Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
1 ноябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилади
Президент қарорига асосан 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб қарорда кўрсатилган 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан:
- парранда, паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари;
- узум кўчати ва ток сўриси;
- асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми;
- қуён, қуён катаги ва озуқа еми;
- балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа емини харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади.
Бунда, мазкур субсидия бир нафар томорқа ер участкаси эгаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда ҳоким ёрдамчиларининг тавсиясига асосан ажратилади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар ахборот тизимида рўйхатга олинади
Президент қарорига асосан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинади. Бунда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ эндиликда назорат қилувчи органлар «хавфни таҳлил этиш» тизими натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиши шарт.
Қолаверса, тадбиркорлик субъектининг илгари текширилган фаолият давридаги предмети ва объекти бўйича қайта текширув ўтказишга ва тадбиркорлик субъекти томонидан аввал тақдим этилган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмаслиги белгиланди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини қуйидаги ҳолларда, яъни:
- текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда;
- текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда;
- тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида;
- улар Текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга.
Сирдарё вилоятида никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратиш бўйича аризаларни давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади
Ҳукумат қарорига асосан никоҳ тузиш ва никоҳдан ажратишни қайд этиш учун аризаларни Сирдарё вилоятининг туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.
Тиббиёт муассасаларидаги вакант лавозимларга талабалар, магистр ва клиник ординаторларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилади
Ҳукумат қарорига кўра, туман (шаҳар)лар кесимида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор ва тор доирадаги шифокорлар, тез тиббий ёрдам муассасаларида шифокорлар, шунингдек Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг туман (шаҳар) бўлимларида шифокорларга бўлган эҳтиёж аниқланади ҳамда биринчи босқичда 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Сурхондарё вилоятида, иккинчи босқичда эса 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб республиканинг қолган ҳудудларида мавжуд вакант лавозимларга талабалар, магистр ва клиник ординаторларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.
Экспортчиларга солиқ базасини камайтириш имтиёзи умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланади
Президент фармонига асосан бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда, муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмайди.
Шунингдек, экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланади.
Интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганларга ҳуқуқий таъсир чоралари махсус портал орқали амалга оширилади
Президент қарорига кўра, интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилаётган, сотилаётган ва тарқатилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва тарқатувчиларга ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш идоралараро ахборот алмашинуви Адлия вазирлигининг «IP-Protection» ахборот портали орқали амалга оширилади.
Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари бошқарув фаолиятини, улар электрон реестрга киритилгандан сўнг амалга оширади
Президент қарорига асосан кўп квартирали уйларни бошқариш органлари бошқарув фаолиятини, улар электрон реестрга киритилгандан сўнг амалга оширади.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб қурилиш-монтаж ишлари (реконструкцияси) тугалланган кўп квартирали уйлардан фойдаланиш учун рухсатнома берилганидан сўнг лойиҳа ҳужжатлари, кадастр паспорти ва мазкур рухсатномага умумий мол-мулкни ёки туташ ер участкасини камайтириш ва туташ ер участкасида қўшимча кўп квартирали уй ёки умумий мол-мулк бўлмаган объект қуриш учун ўзгартириш киритиш тақиқланади.
Мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторларига электрон давлат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади
Президент қарорига асосан мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторларига ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, ўзларининг мобил иловалари орқали Ягона порталдаги электрон давлат хизматларини кўрсатишга, идентификацияловчи ID-картага жойлаштирилган электрон рақамли имзо калитлари орқали Ягона порталнинг мобил иловасида жорий этилган электрон давлат хизматларидан фойдаланишга рухсат берилади.
Бунда электрон давлат хизматларидан фойдаланувчилар «Электрон ҳукумат» тизимининг ягона идентификациялаш ахборот тизими орқали идентификация қилинади.
Мавзуга оид
15:57 / 27.12.2025
Ишга тушадиган “эскроу”, тиббиёт ходимларига имтиёз ва бошланадиган “эко-стикер”лар даври – 1 январдан нималар ўзгаради?
19:24 / 28.11.2025
Даври тугаган АИ-80, тадбиркорлар учун кафолат ва “ЗАГС”дан ўтишда қулайлик – 1 декабрдан нималар ўзгаради?
11:17 / 25.10.2025
Ишсизлик нафақаси беришда янги тартиб, аҳолини рўйхатга олишнинг бошланиши ва “Касб ваучери” – 1 ноябрдан нималар ўзгаради?
20:22 / 29.09.2025