Ўзбекистон – АҚШ: муносабатларнинг янги саҳифаси
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Ўзбекистонга илк расмий ташрифини амалга оширди. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Фаррух Эрманов бу ташрифнинг аҳамияти ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ҳолати ҳақида сўз юритди.
28 феврал – 1 март кунлари бўлиб ўтган ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
АҚШ Ўзбекистоннинг Ғарбий ярим шардаги асосий ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Икки давлат ўртасидаги чуқур илдиз отган муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди.
Ўзаро муносабатлар тарихи шуни кўрсатадики, Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган Қўшма Штатлар 30 йил давомида энг ишончли ҳамкорлардан бири бўлиб қолмоқда. Икки томонлама муносабатлар мустаҳкам пойдеворда шаклланган ва анъанавий тарзда ишончли характерга эга.
Икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бунда 2002 йилда имзоланган Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация ҳал қилувчи рол ўйнади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-17 май кунлари Қўшма Штатларга расмий ташрифи Ўзбекистон-АҚШ шериклиги ривожига кучли туртки бўлди. Бу АҚШ юқори мартабали раҳбарлари, бизнес ва академик соҳа вакиллари томонидан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни қайта фаоллаштирган тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.
2020 йил ноябр ойида Ўзбекистон ва АҚШ ҳар йили ўтказиладиган икки томонлама маслаҳатлашувларни Стратегик шериклик мулоқотига айлантиришга қарор қилди. Унинг доирасида томонлар сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва инсоний ўлчовлар бўйича яқин ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Қўшма Штатларнинг амалдаги маъмурияти даврида Тошкент ва Вашингтон ўзаро муносабатларнинг ишончга асосланган характерини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларида стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш учун интиқлик билан саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда.
Кейинги йилларда парламентлараро алоқалар, хавфсизлик, ҳуқуқий соҳа ва мудофаа вазирликлари орқали ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Икки давлатнинг етакчи экспертлари мазкур йўналишларда тажриба алмашиш, давлат органлари ўртасидаги муносабатларнинг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини муҳокама қилиш мақсадида бир неча бор учрашган. Бир сўз билан айтганда, давлатлар ўртасида сиёсий ўзаро ишонч ўрнатилган бўлиб, бу бошқа соҳалардаги шериклик учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база, жумладан, турли характердаги 100 дан ортиқ ҳужжатлар мавжуд. Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, хусусан, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан ташқи ишлар вазирликлари аро сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири савдо-иқтисодий шерикликдир. Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни доимий равишда кенгайтиришга интилиб, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Ўзаро савдо сўнгги уч йил ичида ўсиб бормоқда. Мисол учун, Ўзбекистоннинг АҚШ билан товар айирбошлаш ҳажми 2022 йил якуни бўйича 436,8 миллион долларни (экспорт – 68,5 миллион доллар, импорт – 368,3 миллион доллар) ташкил этиб, 2021 йилга (426,3 миллион доллар) ва 2020 йилга (277 миллион доллар) нисбатан ошганлигини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, томонлар бугунги кунда Ўзбекистонда савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини сезиларли даражада ошириши мумкин бўлган ишбилармонлик ташаббуслари учун кенг имкониятлар мавжудлигини ҳисобга олиб, жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошишини кутмоқда.
Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда маданий-гуманитар алоқалар катта аҳамиятга эга. Бу борадаги ҳамкорлик ҳам икки мамлакат халқларининг диққат марказида.
АҚШ ҳукумати мамлакатда таълим сифатини ошириш, таълим базасини яхшилаш ва ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни олқишлайди. Томонлар таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор ва илм-фан соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тарафдори.
Соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, сейсмология ва бошқалар истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги конструктив ҳамкорлик ҳам кўп томонлама форматда, хусусан, глобал ва минтақавий кун тартибидаги масалалар бўйича БМТ ва C5+1 доирасида амалга оширилмоқда.
Юқоридагиларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, ишонч билан айтиш мумкинки, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Ўзбекистонга биринчи расмий ташрифи икки давлатнинг сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, сармоявий, маданий-гуманитар ҳамкорликка интилишини тасдиқлайди.
Шубҳасиз, унинг натижалари икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришда янги ижобий тенденцияларни келтириб чиқаради ва ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш имконини беради.
Фаррух Эрманов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.
Мавзуга оид
12:12 / 29.11.2024
АҚШдаги аср қотиллиги – президент Жон Кеннеди қандай ўлдирилганди?
22:10 / 28.11.2024
Калифорнияда 540 миллиард долларлик «оқ олтин» захираси топилди
20:50 / 28.11.2024
Путин Трампни хавфсиз ҳолатда эмас деб ҳисобламоқда
18:24 / 28.11.2024