Жамият | 22:40 / 10.10.2020
27035
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Бюджет пулларининг «Мендирман Жалолиддин» фильмига алоқаси йўқ

Ижтимоий тармоқларда “Мендирман Жалолиддин” фильми лойиҳаси доирасида жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура масала юзасидан баёнот берди.

Маълум қилинишича, “Ўзбеккино” миллий агентлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилган. Иш бўйича дастлабки терговни Бош прокуратура ўтказмоқда.

Агентликнинг исми очиқланмаган мансабдорлари Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан айбланмоқда.

Жиноят иши қўзғатилишига Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти мутахассислари томонидан агентликда ўтказилган текширув ҳужжатлари асос бўлган. Тергов жараёнида, “Ўзбеккино” фаолиятига тегишли ҳужжатлар олиниб, молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан тафтиш тайинланган.

“Аниқланишича, 22.06.2018 йилда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамда “Best organaizer” МЧЖ ўртасида “Менман Жалолиддин” номли фильм яратиш ҳақида дастлабки шартнома тузилиб, шартномага мувофиқ олдиндан аванс сифатида 533 млн сўм маблағ тўлаб берилган.

Лекин, ушбу фильмни суратга олиш ишлари “Мендирман Жалолиддин” номи билан Туркия Республикасидаги ҳамкорлар билан олиб борилганлиги, уни ишлаб чиқариш харажатлари бюджетдан эмас, балки бошқа ҳомийлар томонидан молиялаштирилганлиги сабабли, “Ўзбеккино” Миллий агентлигидан ажратилган маблағлар фильмни ишлаб чиқариш учун сарфланмаган ва бугунги кунда бюджетга қайтарилган”, – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Расмий хабарда алоҳида таъкидланишича, тергов ҳаракатлари давомида 3 октябрь куни тақдимоти бўлиб ўтган “Мендирман Жалолиддин” фильмига тегишли ҳужжатлар олинмаган ва бу фильмни ишлаб чиқарган шахсларнинг жиноят ишига ҳеч қандай алоқадорлиги йўқ.

Мавзуга оид