Ўзбекистон | 12:04 / 28.09.2018
15246
2 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов: Мажбурий тиббий суғурта соҳасида жаҳон тажрибасини Ўзбекистон шароитларига мослаштириш зарур

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта жорий этишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Мажбурий тиббий суғурталаш жорий этилганида, яхши бўлар эди», - деди Сенатнинг ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, мамлакат аста-секин хусусий тиббиётга ўтади. «Чет элда тиббий хизматларнинг 90 фоизга яқини хусусий сектор томонидан кўрсатилади. Албатта, мен бизда ҳам шундай бўлади, демоқчи эмасман», - дея қўшимча қилди у.

Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, мажбурий тиббий суғурта соҳасида жаҳон тажрибасини республика шароитларига мослаштириш зарур. Унинг таъкидлашича, мамлакатда ҳар йили катта маблағлар ажратилмоқда, «шу асосда аҳолига бепул тиббий ёрдам бериш мумкин».

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Қонунда аҳолини тиббий суғурта билан мажбурий қамраб олиш кўзда тутилган.

Унда тиббий ва профилактик хизматлари учун аҳолига тенг ҳуқуқлар белгиланади, шунингдек, суғурта полисига мувофиқ, тўлов асосида юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш кафолатланади.

Мавзуга оид