Ўзбекистон | 16:41 / 03.04.2018
21125
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятида кичик саноат зоналари ташкил этилади

Фото: KUN.UZ

Президентнинг 29.03.2018 йилдаги ПҚ–3635-сон ва ПҚ–3636-сон қарорлари билан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кичик саноат зоналари (КСЗ) ташкил этилиши назарда тутилган. 
 
Norma’нинг ёзишича, давлат мулки бўлган ва давлат улуши мавжуд хўжалик юритувчи жамиятларнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлари негизида КСЗ ташкил этилади. Қашқадарё вилоятида жами 30 гектарга яқин ҳудудда 7 та КСЗ, Сурхондарё вилоятида 55 гектардан каттароқ ҳудудда эса 9 та КСЗ жойлаштирилади.
 
КСЗдаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига 10 йиллик узоқ муддатга ижарага берилади. Бу даврда ижарага олинган майдонда амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда ортиб борадиган коэффициентни қўлламасдан ижара тўловининг энг кам ставкаси белгиланади. Қуйидаги шартлар бажарилганда ушбу объектларга мулк ҳуқуқи кейинчалик бизнесга ўтади:

•  бизнес-режалар бажарилганда;
•  иш ўринлари яратилган ва сақланганда;
•  барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида тўланганда.
 
КСЗ иштирокчиларига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисидаги қарорлар вилоят Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши (25.10.2017 йилдаги ПҚ–3356-сон қарорга мувофиқ ташкил этилган) томонидан қабул қилинади.
 
Янги КСЗ иштирокчиларига 1.02.2020 йилга қадар улар эгаллаб турган майдондан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг белгиланган энг кам миқдоридан – уч баравардан кам бўлмаган ЯСТ тўлови бўйича талаблар татбиқ этилмайди.
 
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун тижорат банклари орқали иккита: Қашқадарё КСЗдаги лойиҳалар учун $25 млн ва Сурхондарёда – $50 млн миқдоридаги кредит линиясини очади. Ушбу маблағлар импорт ускуналари ва уларга бутловчи қисмларни харид қилиш учун ажратилади. Кредитлар сўндириш жадвалига мувофиқ МБнинг кредитни узиш кунидаги курси бўйича сўмда амалга оширилиши мумкин.
 
Ҳужжатлар 30.03.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид