13:20 / 09.04.2024
3193

"Табиатга жиддий зарар келтиради" – фаоллар Тошкентда ўтадиган шарлар шоусини бекор қилишни сўрашмоқда

Байрам муносабати билан 10 апрел куни Ашхобод сайилгоҳида 20 мингта пуфак (шарлар) ёғдирилиши кутилмоқда. Экофаолларнинг фикрича, бу тадбир сабаб табиат ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етиши мумкин. Жамоатчилик Экология вазирлиги ҳамда Экопартиядан пластик чиқиндилардан байрам тадбири ўтказишни чеклашни сўрамоқда. Партия ҳолат бўйича боғ маъмуриятига хат юборди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкентдаги Ашхобод сайилгоҳи ҳудудидан очиқ осмонга 20 мингта пуфаклар учирилиши режа қилинмоқда. Бу ҳақда 8 апрелда боғнинг Instagramʼдаги саҳифасига юкланган постда инстаблогер Жаҳонгир Хўжаев маълум қилган.

Унга кўра, байрам муносабати билан 10 апрель санасида сайилгоҳдаги чархпалакнинг энг баланд нуқтасидан “шарлар ёмғири” уюштирилади. Қайд этилишича, илгари бундай сондаги пуфаклар осмонга учирилмаган, навбатдагиси рекорд даражада бўлиши кутилмоқда.

Экофаоллар бу тадбирнинг атроф-муҳитга катта зарар етказишини айтишмоқда. Дастлаб ҳолатга муносабатини билдирган Ekolog.uz телеграм каналига кўра, “латекс шар”лар биологик парчаланадиган бўлиши мумкин, лекин бу жараён жуда секин кечади. Оқибатда эса атроф-муҳитда йиллар давомида сақланиб қолиши мумкин. Бу ҳайвонларга таҳдид солиши қайд этилади.

Шарлар ёввойи табиатга ташланганда, уларни ҳайвонлар озиқ-овқат деб адашиб ейиши ёки улар билан боғланиб қолиши мумкин, натижада ўлим [юзага келиши] ёки соғлиққа зарар етиши мумкин. Сувда яшовчи ҳайвонлар шарларни ютиб юбориши ёки шар тасмаларига ўралиб қолиб, жисмоний шикастланиши мумкин.

Шарлар ишлаб чиқариш ва ташиш жараёнлари иссиқхона газларини ва бошқа атмосфера ифлослантирувчи моддаларни чиқаришига сабаб бўлади. Шундай экан биз тегишли ташкилотлардан ушбу шоуни бекор қилишларини сўраймиз. Шундоғам бошқа тадбир ва маросимларда керагидан ортиқ мушаклар отиб, ўз изимиздан чиқиндиларни қолдириб табиатга зарар етказяпмиз”, – дейилади хабарда.

Экожурналист Наргиз Қосимова шоунинг ёпиқ эмас, очиқ ҳудудда қилинаётганига эътибор қаратган.

Ёпиқ бино бўлса ҳам майли, очиқ жой. Шарлар бирпасда учиб кетиб, юзлаб кмни ифлослантиради. Буларга табиатингга зарар етадими, шарлардан ҳайвон-у, қушлар ўлиб кетадими, фарқи йўқ, пул бўлса бўлди”, – дейди у.

Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, пластик чиқиндилардан байрам тадбирини ўтказишни чеклаш лозим.

Бизда бундай бир марталик ишларда кўп ҳолатда атроф-муҳитга зарар етказилганича қолаверади. Агар 100 фоизлик “зарар етказмайди” деган кафолат бўлса эди, бунга ишонсак бўларди. Лекин ҳали чиқиндини қаерга ташлашни тўғри йўлга қўёлмаётган бир вақтимизда бу каби шарлар ўйини атроф-муҳитга зарар етказади.

Боғни ҳам, унинг атрофини ҳам чиқиндига тўлдириб, ифлослантирмасликка кафолат беролишадими, гап шунда. Шунинг учун бундай қайта ишлаш қийин бўлган пластик чиқиндилардан байрам тадбири қилишни чеклаш керак. Одамлар бундай нарсалардан ўзларини тийгани маъқул. Байрам қилишнинг атрофга зарар етказмайдиган усуллари ҳам бор. Айни вақтда бизга атроф-муҳитнинг, ҳавонинг тозалиги керак. Одамларимизга шу нарса муҳимроқ ҳозир, чунки бу сабаб уларнинг соғлиғи ҳам, турмуши ҳам яхшиланади, ҳаётига мазмун ҳам киради”, – дейди у.

Масъуллар нима дейди?

Таҳририят ҳолат юзасидан Экопартия ҳамда Экология вазирлигига изоҳ сўраб сўров жўнатди. Экопартиянинг берган хабарига кўра, Ашхобод маъмуриятига расмий хат чиқарилган.

Мазкур [вазият бўйича] боғ маъмуриятига Ўзбекистон Экологик партия томонидан экология ва атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган барча тадбирларни тўхтатиш ва олдини олишни талаб қилган ҳолда расмий хат чиқарилди”, – дейилади муносабатда.

Аммо ҳозирча партиянинг расмий телеграм каналида бу ҳақда хабар эълон қилингани йўқ.

Шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева айни пайтда бу ҳолат бўйича суриштирув олиб борилаётганини айтди.

“Ҳозир инстаблогер билан боғланиб вазиятни ўрганиш ишларини олиб боряпмиз. Вазирлик экология ва атроф-муҳитга зарар етказадиган ҳар қандай вазиятга қарши. Масалани ойдинлаштириб, кўрилган чоралар ҳақида тез орада хабар берамиз” деди у.

Эслатиб ўтамиз, шундай “шар ёмғири” 1986 йилда АҚШда ўтказилган ва ҳавога 1,5 миллион шар учирилган эди. Бу эса кўплаб ЙТҲларга, парвозларнинг тўхтаб қолишига ва шаҳар ҳамда унинг атрофи бўйлаб жиддий экологик фалокат содир бўлишига, инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.

Top