Жаҳон | 21:49 / 04.12.2023
28475
6 дақиқада ўқилади

Дунёда яна бир уруш бошланиши мумкин — бу сафар Жанубий Америкада

Венесуэла қўшни Гайананинг бир қисмига даъво қилмоқда. Мадуро ўтказган референдумда овоз берганларнинг 95 фоиз қисми ушбу ҳудудни қўшиб олиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Pedro Rances Mattey / AFP / Scanpix / LETA

Якшанба куни Венесуэлада бўлиб ўтган референдумда овоз берганларнинг 95 фоиздан ортиқ қисми - 10,5 миллион киши расман қўшни Гайанага тегишли бўлган нефтга бой Гайана-Эссекибо ҳудуди устидан суверенитет ўрнатилишини маъқулаган.

Расмий маълумотларга кўра, венесуэлаликларнинг аксар қисми мамлакатга янги Эссекибо штатини қўшиб олиш тарафдори эканини билдирган. Президент Мадуро овоз беришдаги бундай натижани сўзсиз ғалаба деб атаган.

Гайана бундай референдум ўтказилишини қоралаб, буни Венесуэла ҳукуматининг ўзга ҳудудни аннексия қилиш режасини оқлашга қаратилган тажовузкор уриниш деб баҳолаган.

Гайана-Эссекибо асрлар давомида ҳудудий низолар сабаби бўлиб келади. Каракас мамлакат 1800-йиллар бошида Испаниядан мустақилликка эришганида ушбу регион Венесуэлага ўтганини айтади. Гайана ҳукумати эса бунга жавобан Гайана-Эссекибо ҳудуди Британия Гвианаси таркибида бўлганини билдиради, мазкур мустамлака кейинчалик мустақил Гайанага айланган.

Аммо Венесуэла ҳеч қачон бунга қўшилмаган, ушбу мамлакат хариталарида Гайана-Эссекибо ҳамиша баҳсли ҳудуд сифатида штрихланган.

2015 йилда дунёдаги энг йирик нефт компанияларидан бири, Американинг ExxonMobil компанияси Гайана-Эссекибода йирик нефт конини топгач, ушбу можаро янгидан авж олди.

Ҳудудий масаладаги умумхалқ референдуми Венесуэла президенти Николас Мадуро ташаббуси билан ўтказилди.

Расмий Каракас овоз бериш натижаларига асосланиб нима қилиши ҳозирча номаълум, аммо баҳсли ҳудудни куч билан эгаллашга қаратилган ҳар қандай уриниш халқаро ҳамжамиятнинг кучли қаршилигига учрайди, дейишмоқда кузатувчилар.

Венесуэлага таъсир қилиш усулларидан бири АҚШнинг ушбу мамлакатнинг нефт компанияларига нисбатан санкцияларининг тикланиши бўлиши мумкин. Бундай санкциялар кўп йиллар мобайнида амал қилиб келган ва фақат шу йил октябрида юмшатила бошланганди.

Гайана-Эссекибо тарихи

Гайана-Эссекибо региони 159,5 минг кв. км ҳудудни эгаллайди ва Гайананинг бутун ҳудудининг учдан икки қисмини ташкил этади.

1899 йилда Париждаги халқаро арбитраж суди ушбу ҳудудни Британияга берган, инглизлар эса бу ерда — Британия Гвианасини ташкил этишган.

1966 йилда Британия бошқарувни маҳаллий расмийларга топширади ва собиқ мустамлаканинг бутун  ҳудудини ўз ичига олган мустақил Гайана шаклланади.

Британия ҳудуддан кетаётганида Венесуэла билан баҳсли ҳудудлардаги вазият назорати учун таркибига Венесуэла ва Гайана вакиллари кирувчи махсус комиссия тузилиши бўйича келишиб олади.

Аммо ҳозирга қадар бундай комиссия тузилмаган.

Венесуэла XIX аср охиридан буён Париж арбитражи қарорини нохолис ва ноқонуний деб эътироз билдиради ва фақат унинг тўлиқ бекор қилиниши билан қаноатланишини айтади.

2018 йилда Гайана БМТ Халқаро судига даъво киритиб, унда 1899 йилги қарор ҳақиқийлиги ва Гайана-Эссекибо — мамлакатнинг қонуний қисми эканини яна бир бор ва бутунлайга тасдиқлашни талаб этади. Аммо ҳалигача суд ҳукми йўқ.

Венесуэла бу масалада Халқаро суд юрисдикциясини тан олмайди, аммо сўнгги беш йилдан ортиқ вақт давомида суднинг барча йиғилишларига ўз вакилларини мунтазам равишда юбориб келган.

Янги кескинлашув ва референдум

Мадуро «Венесуэла халқи баланд ва аниқ қилиб ўз фикрини билдиргани»нини таъкидлаб, бу ғалаба ўзига тегишли эканини айтган.

Каракас ва Гайана ўртасидаги можаро шу йил сентябрида, Гайана йирик халқаро нефт компанияларига Эссекибо сувларида геологик разведка ишлари олиб боришга лицензиялар учун рақобатлашиш имконини берувчи аукцион ўтказганидан кейин яна авж олди.

Якшанба кунги референдумда венесуэлаликларга бир неча масалалар бўйича овоз бериш таклиф қилинган:

  • Венесуэланинг Гайана-Эссекибога даъволарини қонуний деб тан олиш;
  • янги Гайана-Эссекибо штати тузилиши ва унинг аҳолисига фуқаролик бериш;
  • ушбу баҳсли ҳудуд Венесуэла хариталарига киритилиши;
  • венесуэлаликлар ўз ҳукуматининг Халқаро суд юрисдикциясини тан олмаслигини қўллаб-қувватлайдими;
  • улар мамлакат ҳукуматига мамкин бўлган барча қонуний воситалар билан Гайананинг Гайана-Эссекибо ҳудуди сувларидан якка фойдаланишига қарши чиқиш ваколатини берадими.

Венесуэла президенти ҳузуридаги сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бу саволларнинг барчасида 95 фоиздан ортиқ тасдиқ жавоби белгиланган.

Гайана Каракаснинг ҳаракатларини қоралади, БМТ Халқаро суди ўтган ҳафтанинг жума куни Мадуро ҳукуматини Гайана-Эссекибо мақомини бузадиган ва ҳудудий низодаги вазиятнинг ўзгаришига олиб келадиган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга чақирганди.

Мадуро режимининг мамлакат ичкарисидаги ва хориждаги мухолифлари фикрича, референдум ўтказишдан мақсад — 2024 йилги сайловлар арафасида мамлакатда миллатчилик кайфиятини кучайтиришга қаратилган.

Ҳарбий таҳлилчи Росио Сан Мигелнинг фикрича, референдумдаги маъқуллов Мадурога исталган вақтда чегарада армия иштирокида тўқнашув бошлаш имкониятини тақдим этади. Агар Мадуро ўзининг ютқазаётганини ҳис қилса,
у «уруш тугмаси»ни босиши ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, сайловларни тўхтатиши мумкин, дея қўшимча қилган Сан Мигел.

Ҳар томонда эҳтимолий ҳарбий эскалациядан хавотир кучаймоқда. Референдумдан олдинги ҳафтада Гайана ташқи ишлар вазири Робер Персо икки мамлакатлар ўртасидаги кескинлик даражасини «мисли кўрилмаган» деб таърифлаганди. Ўшанда Гайана президенти Ирфон Али Эссекибодаги қўшинлар олдига келиб, Венесуэла билан чегарадаги тоғда байроқ кўтарганди. У халқига мурожаат қилиб, жуда кучли халқаро қўлловга эга эканликларини таъкидлаб, мамлакат армияси қатъиятли эканидан огоҳлантирган. Ўз навбатида, венесуэлалик ҳарбийлар эса «Эссекибодаги воқеалар ривожида логистик таъминот нуқтаси» бўладиган ҳаво йўлаги қурилишини эълон қилди, Бразилия эса бу гаплар фонида шимолий чегараларидаги қўшинлари сонини оширди.

Мавзуга оид