Жамият | 15:15 / 04.11.2016
68398
6 дақиқада ўқилади

Таълим ва тарбия – бирининг ўрнини бири тўлдирувчи неъматлардир

Фото: ummat.uz

Таълим ва тарбиянинг ўртасида очиқ-ойдин фарқ бор. Таълим, тарбиянинг бир жузъидир. Тарбия эса таълимни ўз ичига олади, аксинча эмас. Демак, тарбия ўз-ўзидан таълимга нисбатан комил ва кенг қамровлидир. Исломий тарбиянинг маъноси эса жамиятда ҳар тарафлама комил инсон шахсиятини барпо қилиш ва албатта, бу тарбия руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларни ўз ичига олади. Бу Ummat.uz ёзмоқда.

Зотан, Аллоҳ таоло инсониятни ер юзини обод қилиш учун яратган. Демак, у ўзининг вазифаларини адо этиши учун ҳар тарафлама комил ва етук бўлиши керак. Бунинг учун эса бизнинг динимиз Исломда барча кўрсатма ва имкониятлар мавжуд. Энг асосийси, инсон ўзининг олдига қўйилган вазифаларни бажариш асносида доимий ҳолда Аллоҳга юзланиб туриши тарбиядир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, таълим комил тарбиянинг бир жузъидир. У эса ақлни ривожлантиради ва сайқаллаштиради. Натижада у ўз ҳаётида керак бўладиган илму маърифатни ашёлар тўғрисидаги турли маълумотларни, касбий маҳоратини ёки касб ва ҳунарларга тегишли бўлган фанларни ўрганади. Лекин тарбияга ўхшаб кенг қамровли бўла олмайди. Чунки таълим инсонни руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларини бирдек қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳам таълим ва тарбия доимо бирга бўлиши талаб этилади. Бу ҳақиқатни эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари орқали ҳам билиб олишимиз мумкин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли ерга ёққан ёмғир кабидир. Ернинг баъзи жойи яхши экан, сувни қабул қилиб, кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирибди. Унинг баъзи жойлари қаттиқ экан, сувни тутиб қолибди. Бас, у билан Аллоҳ одамларга манфаат берибди. Улар ундан ичибдилар, суғорибдилар ва экин экибдилар. Ернинг баъзи жойлари силлиқ экан. Сув тутмас ва экин ҳам ўстирмас экан. Ана ўша худди Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Аллоҳ мен ила юборган нарса унга манфаат берибди. Ўзгаларга ўргатибди. Бошқаси ўша нарсага эътибор бермаган кишига ўхшайди. Яна бири эса, мен ила юборилган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган одамга ўхшайди», дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган.

Имом Қуртубий (р.а) «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари орқали юборилган ҳидоят ва илмни инсонлар бир қўлтим сувга муҳтож бўлиб турган ҳолатларида юборилган ёмғирга ўхшатдилар.» Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилишларидан аввал инсонлар ана шундай муҳтож ва ночор ҳолда эдилар. Осмондан ёққан ёмғир ўлик ерларни тирилтирганидек диний илм ва кўрсатмалар ўлик қалбларни тирилтирди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитувчиларни ёмғир ёққан ҳар хил ерларга ўхшатдилар. Уларнинг баъзиларини илмга амал қиладиган олим ҳамда муаллим, худди унумдор ер ўрнида кўрдилар. Сувни ичади, ўзи фойдаланади ва ўсимликлар ўстириб бошқаларга ҳам фойда келтиради. Баъзилари эса замонасидаги барча илмларни эгаллайди, лекин унга амал қилмайди ёки унга мувофиқ ҳаёт кечирмайди. Бошқаларга эса етказади. Бу кишилар сувни ўзида сақлаб қолиб одамлар ундаги сувдан фойдаланаётган ерга ўхшайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кишилар тўғрисида: «Менинг сўзимни эшитиб бошқаларга худди шундай ҳолатда етказган кишини Аллоҳ ёрлақасин», деганлар.Яна баъзилари эса илмни эшитади лекин уни ёдда сақлаб қолмайди, тафаккур ва тадаббур ҳам қилмайди. Бошқаларга ҳам етказмайди. Буларнинг мисоли қаттиқ силлиқ, ўзига ҳеч нарсани юқтирмайдиган, сувни ҳам қабул қилмайдиган ер кабидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида таълим ва тарбияни жамлаб келтирдилар ва бунда илмга амал қилувчи олим ва муаллимни энг олий даражага кўтардилар. Сўнгра, эшитган нарсасини илм ва яхшиликни қандай эшитган бўлса худди шундай ҳолатда бошқаларга етказган олим ва муаллимни келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки тоифани таълим ва тарбияда иштирок этганлари учун мадҳ этдилар. Учинчи тоифани эса мазкур ишларда иштирок этмагани учун қораладилар. Агар таълимни тарбиядан ажратиб қўйса, таълим чўлоқ бўлади. У ҳолда таълим гуёки маълумотлар сақланадиган қутича, идиш ва яна қандайдир нарсага айланиб қолади. Натижада эса бу маълумотлар жамият учун керак бўладиган комил инсонни шахсиятини етиштира олмайди. Мана шунинг учун барча таълим муассасаларида маълум бир йўналиш бўйича таълим бериш билан бирга тарбияни ҳам бериб кетиш керак, акс ҳолда қанотсиз қуш каби парвоз қила олмайди. Қуш эса павозига қараб туриб баҳоланади. Бу борада диний таълим берилаётган муассасаларни алоҳида зикр қилиб ўтиш керак. Зотан, бу илм икки дунёнинг ободлилигига тегишлиир. Қолаверса, бу илм бандани ўз Роббига ибодат қилиб, бандачилигини изҳор қилишни йўл-йўриқларини қонунларини ўргатади. Албатта бу борада таълим билан биргаликда хоссатан руҳий ва ақлий тарбия иштирок этиши керак.

Мавзуга оид