Ўзбекистон | 17:53 / 01.01.2026
8391
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада қўлбола салют отганлар жавобгарликка тортилди

Янги йил кечаси Ўзбекистон туманида бир гуруҳ эркаклар қўлбола усулда ясалган пиротехника воситаларини қўллади. Фарғона вилояти ИИБга кўра, улар жавобгарликка тортилган. Шунингдек, Қўқонда тартибсизлик рўй бермагани, одамлар йўлнинг қатнов қисмида мушакбозлик уюштирмоқчи бўлгани маълум қилинди.

Ўзбекистон туманидаги ҳолат / Интернетда тарқалган видеодан кадр

31 декабр куни интернетда 10-15 киши қўлбола усулда ясалган пиротехника воситаларини отиб байрам нишонлагани акс этган видео тарқалди.

Фарғона вилояти ИИБ хабарига кўра, Ўзбекистон туман ИИБ томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу ҳаракатларни содир қилган шахслар аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 185¹-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ўзбекистон туманидаги ҳолат / Фото: Фарғона вилояти ИИБ

Фарғона вилоят ИИБ, шунингдек, Қўқондан тарқалган видеоларга муносабат билдириб, шаҳарда оммавий тартибсизлик бўлмаганини маълум қилди.

Таъкидланишича, 31 декабр куни соат 23:55да Қўқон шаҳар А.Чархий кўчасида одамлар Янги йилни нишонлаш мақсадида йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, мушакбозлик уюштирмоқчи бўлган.

Қўқон шаҳридаги ҳолат / Интернетда тарқалган видеодан кадр

“Ўз вақтида кўрилган чора тадбирлар натижасида жамоат тартиби, харакат хавфсизлиги таъминланган ва ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Бироқ тарқалган хабарлардаги каби автомашина ёқиб юборилганлиги ҳолати содир бўлмаган ва бу ҳақиқатга тўғри келмайди”, – дейилади расмий ахборотда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид