"ЖСТ бу – адолатли савдо тизими" — Жамшид Қўчқоров
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ким учундир йўқотишларга олиб келиши мумкин, лекин бу ташкилот – адолатли савдо тартиб-тамойиллари демакдир. Ҳар бир тадбиркор очиқ рақобат шароитида ишлашга ўрганиши керак, деди парламентда чиқиш қилган бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров.
Қонунчилик палатасининг 26 ноябр кунги мажлисида 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Мажлисда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров маъруза қилиб, ўз сўзида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишнинг аҳамиятига ҳам тўхталди.
“Жаҳон савдо ташкилоти – умуман олганда, бир адолатли савдо тизими. ЖСТга аъзо бўлганлар ва аъзо бўлмаганлар орасида тенгсизлик бор. Масалан, биз бирорта ривожланган мамлакат билан савдо-сотиқ қиладиган бўлсак, улар биздан доимо ўзи учун мўътадил, қулай шарт-шароитларни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Бу ерда имтиёзларни назарда тутмаяпман.
Шу билан бирга, ЖСТга аъзо бўлган айрим мамлакатлар бор – [қайсилигини] бу ерда ҳозир айтиб ўтирмоқчи эмасман – ҳеч қайси мамлакат учун қўймаган импорт божларини Ўзбекистон учун қўйган. Уни биз фақат икки томонлама музокараларда кўришимиз мумкин, “э, бу нотўғри бўляпти, бошқа” деб. Буни ё қилиши, ё қилмаслиги мумкин. Лекин агар биз ҳам ЖСТга аъзо бўлганимизда эди, бу уларга шахсан бизнинг экспортимизни чеклашга қаратилган чора-тадбир кўришга имконият бермайди.
Фикримни лўнда қилиб айтадиган бўлсам, ЖСТга кириш – Ўзбекистонга бошқа, аввало ривожланган ва тез ривожланаётган мамлакатлар билан адолатли ва тенг паритет шарт-шароитларда савдо қилиш ҳуқуқини беради.
Энди, кимдир йўқотиши мумкин, кимдир бошқа бўлиши мумкин, лекин менинг фикримча, ЖСТ – бу адолатли савдо тартиб-таомиллари. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ҳар бир тадбиркори бўладими, корхонаси бўладими, мана шу очиқ рақобат шароитида, адолатли шароитда тадбиркорлик юритишга ўрганиши керак”, – деди Қўчқоров.
Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсадини эълон қилган.
“Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади”, – дея ушбу мақсадни изоҳлаган президент Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
16:24 / 02.12.2024
Ўзбекистон ЖСТ аъзолиги бўйича Филиппин билан музокараларни якунлади
16:57 / 29.11.2024
Ўзбекистон Хитой билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади
18:33 / 26.11.2024
“Жудаям мураккаб савол” — Қўчқоров тиббиёт ходимларининг маоши ҳақида
22:12 / 22.11.2024