Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар учун 1010та захира жой тайёрлангани маълум қилинди
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, коронавирусга чалинган беморлар учун Янгийўл туманида – 340та, Зангиота туманида – 350 та ва Чирчиқ шаҳрида – 320 та ўрин ташкил этилган.
«Ҳозир вилоят касалхоналарида жами 8474та ўрин мавжуд. Шундан 2329 таси вилоят ва 6145таси шаҳар-туман тиббиёт бирлашмаларида ташкил этилган. Вилоят миқёсидаги шифокорлар 4814 нафар, ҳамширалар эса 29598 нафарни ташкил этади.
Касалланганларни даволаш учун ташкил этилган 1010та шифо-ўринлари беморларни қабул қилишга тайёр. Муолажа хоналарига кислород баллонларини ўрнатиш чоралари кўрилмоқда. Шундан Янгийўл туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида – 340та, Зангиота туманидаги «Назарбек» санаториясида – 350та ва Чирчиқ шаҳрида – 320та жой тайёрланган.
Бундан ташқари, касалланганлар билан мулоқотда бўлган шахсларни яккалаш мақсадида сиҳатгоҳ, дам олиш ва соғломлаштириш масканларида қўшимча равишда 12 мингдан зиёд ўрин тайёрлаб қўйилган», дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарида.
Қайд этилишича, вилоят бўйича 241та соғлиқни сақлаш муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 52та касалхона, 189та амбулатор поликлиника ҳамда 58 та қишлоқ врачлик пунктидан иборат. ҚВПларга 151 шифокор, 677 патронаж ҳамширалари бириктирилган, вилоят миқёсида 3335 нафар тез тиббий ёрдам ходимлари фаолият юритмоқда.
«Вилоят миқёсидаги соғлиқни сақлаш муассасалари 238та автомашина, 125та алоқа воситалари билан таъминланган. 29 июль куни 2836 нафар фуқародан коронавирусга таҳлил олиниб, 2014 та тест таҳлиллари ўтказилди. Шундан 191та таҳлил мусбат, 1823 таси манфий чиқди. 2488 та таҳлил текшириш учун лабораторияда сақланмоқда.
Пандемия бошлангандан бери вилоят бўйича 171460 нафар шахсдан тест олинган. Айни пайтда Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасалари тасарруфида 850 та махсус тест жамламаси захираси мавжуд.
Уй шароитида даволанаётган беморларни даволаш учун 9532 нафар тиббиёт ходмлари жалб этилган. Улардан 2216 нафари шифокор, 4396 нафари хамшира, 2350 нафари тиббиёт ходими ва 570 нафари тиббиёт соҳасининг бошқа вакилларидир», дея вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Орзиқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Эслатиб ўтамиз, пандемия бошланганган буён Тошкент вилоятида 3119 нафар шахснинг коронавирусга чалингани аниқланган. Шу пайтгача 2026 нафар шахс касалликдан соғайган. Айни пайтда 1077 нафар бемор даволанмоқда. Ҳозиргача 16 нафар бемор касаллик асоратлари туфайли вафот этган. 29 июль куни 191 та ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг барчаси аҳоли орасидан чиққан.
2020 йил 30 июль ҳолатига кўра, касалланганларнинг 15 нафари ҳолати ўта оғир, 14 нафари оғир, 61 нафари ўрта, 167 нафари қониқарли аҳволда. Аломатларсиз уй шароитида даволанаётганлар 802 нафарни, пневмония ҳолатидагилар 96 нафарни ташкил этади.
Мавзуга оид
08:16 / 27.11.2024
Тошкент вилоятида ўз уйида пиротехника воситаларини сақлаб келган шахс ушланди
19:57 / 22.11.2024
«Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ мутахассиси 1,6 минг доллар билан ушланди
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
14:12 / 15.11.2024