Ўзбекистон | 15:27 / 12.08.2020
10337
2 дақиқада ўқилади

7 мингдан ортиқ абитуриент ижодий имтиҳон ўрнига тест топширади

Бу йил кириш имтиҳонларида айрим йўналишларда абитуриентлар бекор қилинган ижодий имтиҳон ўрнига битта фандан тест ечади.

Бугун, 12 август куни Халқаро пресс-клубнинг ОТМларга кириш имтиҳонларига бағишланган сессияси бўлиб ўтди. Сессияда қатнашган Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқуловнинг сўзларига кўра, ҳам тест, ҳам ижодий имтиҳон олиниши кутилган таълим йўналишларига жами 7200га яқин абитуриент ҳужжат топширган.

Ушбу таълим йўналишларида пандемия сабабли ижодий имтиҳонлар олиб ташланган бўлиб, бунинг ўрнига абитуриентлардан аввал белгиланганидек битта эмас, иккита фандан тест олинади.

Маълум қилинишича, ўтган йили мазкур йўналишларда ижодий имтиҳон ва 2та фандан тест олинган бўлса, бу йил ўтган йилги блокдаги 2-фандан тест синовини ижодий имтиҳон ўрнига топшириши керак бўлади.

«Масалан, журналистика таълим йўналиши абитуриентлари ўтган йили ўзбек тили ва адабиёти ҳамда инглиз тилидан тест топширган бўлсалар, бу йил ҳам шу икки фандан тест топширишади, ижодий имтиҳон олинмайди», – дея маълум қилди вазир ўринбосари.

Маълумот учун, Kun.uz мазкур тартиб ҳақида 22 июнда хабар берган, 7 августдаги матбуот анжуманида ҳам шундай янгилик кутилаётгани таъкидланган эди. Аммо ҳозирга қадар имтиҳонлардаги мазкур ўзгариш ҳужжатларда расман тасдиқланганича йўқ.

Тест синовлари билан бирга ижодий имтиҳон ҳам ўтказилиши режалаштирилган таълим йўналишлари 13та бўлиб, улар асосан журналистика, архитектура, чақириққача ҳарбий таълим, диншунослик, исломшунослик, ахборот хизмати ва жамотчилик билан алоқалар кабиларни ўз ичига олади.

Мавзуга оид