Жаҳон | 15:44 / 27.01.2026
2797
8 дақиқада ўқилади

Ғазодан қайтарилган охирги жасад, Ҳиндистон–Европа савдо келишуви ва Яқин Шарққа келган «Abraham Lincoln» авиаташувчиси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ авиаташувчиси Яқин Шарқ минтақасига кирди

АҚШ расмийларининг Reutersʼга айтишича, «Abraham Lincoln» авиаташувчи кемаси ва бир нечта эсминецлар Марказий қўмондонлик (CENTCOM) жавобгарлиги ҳудудига кирувчи Яқин Шарқ минтақасига келган.

Доналд Трамп пайшанба куни АҚШнинг Эрон томонга йўл олаётган «армада»си борлигини айтган, бироқ ундан фойдаланишга тўғри келмаслигига умид билдирганди.

Ҳарбий кемалар ой бошида Осиё–Тинч океани минтақасидан йўлга чиққан. Бу Эрон бўйлаб норозилик намойишларидан кейин Теҳрон ва Вашингтон ўртасида кескинлик кучайган бир пайтга тўғри келди.

АҚШ ҳарбийлари илгари ҳам кескинлик кучайган пайтларда Яқин Шарққа қўшимча кучлар юборган, бундай қадамлар кўпинча мудофаа характерида бўлган. Шу билан бирга АҚШ ҳарбийлари ўтган йили Эрон ядровий дастурига қарши зарбалар олдидан ҳам минтақада кенг кўламли куч жамлаганди.

Авиаташувчи кема ва ҳарбий кемалардан ташқари, Пентагон Яқин Шарққа қирувчи самолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ҳам жойлаштирмоқда. Дам олиш кунлари АҚШ ҳарбийлари минтақада машғулотлар ўтказилишини эълон қилди.

Эроннинг юқори мартабали расмийси ўтган ҳафта Теҳрон ҳар қандай ҳужумни «кенг кўламли уруш» сифатида баҳолашини айтди. Бирлашган Араб Амирликлари душанба куни ўз ҳаво ҳудуди, ҳудуди ёки ҳудудий сувлари Эронга қарши ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар учун ишлатилмаслигини маълум қилди.

Ғазодаги охирги жасад қайтарилди

26 январ куни Исроил Ғазода ушлаб турилган сўнгги гаровга олинган шахснинг жасадини қайтариб олди. Ҳарбийлар баёнотига кўра, Ғазода 840 кундан ортиқ ушлаб турилган полиция ходими Ран Гвилининг қолдиқлари аниқланган ва дафн этиш учун Исроилга қайтарилмоқда.

Гвилининг жасади 2023 йил 7 октябр куни Ҳамас жанубий Исроилга ҳужум қилган пайтда ўлдирилганидан бери Ғазода сақланиб келган. Ўша ҳужумдан кейин Исроил Ғазода икки йил давомида геноцид кўринишида уруш олиб бориб, 70 мингдан ортиқ одамни ўлдирди.

Ҳамас вакили Ҳазим Қосим баёнотида Гвилининг қолдиқлари топилгани Ҳамаснинг режага содиқлигини тасдиқлашини айтди. Шунингдек, у Гвилининг жасадини топишда гуруҳ берган маълумотлар муҳим рол ўйнаганини маълум қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Axios нашрига айтишича, жасадни қидириш ва шахсини аниқлаш жараёни «жуда оғир» бўлган, чунки қидирув гуруҳлари ҳудудда «юзлаб жасадни кўздан кечиришга мажбур бўлган».

Шунингдек, Трамп жасадни топиш жараёнида Ҳамасни ҳам эътироф этиб, улар ўз зиммасига олган мажбуриятни тўлиқ бажарганини айтди. «Энди биз Ҳамасни улар ваъда қилганидек қуролсизлантиришимиз керак», - дея таъкидлаган Трамп.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо бўйича навбатдаги қадам Кушнер ваъда қилган қайта қуриш эмас, балки «Ҳамасни қуролсизлантириш ва Ғазо секторини демилитаризация қилиш» бўлишини айтган.

Бундан ташқари, Исроил ОАВлари Рафаҳ ўтиш пункти фақат пиёдалар учун очилишини, Исроил ҳудудга кириб чиқаётганларнинг барчаси устидан тўлиқ назоратни сақлаб қолишини айтган. Бу эса Ғазога катта ёрдам юклари киролмаслигини англатади.

Ҳиндистон ва Европа улкан савдо келишувига эришди

Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи етакчилари қарийб йигирма йил давом этган музокаралардан сўнг эришилган улкан савдо келишувини сешанба куни расман эълон қилади.

Душанба куни Ҳиндистоннинг байрамона парадида Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши президенти Антониу Кошта фахрий меҳмон сифатида кутиб олинган.

Европа Иттифоқи дунёдаги энг кўп аҳолига эга давлат — Ҳиндистонни келажак учун муҳим бозор сифатида кўрмоқда. Ню Деҳли эса ЕИни инфратузилмани тез кенгайтириш ва миллионлаб янги иш ўринлари яратиш учун зарур бўлган технология ва инвестициялар манбаи деб билади.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда икки томонлама товар савдоси 139 миллиард долларга етган бўлиб, бу сўнгги ўн йил ичида қарийб 90 фоизлик ўсишни англатади. Ҳиндистон савдо вазири таклиф этилаётган битимни «барча келишувларнинг онаси» деб атаган.

Келишув доирасида Ҳиндистон Европа маҳсулотлари, жумладан, автомобиллар ва вино учун бозорга киришни енгиллаштириши, эвазига эса тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа маҳсулотлар экспортини осонлаштириши кутилмоқда.

Трамп Жанубий Кореяга божларни оширди

26 январ куни Доналд Трамп АҚШга Жанубий Кореядан импорт қилинадиган автомобиллар ва бошқа товарларга божларни ошираётганини айтди. У ўтган йили келишиб олинган битимни қабул қилишни чўзиб келаётгани учун йирик савдо ҳамкори бўлган давлат парламентини айблади.

Сеул расмийлари айтишича, кутилмаганда қабул қилинган ушбу қарор Жанубий Корея учун навбатдаги зарба бўлди.

Трамп ва Жанубий Корея президенти Ли Чже Мён ўтган йил июл ойида принципиал келишувга эришган эди. Унга кўра, Сеул АҚШда 350 миллиард долларлик инвестицияларни бошлаши, эвазига эса АҚШ Жанубий Корея экспортига қўйилган божларни камайтириши керак эди.

Трампнинг айтишича, Жанубий Корея парламенти битимни қабул қилмаган. «Мен шу билан Жанубий Корея маҳсулотларига — автомобиллар, ёғоч маҳсулотлари, фармацевтика ва барча бошқа ўзаро божлар бўйича тарифларни 15 фоиздан 25 фоизга оширяпман», деб ёзди Трамп.

Ушбу ошириш қачон кучга кириши ҳозирча аниқ эмас. Жанубий Корея президенти идорасининг маълум қилишича, ҳозир Канадада бўлиб турган саноат вазири тез орада АҚШга бориб, савдо вазири Ховард Лутник билан учрашади.

Трамп 2025 йилда иккинчи муддатини бошлаганидан бери деярли барча мамлакатларга божлар жорий этиб, глобал савдони издан чиқарди. Айрим ҳолларда у божларни ошириш билан таҳдид қилган, аммо кейин уларни кечиктирган ёки амалга оширмаган.

Саудия БАА билан алоқалар муҳимлигини таъкидлади

Саудия Арабистони душанба куни Бирлашган Араб Амирликлари билан муносабатлар минтақавий барқарорлик учун «ҳаётий аҳамиятга эга» эканини билдирди. Бу баёнот икки давлат ўртасида Яман масаласи юзасидан келиб чиққан келишмовчиликдан сўнг янгради.

«БАА Ямандан тўлиқ чиқиб кетишга қарор қилди. Менимча, бу БАА билан мустаҳкам муносабатларни сақлаб қолиш учун зарур», деди Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон.

БАА Саудия вазирининг баёнотларига ҳозирча изоҳ бермади.

Ўтган ой Ямандаги асосий сепаратистик гуруҳ — Жанубий Ўтиш Кенгаши (СТC) Саудия Арабистони билан чегарадош вилоятларини эгаллаб олган эди.

Ар-Риёд Абу-Дабини сепаратистларни Саудия жанубий чегаралари бўйлаб ҳарбий амалиётлар ўтказишга ундаганликда айблади. БАА эса бу айбловни рад этди.

Саудия бошчилигидаги коалиция қўллайдиган Яман ҳукумати кучлари жорий ой бошида ушбу икки вилоятни қайта назоратига олди. Келишмовчилик ортидан БАА Ямандан барча кучларини олиб чиқиб, мамлакатдаги миссиясига якун ясади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид