҳлик масканларидан бири — қадимий Теотиҳуакан эҳромлар мажмуасида содир бўлган. ЮНEСКО рўйхатига киритилган ушбу масканда 2 ойдан кейин Жаҳон чемпионатига келган сайёҳлар учун тунги шоулар ўтказилиши режалаштирилганди.

Аввалроқ Мексика ҳукумати йирик наркокартел раҳбарини ўлдириб, ундан кейинги зўравонликлар фонида хавфсизлик бўйича хавотирларни бартараф этишга уринган.

Мексика—АҚШ—Канадада бўладиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини 11 июн куни Мехико шаҳрида бўлиб ўтади. Турнирга 5,5 миллион халқаро сайёҳ келиши кутилмоқда. Мексика ҳукумати мусобақа давомида мухлисларни ҳимоя қилиш учун қарийб 100 минг нафар хавфсизлик ходимини сафарбар қилишни режалаштирган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид