Ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш, ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида кўтарилган учинчи йўналиш бўлди.
Аввало, Ўзбекистоннинг етти ойлик экспорти 13 фоизга ўсиб, 10 миллиард доллардан ошди, аввал экспорт қилмаган 1 минг 610 та корхона ташқи бозорларга чиққани таъкидланди.
Давлат раҳбари Жаҳон савдо ташкилотига 2026 йилда аъзо бўлиш бўйича катта қадамлар қўйилганини айтди.
«Ушбу ташкилотга кириш – чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар “корхоналар синади, импорт босиб кетади” деган хавотир билан юрибди.
Бир нарсани тушуниш зарур, импорт божлари ишлайди. Шунинг учун, ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказяпмиз.
Эртанги кунимиз – бу тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди», – деди давлат раҳбари.
Президент Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик халқаро транзит юк ташишда ортиқча тўлов ёки чекловлардан халос қилишини қайд этди.
«Албатта, бу – рақобатдош бўлишимизга яна бир туртки беради», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Умуман, маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, ташқи бозорларда муносиб ўрин топиш учун халқаро стандартларга ўтиш кераклиги таъкидланди.
«Масалан, пестицидлар назорати йўлга қўйилмас экан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 2030 йилгача 10 миллиард долларга етказиш бўйича белгилаган марраларга эришиб бўлмайди. Етиштираётган маҳсулотларимиз бозорини тополмасдан нобуд бўлаверади», – деди Мирзиёев.
Шу боис, бу йил озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича катта ўзгаришлар режалаштирилган. Бу орқали карантин, ветеринария, санепидемназорат ва стандарт ташкилотларининг такрорловчи ваколатлари қисқаради, тадбиркорларни қайта-қайта текширишга чек қўйилади.
















