11:05 / 23.05.2023
8386

Ўзбекистон Хитойга табиий газ етказиб беришни тиклади

Апрель ойида Хитой бозорига кўк ёнилғи етказиб беришдан тушум 40 миллион доллардан ошган.

Фото: AP

Апрель ойида Ўзбекистон Хитойга 40,47 миллион долларлик табиий газ етказиб берган. Бу ҳақда Spot Хитой Халқ Республикаси божхона бош бошқармаси маълумотига таяниб хабар қилмоқда.

Йил бошидан буён Хитой статистикаси Ўзбекистон кўк ёнилғи импортини биринчи бор қайд этди. Январь-март ойларида етказиб бериш амалга оширилмаган.

Қозоғистон ҳам апрель ойида Хитойга газ бериш ҳажмини оширди. Ойлик даромад биринчи чоракдаги 29,9 миллион долларга нисбатан 119,5 миллион долларни ташкил этди. Февраль ойида етказиб бериш минимал даражага тушди - 778 минг доллар.

Туркманистон Хитой бозорига газ экспорти бўйича етакчига айланди, мамлакат йил бошидан буён бунинг учун 3,42 миллиард доллар олган бўлса, иккинчи ўринда сезиларли фарқ билан Россия боряпти – 1,76 миллиард доллар.

2022 йилда Ўзбекистон Хитойга газ етказиб беришдан 1,07 миллиард доллар олди, бу Қозоғистондан бироз камроқ. Ўтган йилга нисбатан даромад тахминан учдан бир қисмга ошди.

Статистика идораси маълумотларига кўра, 11 ой ичида Ўзбекистон Хитойга 910,9 миллион долларлик газ етказиб берган. Шу билан бирга, Хитой божхона маълумотлари билан ўзаро тафовут 120 миллион долларни ташкил этган. Бу Хитой Туркманистон газининг транзити учун тўловни амалга оширгани билан изоҳланган.

Декабрь ойида «Ўзтрансгаз» раҳбари кўк ёнилғи экспорти тўлиқ тўхтатилганини маълум қилган эди. Газ қиш мавсумида ички истеъмолчиларга йўналтирилди. 

Top