Ўзбекистон | 10:50 / 04.07.2019
25118
5 дақиқада ўқилади

Вазирлик комиссияси Фарғонадаги сайёр қабул бўйича текширувни якунлади, бир неча мутасаддига чора кўрилиши белгиланди

Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг Фарғонадаги сайёр қабули масаласи интернетда шов-шув бўлиб кетди.

2 июль куни вазирлик матбуот хизмати бу ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди. Фарғонадаги сайёр қабул жараёнида келиб тушган 53та мурожаатнинг ҳар бири юзасидан вазир ўринбосари Баҳодир Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ билан ички текширув ўтказди.

Вазирлик мутасаддилари аниқланган ҳолатлар ҳақида Фарғона вилоятидаги туман бандликка кўмаклашиш маркази директорлари иштирокида ўтказилган мажлисда ҳолатлар айтилди ва айбдорлар жазоланди.

«Ўтказилган сайёр қабулда 53 нафар фуқаро мурожаатлари қабул қилинган бўлса, ўрганишларимиз натижасида уларнинг 35 нафари иш билан таъминланди. 22 нафари доимий ишга, 8 нафари жамоат ишига жойлаштирилди. 1 нафари иш жойи билан таъминлаш шарти билан касб-ҳунар бўйича ҳамширалик ўқишига жўнатилди», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда суст фаолияти ва ижро интизомига риоя этмагани сабабли бир неча мутасаддига чоралар кўрилиши белгиланди.

Вазир сайёр қабулида вазир томонидан берилган топшириқларни етарли даражада бажармагани туфайли Ўзбекистон тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Ш.Мирзаакбаров, Тошлоқ тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори С.Боқилхонов, Олтиариқ тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Қ.Қобилов, Фарғона шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази директори Ф.Шаробиддинов ҳамда Фарғона тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Т. Сатторовга нисбатан ҳайфсан қўлланди.

Бешариқ тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Ш.Азизовага нисбатан эса иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланган. Йиғилишда Бешариқ туманидаги ишсизлик даражаси жуда юқорилиги алоҳида таъкидланиб, шундай ҳолат бўлгани ҳолда вазир сайёр қабулига ҳеч ким олиб борилмагани танқид остига олинди.

Данғара тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Н.Йўлдошев ҳам вазир сайёр қабулига ҳеч кимни олиб келмагани учун танқидга учраган.

Шунингдек, Марғилон шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази директори, Ёзёвон туман бандликка кўмаклашиш маркази директори, Фарғона вилоят бандликка кўмаклашиш бошқармаси кадрлар бўлими раҳбари Н.Ибрагимов лавозимидан озод этилган. Вилоят бошқармаси раҳбарининг биринчи муовини Шуҳрат Маҳмудов, ишга жойлаштириш бўлими раҳбари А.Саидов, ўқишга юбориш шўъбаси мудири М.Расуловга нисбатан иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланган.

Kun.uz мухбири йиғилиш давомида вазир сайёр қабули бўйича ЎзА сайтида ёритилган масала ҳақида қизиқди. Вазирлик мутасаддилари текширув натижаларини маълум қилишди.

«Зарифа Холмуҳаммедова ва Зиёда Шамсиддинова масаласи ҳам кўзбўямачилик бўлгани туфайли Марғилон тумани вакили Толиб Асомиддинов ишдан олинган. Бу қизлар 25-сонли буйруқ билан 6-мактабгача таълим муассасасига ишга олингани ҳолати бўйича текширув ўтказилгани айтилди. Текширувга кўра, мудира аёл буйруқ чиқарилгани, икки ойдан бери бўш иш ўрни йўқлигини айтиб ўтган.

Яна бир аёл Зироатхон Мўминова 28 июнь куни вазир томонидан қабул қилинган. Мурожаатига кўра унинг турмуш ўртоғини туман Ободонлаштириш бошқармасига жамоат ишига жойлаштириш сўралган. Мурожаатчининг турмуш ўртоғи Олимжон Мўминов АБКМ томонидан берилган йўлланма асосида Ободонлаштириш бошқармасига «ишчи» сифатида №65/1 сонли буйруқ асосида ишга жойлаштирилган. Шунингдек, ушбу аёл вазирликнинг ишга қабул қилиш комиссиясидан Обидов фамилияли шахс телефон қилгани, мурожаати натижасини сўраганини (у бу рақамни телефонига вазирлик деб сақлаб қўйган экан) айтиб берди. Зироатхон Обидовга ўзи учун эмас, турмуш ўртоғи учун иш сўраб борганини, бандлик бошқармасига ташаккурнома билдирмоқчи эканлигини айтади. 2 июль куни яна Обидов айнан ўша рақамдан чиқиб, бу сафар телевидение мухбири эканлигини айтган. Аёлнинг олдига интервью олишга бормоқчилигини билдирган. Мўминова ўз тушунтириш хатида ижтимоий тармоқларда унинг номидан кетган гаплар асоссиз ва ёлғон эканлигини айтади.

Гулбаҳор Мирзаматова АБКМ томонидан берилган йўлланма асосида №135 сонли буйруқ билан Олтиариқ туман ТТБга «санитарка» сифатида ишга жойлашганини эътироф этган. ЎзА мухбиридан ҳеч ким телефон қилмагани, бу сайтда чиққан мақолада унинг номидан айтилган сўзларни гапирмаганини айтди», дейилади комиссия хулосасида.

Ушбу қўлланилиши айтилаётган жазо чоралари комиссия тавсияси бўлиб, сўнгги хулоса вазирлик томонидан яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.

Чоралар кўрилди. Вазирлик мутасаддилари хатога йўл қўйган масъулларга интизомий чоралар кўрди. Мурожаатчилар масалалари қайтадан кўриб чиқилди ва баъзилари ҳал этилди. Шу билан биргаликда, қабулда «кўзбўямачилик»лар бўлгани ҳам инкор этилмади. Танқидий мақола сабаб бу аён бўлди.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид