Ўзбекистон | 19:50 / 18.01.2024
28673
9 дақиқада ўқилади

“Биз бу қонун қабул қилинишига қаршимиз!” — ИИВнинг таклифига интернетдаги акс садо

Кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг фикрича, ҳуқуқ органлари ходимларининг фото ва видеоларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун жазо белгиланса, бу Ўзбекистондаги очиқликка жиддий соя солади. Kun.uz интернет фойдаланувчиларининг қонун лойиҳаси бўйича изоҳларда қолдирган фикрларини жамлади.

Ички ишлар ходимлари иштирокида рўй берган ва видеоси тарқалган айрим шов-шувли ҳолатлар

Ўзбекистонда ҳуқуқ органлари ходимларининг фото ва видеоларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун жазо белгилашни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида жамоатчилик вакиллари – журналистлар ва блогерлар иштирокида муҳокама қилинди.

Бу муҳокама тафсилотлари ОАВда эълон қилингач, қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг кескин танқидига учради. Kun.uz уларнинг айримларини жамлади.

“Бундай қонун чиққандан кейин халқ чиндан хам ички ишлар ходимларига ишонмай қўяди. Миллат келажагига ачиндим”, дея ёзган фойдаланувчилардан бири.

Фарҳод Матназаров исмли фойдаланувчи эса мазкур қонун қабул қилинишига қаршилигини билдириб, бу билимсизлик эканини таъкидлаган.

“Обрўни сақлаш учун қонун чиқаришдан кўра, обрўни оширадиган амалларини кўпайтириш учун қонун зарур” – Самандар Қурбонов.

“Ҳеч қачон бунақа қонун қабул қилинмаслиги керак! Очиқликка очиқчасига таҳдид бу” – Фозилбек Орипов.

“Мен ИИБдан пенсияга чиққанман. Агар бу қонун қабул қилинса, фуқароларнинг кўпчилиги ўлиб кетади. Мен қаршиман” – Акром Очилов.

“Қонунни зўр бериб ҳимоя қилаётганлар, вақти келиб жиддий хато қилганларингизни кўрасизлар. Бу қонун билан ўз яқинларингизга ҳам адолатсизлик қилинади. Ички ишлар органлари ходимлари жабрланувчи бўлгани ҳолда иш бўйича ўзлари қарор қабул қилиши янада жиддий хато бўляпти. Прокуратура назоратни таьминлайди деб ишониш аҳмоқлик” – Содиқжон Бердиалиев.

“ИИБ ходимлари қонуний ишласин, шунда у ходим ҳеч қандай камерадан ҳам, съёмкадан ҳам қўрқмайди. Ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини яшириш учун ишлаб чиқилмоқда бу қонун” – Усар Мурадов.

“Ўзи ўзига пичоқ урмайди-ку, орган ходимларининг бир-бирига иши тушади. Натижада бир-бирига ён босади. Орган ходимлари обрўсини ва халқнинг ҳурматини қозонмоқчи бўлса, қонун доирасида ва низомларга асосланиб хизмат олиб бориши шарт. Бу учун орган ходимларнинг маошини кўтаринглар” – Умид Ҳошимов.

“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига алоҳида модда қўшилаётган эмиш. Нега энди соғлиқни сақлаш ҳамда таълим вазирликлари бундан мустасно бўлиш керак?! Нега энди ходимларни видеотасвирга олиб интернетга жойламаслик кераг-у, ўқитувчи ва шифокор, қолаверса бошқа соҳа вакилларини бундай қилиш мумкин? Ёки бизда фақатгина ҳуқуқни муҳофаза килиш органлари обрўли ҳисобланадими? Қолган соҳаларнинг бир тийинлик қадри йўқми? – Азизбек Сотволдиев. 

“Шунчалик ўзларингизни севар экансизлар, халқни ҳам севинглар. Видеога олса нима бўлади? Қилган айбингиз билиниб қолади-да. Озгина бўлса ҳам уялинглар. Ундан кўра, қонун билан виждонан вазифангизни бажаринглар, ҳеч ким ҳеч нарса демайди, аксинча, раҳмат айтади” – Нодир Матёқубов.

Маълумот учун, қонун билан, ҳуқуқ органлари ходимларини фото ёки видеотасвирга туширишга тақиқ қўйилмаяпти, белгиланаётган жавобгарлик бу тасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатишга тааллуқли. Фуқаро тасвирларни нима мақсадда тарқатганига қандай ойдинлик киритилиши, яъни фуқарога “обрўсизлантириш мақсадида тарқатгансан” деб айблов қўйишга нима асос бўлиши юзасидан саволлар очиқ қолмоқда.

Фаоллар қонунни ўқимасдан фикр билдиришда айбланди. Улар қонунни қаердан ўқисин?

Блогер Хушнудбек Худойбердиев ҳам қонун муҳокамаси ҳақида тўхталиб, унинг ташаббускорларига халқни айблашдан кўра, очиқликка амал қилсак бўлмайдими, деган саволни қўйди.

“Бугун Сенатда йиғилиш бўлиб ўтди. Орган ходимларини видео ва фотога олиб тарқатмасликка оид қонун бўйича.

Аввало шунақа йиғилиш ўтгани яхши бўлди. Ташаббус кимдан чиққан бўлса ҳам, катта раҳмат. Жамоатчиликда норозилик туғдирган шунақа вазиятларга масъуллар очиқ мулоқот орқали жавоб топиши ва тушунтириш бериши керак. Яъни халққа борини кўрсатиш керак.

Йиғилиш аввалида йўлларимизда авариялар ва ўлимлар сони катталиги учун ушбу қонунни қабул қилиш керак, деб чалғитувчи маълумотлар айтилди. Ваҳоланки, эътироз билдирилаётган орган ходимларининг фото-видеосини интернетга жойлашни тақиқловчи қонунга авариялар ва ўлимларнинг бир грамм ҳам алоқаси йўқ!

Ўзи умуман Сенатдаги бугунги йиғилиш мазмуни кўпроқ қонунни ҳимоя қилиш, унинг тўғрилигини таъкидлаш ва энг қизиғи, журналист ва блогерларга дакки бериш учун ташкил қилингандай туюлди. Савол берган журналист ва блогер борки, деярли барчаси Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисидан дакки эшитиб олди. Саволларга ҳам аниқ далиллар ва фактлар билан батафсил жавоб қайтарилмади, узуқ-юлуқ гаплар айтиш билан чекланилди. Айрим саволлар бутунлай жавобсиз қолди.

“Сиз тушунмайсиз, сиз билмайсиз, сиз нималар деяпсиз ўзи, сиз унақа деманг, сиз бунақа деманг, бунақа дейишга ҳаққингиз йўқ” деган гаплар айтилди. Хуллас, ажойиб йиғилиш ҳақида кўп гапирса бўлади, лекин энг муҳим жойига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Масъуллар ва таклиф қилинган экспертлар халқнинг аксарият вакиллари Қонунчилик палатаси қабул қилган бу қонунни ўқимасдан, тушунмасдан танқид қилаётганини айтиб, дакки беришди, айниқса айрим блогерларга эътироз билдиришди. Айниқса, юридик олийгоҳлардан келган профессор-ўқитувчилар қонунни маъқуллашда жуда фаол бўлишди ва 90 фоиздан кўпроқ одамни қонунни ўқимасдан ёзишда айблашди.

Жамоатчиликни тушунмасликда, ўқимасликда айблаётганларга бошқа саволим бор: Барака топгурлар, хўп, халқ қонун матнини қаердан ўқисин? Қаердан кўриб, танишсин? Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунларини эълон қиладими? Йўқ! Сенат кўриб чиқаётган ёки ҳаттоки маъқуллаган қонун матнларини эълон қиладими? Йўқ! Ёки айнан шу қабул қилинган қонун матнини Ички ишлар вазирлиги эълон қилдими? Йўқ!

Абдулла Орипов шеърида ҳовуздаги тилла балиқча шу кўлмагини бутун дунё деб билганидек, жамоатчиликни тушунмасликда айблаётган ҳурматли профессорлар ҳам ўзи эксперт сифатида қонунни ўқиб кўргани учун, 36 миллион ўзбекистонликда ҳам шунақа имконият бор деб ўйлаяпти. Аммо минг афсуски, унақа эмас. Халқда бунақа имконият йўқ.

Жамоатчилик токи қонун имзоланиб, расман эълон қилинмагунча ҳеч қаердан қонун матнини топа олишмайди (бир-иккита ўта аҳамиятли қонунлар бундан мустасно). Парламент учун қачон очилиш вақти келаркин? Оғзимизни тўлдириб халқни айблашдан олдин, балки ўзимиз етарли ахборот беришни бошлармиз”, деб ёзди Хушнудбек Худойбердиев.

“Ёпиқлик сари ҳаракатлар ўз чўққисида”

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев қонунни қабул қилишга бўлаётган уринишни абсурд деб атади.

“Кеча Сенатда ИИО ходимларини фото ва видеога олиб, интернетга тарқатмаслик бўйича қабул қилиниши аниқ бўлган қонун юзасидан жамоатчилик вакиллари иштирокида мажлис бўлиб ўтибди. Мажлисда собиқ Ички ишлар вазирлигида бошқарма бошлиғи, ҳозирда эса Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қ.Бурхонов ушбу қонунни ҳимоя қилиб, қонунни танқид қилаётган журналист ва блогерларга дакки берган.

Бу сигнал кўпчиликка тушунарли бўлди: ёпиқлик сари ҳаракатлар ўз чўққисида.

Шундай экан абсурднинг давомийлигини таъминлаш нуқтаи назаридан мен худди шундай қонунни экология ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этишни таклиф қиламан!

Марҳамат: педагоглар ҳам, кадастрчилар ҳам, соғлиқни сақлаш ҳам ўз соҳаси бўйича бундай қонун жорий этилишини талаб қилишсин”, дея таъкидлаган собиқ депутат.

Эслатиб ўтамиз, қонунда ҳуқуқ органлари ходимларининг фото ва видеотасвирларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун 50 БҲМ (17 млн сўм) жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Жамоатчилик фаоллари, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бу нормани очиқлик сиёсатига зид деб баҳолаган.

Мавзуга оид