Жамоат транспортида кунлик тушум «плани» бекор қилинади
Соҳада молиялаштириш, автобус йўналишларини ташкил этиш, автопаркни янгилаш ва инфратузилмани такомиллаштириш бўйича янги тизим жорий қилинади.
Жамоат транспорти ҳайдовчиларига қўйиладиган кунлик тушум «плани» белгилаш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев жамоат транспорти соҳасини такомиллаштириш юзасидан йиғилишда маълум қилди.
Давлат раҳбари бу соҳада муаммолар тўпланиб қолгани, уларни ҳал этиш учун транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизимини ўзгартириш зарурлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, қанча кўп автобус олиб келинмасин, жойлардаги транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизими ўзгармаса, аҳоли эҳтиёжига яраша хизмат кўрсатиб бўлмайди. Барча ҳудудларда аҳоли учун янги уй-жой, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа муассасалар барпо этилаяпти, лекин транспорт соҳаси бу ўзгаришлардан орқада қолиб, бугунги ривожланиш талабларига мос келмаяпти.
Айрим вилоят марказларида жамоат транспортини ривожлантириш режаси ишлаб чиқилмагани, жойларда айрим автобус йўналишлари ишламаётгани, бекатлар етишмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Транспорт корхоналари кунлик «тушум плани»ни бажаришга боғланиб қолиб, куннинг «энг даромадли» пайтида (эрталаб соат 8-10 да, кечқурун соат 17-19 да) ҳаракатланишга одатлангани танқид қилинди. Қолган вақтда йўловчилар узоқ кутиш ёки таксида юришга мажбур.
Шу муносабат билан президент соҳада молиялаштириш, автобус йўналишларини ташкил этиш, автопаркни янгилаш ва инфратузилмани такомиллаштириш бўйича янги тизим жорий қилиш чора-тадбирларини белгилаб берди.
Эндиликда маблағ автобуснинг юрган масофаси ва одамлар бу хизматдан розилигига қараб берилади.
Хизмат сифатига – автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берадиган тизим бўлади.
Бунда, ташувчи тадбиркор ҳар 1 километр учун 10 фоиз рентабеллик билан кафолатли тўловни олади.
Бу тизим Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Урганч шаҳарларида жорий йилда, бошқа вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида келгуси йилда йўлга қўйилиши белгиланди.
Шу пайтгача бўлган кунлик тушум «плани»ни белгилаш амалиёти бекор қилинади.
Бундан ташқари, аҳолига қулай йўл ҳақи тарифларини (йиллик, чораклик, ойлик, кунлик, соатлик) жорий қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Мавзуга оид
21:02 / 26.11.2024
Тошкент шаҳридаги айрим автобуслар ҳаракати йўналиши вақтинча ўзгартирилади
22:10 / 25.11.2024
1 январдан Тошкент жамоат транспортида нақд шаклдаги тўловлар учун йўлкира нархи ошиши кутилмоқда
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
19:32 / 30.10.2024