Курдлар бугун мустақил давлат бўлиш учун овоз беради

Фото: Reuters
Ироқнинг курдлар мухтор минтақасида бугун мустақиллик бўйича референдум бўлиб ўтади. Бу жаҳон ҳамжамияти ва Бағдоддаги марказий ҳукуматнинг санани бошқа муддатга кўчириш, энг яхшиси – плебисцитни бекор қилиш борасидаги чақириқларига қарамай юз беради. Ироқ Курдистони раҳбари Маъсуд Барзоний якшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида референдум белгиланган муддатда ўтказилиши ҳақида яна бир бор маълум қилган.
Ироқ Курдистонидаги сайловлар ва референдум бўйича мустақил сайлов комиссиясидан маълум қилишларича, овоз бериш учун участкалар соат 08:00да очилади ва ўз ишини 18:00да якунлайди. Референдумда қўйилган савол шундан иборат: "Курдистон минтақаси ва унинг ташқарисидаги курдлар ҳудудлари мустақил давлат бўлишини хоҳлайсизми?". Бюллетень тўрт тилда: курд, араб, туркман ва айсор тилида тақдим этилган. Жавоб бериш учун “ҳа” ёки “йўқ” сўзларини ёзиш лозим. Овоз беришда қатнашиш учун 5,2 млн киши рўйхатдан ўтган.
Плебисцит Ироқ Курдистони таркибига кирувчи вилоятлар – Арбил, Сулаймония, Дохук, шунингдек, мақоми баҳсли саналувчи туманларда бўлиб ўтади. Бу туманларнинг ичида Ироқнинг шимолий нефть пойтахти Киркук ҳам бор. Овоз бериш вақтида хавфсизликни курдларнинг "пешмерга" ҳарбийлашган тузилмалари ва маҳаллий полиция кучлари таъминлаб туради.
Референдум бўйича Олий кенгаш аъзолари аксарият кишилар Бағдоддан мустақил бўлиш учун овоз беришса, кейинги режа ҳақида маълум қилишди. Ҳужжат минтақада истиқомат қилувчи барча этноконфессионал гуруҳларнинг миллий, сиёсий, диний, маданий ва маъмурий ҳуқуқларини кафолатлайди. Расмий тиллар сифатида курд, араб, айсор, арман ва этник туркманлар тили қабул қилинади.
Курдистон давлатида диний ва миллий гуруҳлар ҳуқуқлари лойиҳаси, улар давлат муассасаларида “тўлиқ ваколатларга” эга бўлиши, “мустақил давлат ҳукуматида ҳақиқий шериклар”га айланишини, федератив тизим доирасида эса, хусусан, араблар, ёзидлар ва туркманлар ўз минтақаларини мустақил тарзда бошқаришини назарда тутади. Ҳужжат курдлар парламентининг яқин орадаги сессиясида кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Барзонийнинг якшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида эътибор қаратишича, референдум ҳақидаги қарорга анча аввал келинган ва бу Бағдод билан музокаралар муваффақиятсизликка юз тутгани ҳамда марказий ҳукуматга бўлган ишонч йўқолиши билан боғлиқ. Барзонийнинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият томонидан ўтказилаётган босимга қарамай, референдум белгиланган муддатда бўлиб ўтади.
Референдумдан сўнг Арбил Бағдод билан барча масалалар бўйича мулоқотга тайёр. Шу билан бирга, курдларнинг ҳарбийлашган тузилмалари ва Ироқ армиясининг терроризм билан курашдаги ҳарбий ҳамкорлиги аввалгидек қолади, дея ишонтирган Барзоний. Шунингдек, унинг қайд этишича, Бағдод билан қандайдир қуролли тўқнашувни кутаётгани йўқ.
Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий ҳам телевизион мурожаат билан чиқиб, Ироқ марказий ҳукумати мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш учун керакли чораларни кўришга тайёр эканини маълум қилди.
"Биз Ироқ ва унинг барча фуқаролари бирдамлиги, минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка тегишли бўлган барча бир томонлама қарорларни рад этамиз. Буларнинг бари конституция ва биргаликда тинч ҳаёт кечириш принципларига зид, - деган вазирлар маҳкамаси раҳбари. – Сизларга шуни айтмоқчиманки, биз бу референдумни ҳам, унинг натижаларини ҳам қабул қилмаймиз, мамлакат бирдамлиги ҳамда фуқаролар манфаатини сақлаб қолиш учун керакли чораларни кўрамиз".
Ўз навбатида, Теҳрон ҳам бундай референдумнинг ўтказилишига қарши чиқиб, Ироқда ҳудудий яхлитликни сақлаб қолиш кераклиги ҳақида маълум қилган.
Курдларнинг мустақиллик бўйича режалардан воз кечмаганига жавоб реакцияси сифатида расмий Бағдоднинг мурожаатига кўра, Сулаймония ва Арбил аэропортлари билан авиақатнов ёпилди, шунингдек, Ислом Республикаси ҳаво кенгликларидан учиб ўтишга тақиқ қўйилди. Қарор Эрон Ислом Республикаси миллий хавфсизлик бўйича Олий кенгаши томонидан қабул қилинди.
Эрон миллий хавфсизлик бўйича Олий кенгаши котиби Али Шамхонийнинг маълум қилишича, Теҳрон “Бағдод билан имзоланган битимларни тан олади”, референдум ва Курдистоннинг Ироқдан ажралиб чиқиши "Эрон билан хавфсизлик бўйича барча келишувларни автоматик тарзда бекор қилади ҳамда улар билан қуруқликдаги чегаранинг ёпилишига олиб келади".
Туркия ҳам бу борада ўзининг кескин баёнотлари билан ажралиб турди. Хусусан, мамлакат расмий шахслари турли сиёсий майдончаларда Ироқ Курдистонида референдум ўтказилишга қатъий қарши чиқишди. Туркия раҳбари Тоййиб Эрдўғаннинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида маълум қилишича, “мухтор вилоят маъмурияти томонидан Туркия позициясига эътибор бермаслик шунга олиб келадики, курдлар минтақавий ҳукумати ҳаттоки ҳозирги имкониятларидан ҳам маҳрум бўлади”.
Маълумот учун: курдлар жаҳонда ўз давлатига эга бўлмаган энг йирик халқдир (25-35 млн киши). XX аср бошида Усмонлилар империяси парчаланиб кетгач, курдлар Туркия, Сурия ва Ироқда яшай бошлашди. Улар 1950-йилларнинг охиридан бошлаб Курдистоннинг Ироқдан ажралиб чиқиш учун қуролли кураш олиб боришмоқда.
Саддан Ҳусайн ҳокимиятдан четлатилгач, 2005 йилги Ироқ конституциясида Ироқ Курдистонининг кенг мухторияти аниқлаштирилди ва 2007 йилнинг 31 декабридан кечиктирмай суверенитет бўйича референдум ўтказилишини белгилаб қўйди. Бироқ у Ироқдаги ихтилофлар кескинлашгани ва курдлар етакчиларининг марказий ҳукумат билан нефть даромадларини тақсимлаш масаласи бўйича баҳслари сабаб ўтказилмади.
Ироқда айни дамда тахминан 7 млн курд истиқомат қилади.
Тавсия этамиз
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Қамоққа олинмаган гумонланувчиларнинг Ўзбекистондан чет элга чиқиши вақтинча чекланиши мумкин
Ўзбекистон | 19:08 / 12.03.2025
Австралиялик эркак сунъий юрак билан 100 кун яшаб, рекорд ўрнатди
Жаҳон | 14:35 / 12.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
‘“Рақобат бюрократия билан чекланмаслиги керак” — тагликлар импортига янги талаблар киритилди
Ўзбекистон | 18:29
-
Ўзлаштириш кўрсаткичига қараб талабаларга грантларни қайта тақсимлаш тартиби тасдиқланди
Ўзбекистон | 18:14
-
Шавкат Мирзиёев Вячеслав Володинни қабул қилди
Ўзбекистон | 18:12
-
Трамп Пентагонга Панама каналини эгаллаш бўйича ҳарбий режа тайёрлашни буюрди
Жаҳон | 18:03
Мавзуга оид

11:01 / 10.03.2025
Туркия Курдистон ишчилар партияси тарафдорларини қуролларини ташлашга чақирди

17:24 / 03.02.2025
Швеция Қуръонни ёқиб юборган Момика ўлимида гумон қилинганларни озод этди

17:34 / 31.01.2025
Туркия остида ер қобиғидаги улкан ёриқ топилди

16:28 / 08.01.2025