“Зарафшон дарёсидаги ҳолат бўйича “Навоийазот” жамоатчиликка тушунтириш бериши керак” — Экопартия
Ўзбекистон Экологик партияси Зарафшон дарёсига оқизилган саноат чиқиндилари сабаб кўплаб балиқларнинг нобуд бўлиши юзасидан “Навоийазот” АЖ масъуллари жамоатчиликка тушунтириш беришларини талаб қилмоқда.
Экопартия баёнотида “Навоийазот” АЖ томонидан Зарафшон дарёсига ҳаёт учун хавфли бўлган саноат чиқиндиларининг оқизилиши нафақат экологияга, балки инсонларга ҳам зиён келтириши айтилади.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги “Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 541-сон қарорига кўра, “Навоийазот” АЖ атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифаси, яъни юқори даражадаги хавфли объектлар қаторига киради. Атроф-муҳитга хавф даражаси юқори бўлган бу корхонадан бунчалик кўп миқдорда хавфли кимёвий моддаларнинг очиқ табиатга чиқариб юборилиши биринчи галда қўпол қонунбузарлик ва шу билан бирга, корхона томонидан атроф-муҳит муҳофазасига эътиборсизликнинг яққол кўринишидир”, дейилади партия хабарида.
Таъкидланишича, бунга “Навоийазот” АЖ каби юқори даражада хавфли объектларда атроф-муҳитга чиқариладиган ҳар қандай чиқиндиларни бартараф этиш назоратга олинмагани, масъул мутахассислар ва механизм йўқлиги сабаб бўляпти. Бундай ҳолатни шу каби бошқа корхоналарда ҳам кузатиш мумкин.
Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида саноат чиқиндиларининг зарарини камайтириш бўйича мақсадлар белгиланган.
“Хавфли кимёвий моддалар таъсирида ер, сув ва атмосферанинг ифлосланиш ҳолатларини қисқартириш ҳамда экологик жиҳатдан хавфли объектларнинг трансчегаравий таъсирини камайтириш бўйича ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда. Атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади. Шунингдек, саноат ва маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш мақсад қилинган.
Ўзбекистон Экологик партияси мазкур ҳолатни қаттиқ қоралайди. “Навоийазот” АЖ масъуллари мазкур ҳолат бўйича жамоатчиликка тушунтириш беришларини сўраймиз ва саноат чиқиндиларининг бу каби зарарлари нафақат экологияга, балки инсонларга ҳам зиён келтиришини эслатиб ўтамиз”, дея таъкидланган партия расмий муносабатида.
Аввалроқ, Зарафшон дарёсига оқизилган саноат чиқиндилари сабаб дарё суви заҳарланиб, кўплаб балиқлар нобуд бўлиши Экология қўмитаси томонидан ноинсофлик дея баҳоланган эди.
Айни пайтда “Навоийазот” томонидан етказилган зарар 4 миллиард сўмдан ортиқ деб тахмин қилинмоқда. Балиқлар орасида “Қизил китоб”га киритилганлари ҳам бор. Текширувлар ҳали якунига етмаган, зарар бундан ҳам каттароқ бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Мавзуга оид
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
17:14 / 16.09.2024
“Экология соҳасида ихтисослашган судларни ташкил этиш зарур” - экопартия
12:50 / 08.09.2024
Экологик партия ҳам номзодлар рўйхатини эълон қилди
20:11 / 25.07.2024