Жаҳон | 14:04 / 27.03.2026
5159
5 дақиқада ўқилади

Трамп Эронга ултиматумини яна узайтирди

АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳрон билан музокаралар ўтказилиши учун Эрон энергетика объектлари бўйлаб зарба беришни яна 10 кунга кечиктиришга қарор қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Эрон ҳукумати сўрови билан қабул қилинган, аммо Теҳрондагилар буни сўраганини рад этмоқда.

Фото: EPA

«Эрон ҳукумати илтимосига кўра […] мен электр станцияларни вайрон қилиш даврини 10 кунга, 2026 йил 6 апрел, душанба куни шарқий вақт бўйича соат 20:00 га қадар [Гринвич бўйича 7 апрелга ўтар кечаси ярим тун] тўхтатиб тураман. Музокаралар давом этмоқда ва сохта ОАВ ва бошқа манбаларнинг нотўғри баёнотларига қарамай, улар жуда яхши ўтмоқда», – дея ёзган у Truth Social ижтимоий тармоғида.

Ўтган ҳафта охирида Трамп агар Теҳрон 48 соат ичида Ҳўрмуз бўғозини очмайдиган бўлса, Эрондаги электр станцияларни «яксон қилиши» ҳақида огоҳлантирганди. Эрон ҳукумати бунга жавобан бўғозни кемалар қатнови учун тўлиқ ёпишини маълум қилганди.

Душанба куни Трамп АҚШ ва Эрон урушни якунлаш бўйича «самарали музокаралар» олиб бораётганини айтиб, Эрон энергетикасига зарбаларни беш кунга кечиктиришга буйруқ берди.

Чоршанба кунига келиб АҚШ урушни тугатиш учун Эронга 15 шартни ўз ичига олган рўйхатни юборгани маълум бўлди, аммо Теҳрон бу талабномани рад этиб, ўзининг беш банддан иборат режасини таклиф этган.

АҚШ Эрон томонидан айнан ким билан мулоқот қилаётгани ҳозирча номаълум. Бир кун аввалги баёнотида Трамп Эрон расмийлари ўлдирилишдан қўрқиб, музокаралар олиб борилаётганини рад этаётганини айтганди.

«Улар музокаралар олиб боришмоқда ва битим тузишни жуда хоҳлашмоқда. Аммо улар бу ҳақда гапиришдан қўрқишади, чунки улар ўз ватандошлари томонидан ўлдирилиши мумкин. Улар, шунингдек, биз уларни ўлдиришимиздан қўрқишади», – деди у журналистларга.

Эроннинг «совғаси»

Трамп Эрон энергетикасига зарбалар кечиктирилишини маълум қилганидан кўп ўтмай, жаҳон бозорларида нефт нархи пасайишни бошлади. Пайшанба куни эса нархлар ўсишда давом этди – бу урушнинг давом этиши нефт тақчиллиги олиб келиши ҳақидаги хавотирларни акс эттиради.

Пайшанба куни АҚШ ҳукумати йиғилишида Трамп Эрон ҳукумати унга айнан қандай совға берганини ҳам айтиб ўтди. Бунгача Оқ уй раҳбари эронликлар унга қимматбаҳо нарса совға қилишганини маълум қилган, бироқ айнан нима совға қилганига аниқлик киритмаганди.

Трампдан Эрон билан музокаралар қандай кетаётгани ҳақида сўрашди ва у Теҳрон ўз ниятларининг жиддийлигини намойиш этишни истаётганини айтди. Кейин у Теҳрон икки-уч кун олдин унга «совға» сифатида нефт ортилган саккизта танкерни Ҳўрмуз бўғозидан ўтказишга ваъда бергани ва бу танкерлар ҳақиқатан ҳам бўғоздан ўтганини айтди.

«Ва мен дедим: „Демак, биз тўғри одамлар билан ишлаётганга ўхшаймиз“. Дарҳақиқат, улар баъзи бир нарсалар учун узр сўрашди ва яна иккита кемани ўтказиб юборишларини айтишди. Шундай қилиб, натижада бизда бундай кемалар сони ўнта бўлди», – деди Трамп.

Исроил Эронга ҳужумни давом эттирмоқда

Исроил мудофаа армияси сўнгги кун давомида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ғарбий қисмидаги «учириш позициялари» бўйлаб 20 га яқин зарба йўллаганини маълум қилди.

Армиянинг X ижтимоий тармоғидаги хабарида авиация баллистик ракеталарни сақлаш ва учириш учун ишлатиладиган объектларга, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига 70 га яқин ўқ-дорилар ташлагани айтилган.

Ушбу обектларда бўлган ҳарбийлар «йўқ қилингани» ва Исроил армияси «тўхтовсиз ҳаракат қилишда давом этиб, Эроннинг ракета салоҳиятига зарба бераётгани» қайд этилган.

Пайшанба куни Исроил ҳарбийлари Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйишга масъул бўлган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси денгиз кучлари қўмондони Алиризо Тангсири ўлдирилганини ҳам эълон қилганди. Аввалроқ эронлик расмийлардан бири аноним тарзда Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига бўғозни назорат қилиш мамлакатнинг «табиий ва қонуний ҳуқуқи» эканини айтганди.

Шунингдек, пайшанба куни Абу-Дабида Эрон ракетаси парчалари тушиши оқибатида икки киши ҳалок бўлган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид