Жамият | 20:27 / 19.01.2022
20067
7 дақиқада ўқилади

Профилактика инспекторлари муаммолари. Янги марказ уларни ҳал қиладими?

Ички ишлар вазирига мурожаат қилиши ортидан қамоққа олинган собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабоев устидан суд бошланди. Участкавойларга ҳар куни икки кишини жаримага тортишни талаб қилган Янгийўл тумани 2-сонли ИИБ бошлиғига интизомий чора кўрилди. ИИВда ташкил этилган Профилактика инспекторларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази тизимдаги муаммоларга барҳам бериши кутилмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

2021 йилнинг 12 ноябрь куни Facebook орқали ички ишлар вазирига видеомурожаат йўллаган, орадан икки кун ўтгач қамоққа олинган профилактика инспектори Сардорбек Отабоев хизмат мавқейидан фойдаланиб, фирибгарлик жинояти содир этганликда айбланаётганди.

Сардорбек Отабоев

13 январь куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида Отабоевга нисбатан суд жараёни бошланди. Наманган шаҳар прокуратураси собиқ инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 6та моддаси бўйича айблов эълон қилган. У мансаб ваколати доирасидан четга чиқишдан тортиб далилларни сохталаштиришгача айбланмоқда.

Фото: Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди

Айбланувчи айблов хулосаси ва иш ҳужжатлари билан таниш эмаслиги сабабли, суд иши 24 январга қадар танаффус эълон қилди. Kun.uz жамоатчилик диққат-марказида турган ушбу суд жараёнини ёритиб боради.

***

Ўтган йилнинг 20 декабрида Янгийўл тумани 2-сонли ИИБ бошлиғи профилактика инспекторларидан кунига 2 нафардан фуқарони жаримага тортишни талаб қилаётгани ҳақида материал берилганди.

Таҳририятга келиб тушган аудиода Янгийўл тумани 2-сонли ИИБ бошлиғи подполковник Олим Собиров экани айтилган шахс қўл остидаги профилактика инспекторларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (майда безорилик) ва 187-моддалари (жамоат жойида алгоколь ичиш) бўйича иккитадан маъмурий баённома тузиб, эрталабки йиғилишга олиб келиш ҳақида топшириқ бераётгани акс этган:

“Эртага ҳар бир ходим эрталабгача иккитадан, битта 187, битта 183, агар бунинг иложи бўлмаса, иккита 187 ёзиб, олиб келиши керак. Шарт! Ҳозир Хайрулла ака [Янгийўл тумани ИИО ФМБ ҲПБ бошлиғи Хайрулла Болтабоев] ҳаммангни чиқарворди “развод” ўнда деб. Ҳозир ўнда телефон қилиб, қани “протокол”, “начальник”ка нима деб жавоб бераман деяпти.

Ўшанчун кимни ёзасан, кимни нима қиласизлар, ҳар бир ходим эрталабки йиғилишга – “развод”га иккитадан 187 опкелиши шарт. Туни билан топиб, ёздик 187 иккитадан деб бериш керак. Бўлмасам эрталаб “развод”да “начальник” ****ец қилади. Мен кечқурун ёздираман ҳаммасига, шеттаман ўзим, текширувчиман деганман”.

Шунингдек, Собиров қандайдир тадбир учун қўл остидаги барча ходимлардан эрталабки йиғилишга 200 минг сўмдан олиб келишни талаб қилган.

“Эртага эрталабки йиғилишга ҳамма 200 минг сўмдан олиб келсин. Тадбир бор. Тушунмаганлар нима экан, нимага деган саволларинг бўладиган бўлса, эрталаб Мирзо Улуғбекка борган бўлса билади. Билмаганлар менга телефон қилса тушунтираман. Ҳамма юз фоиз икки юз мингдан эрталабга олиб келиши шарт.

Эрталабки йиғилишда ҳаммадан оламан. Тушунганлар алоқага чиқиб, “ответ” беринглар. Тушунмаганларинг телефон қилиб сўранглар, тушунтираман ҳар бирингга алоҳида-алоҳида”, дейилади аудиода.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текшируви давомида Kun.uz’да чиққан аудиодаги овоз подполковник Олим Собировга тегишли экани тасдиқланган.

Аммо хизмат текшируви давомида ўзбошимчалик билан пул йиғилгани ёки маъмурий баённомалар расмийлаштириш бўйича ходимларга мажбурий юклама юклатилгани тасдиғини топмагани айтилади. Ҳолбуки овозли хабарда Собировнинг ҳар бир ходимдан иккитадан маъмурий баённома тузиб, эрталабки йиғилишга олиб келиш ҳақида топшириқ бергани аниқ-тиниқ эшитилганди.

Суратда чапдан ўнгга: Олим Собиров, Анвар Султонов ва Хайрулла Болтабоев

Хизмат текшируви хулосасига кўра, 200 минг сўм пул икки нафар профилактика инспекторининг хонадонида бўлаётган тўй учун тўёнага совға олиш мақсадида ходимлардан ихтиёрий равишда йиғилган. Бироқ ходимлардан эрталабки “развод”га 200 минг олиб келиш талаб қилинган аудиода подполковник Собиров тўй ҳақида лом-мим демаганди.

Аудиолари интернетга сизиб чиқиши ортидан Олим Собировга фуқаролар ва жамоатчилик онгида ички ишлар органлари тўғрисида салбий фикр шаклланишига замин яратгани, бу орқали ички низом талабларини бузгани учун “танбеҳ” берилган. Лекин текширув давомида бу ишларнинг энг бошида тургани айтилган Янгийўл туман ИИО ФМБ бошлиғи Анвар Султонов, Янгийўл тумани ИИО ФМБ ҲПБ бошлиғи Хайрулла Болтабоевга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Фарғона вилоятининг Қува туманида рўй берган шунга ўхшаш вазиятда туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, майор Аҳмаджонов лавозимидан олинган ва бошқа бир туманга профилактика инспекторлигига тайинланганди.

Янгийўлдаги воқеадан кейин ҳам жамоатчилик подполковник Собировнинг энг камида вазифасидан озод қилинишини кутганди. Бироқ расмийлар қарийб 20 йиллик хизмат стажига эга раҳбар-ходимдан воз кечишни истамаган кўринади.

Олим Собиров бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариб, ўзини ўнглаб олса-ку, нур устига нур, аммо эски ҳунарини давом эттирса, янгийўллик “участкавой”ларга сабр тилашдан бошқа чора йўқ.

***

Ижтимоий тармоқларда “участкавой”ларнинг мурожаатлари кўпайиши ортидан Ички ишлар вазирлиги 24 соат ишлайдиган Профилактика инспекторларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ташкил этди. Бундан мақсад – “участкавой”лар қандайдир муаммога дуч келган тақдирда уни зудлик билан ҳал этишдан иборат.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Агар сиз профилактика инспектори бўлсангиз, “1286” қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ўзингизни қийнаётган муаммолар ёхуд раҳбарларнинг қонунга зид топшириқлари ҳақида хабар беришингиз мумкин. Вазирлик мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши, ҳар бир мурожаат виждонан текширилишига ишонтирмоқда. Бундан ташқари, профилактика инспекторларининг мурожаатлари Тelegram'даги махсус бот орқали ҳам қабул қилинади.

“Ишонч телефони ва Телеграм-бот ишга туширилган 10 январдан то 19 январгача 300 та мурожаат қабул қилинди. Шундан 5 таси профилактика инспектори томонидан юборилган. Ходимларимиз ўз мурожаатларида асосан ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Ҳозирча раҳбарларнинг ноқонуний хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги бўйича ҳеч қандай мурожаатлар келиб тушгани йўқ.

Башарти бундай мурожаатлар келиб тушган тақдирда, мурожаатни қабул қилиб олувчи операторларимиз заруратга қараб ходимларни юқори турувчи тизим раҳбарлари, вазир ўринбосаларини ҳам боғлаб бериши, тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этишлари мумкин”, дейди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи, полковник Бахтиёр Бердиалиев.

Вазирлик мулозимларининг айтишича, ҳар икки йўналишдаги мурожаатлар зудлик билан кўриб чиқилади, масъуллар мурожаат муаллифларига амалий ёрдам бериш тартибида иш олиб боради. Профилактика инспекторларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази тизимдаги муаммоларга барҳам бериши кутилмоқда.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Муаллиф:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид