Иссиқ уриши танага қандай таъсир қилади? Шу сабаб ҳам одам ўлиши мумкинми?
Кучли иссиқ сабаб тана ўзини совутишга ҳаракат қилиб зўриқади ва натижада юрак хуружи каби хавфли ҳолатлар содир бўлади. Статистикага кўра, биргина АҚШнинг ўзида йилига 700 дан ошиқ киши иссиқ уриши сабаб вафот этади.
Иқлим ўзгариши сабаб бутун дунёда иссиқ тўлқинлар оқими кўпаймоқда. Ва бу тўлқинлар ҳаво ҳарорати ошиши хавфини ҳам пайдо қилмоқда. Иссиқ ҳаво ҳаммага таъсир қилади. Бироқ чақалоқлар, кексалар каби хавф гуруҳларига унинг таъсири бошқаларга қараганда ҳам кўпроқ билинади.
Аномал иссиқ инсон танасига қандай таъсир қилади?
Тана қизиб кетганда қон томирлари очилади. Бу қон босимининг пасайишига олиб келади ва юрак қонни танага ҳайдаш учун қаттиқроқ ишлай бошлайди. Натижада, танада тошмалар, оёқларда шиш каби енгил симптомлар юзага келиши мумкин.
Шу билан бирга терлаш суюқлик ва тузнинг йўқотилишига олиб келиши мумкин, бунинг билан уларнинг танадаги алмашинув баланси бузилиши мумкин.
Иссиқ уришининг белгилари:
- бош айланиши;
- кўнгил айниши;
- ҳушдан кетиш;
- бош оғриғи;
- мушакнинг оғриқли қисқариши;
- бош оғриғи;
- чарчоқ;
- совуқ, рангпар тери ҳолати.
Хавфли томони: агар қон босими жуда пасайса, юрак хуружи хавфи ҳам ортади.
Бизнинг танамиз қаҳратон қиш ё саратон бўлишидан қатъи назар ўзини 37 даражада сақлаб туришга ҳаракат қилади. Бироқ агар ҳаво ўта исиб кетса, тана ўзининг ҳароратини тушириш учун зўриқиб ишлай бошлайди. Бу жараёнда тана ўзини совутиш учун терига яқин жойлашган қон томирларини очади ва терлаш жараёни ҳосил бўлади, шунинг билан тана совуйди.
Қандай қилиб иссиқда хавфсиз бўлиш мумкин?
- Енгил ва кенг кийимларни танланг;
- Имкон қадар кондиционерли жойда бўлинг;
- Агар уйингизда кондиционер бўлмаса, савдо маркази ёки кутубхоналарга боринг;
- Спиртли ичимликларни чекланг, сув кўпроқ ичинг;
- Ташқаридаги ишлар миқдорини камайтиринг, ҳаво салқин пайти кўчага чиқинг;
- Қуёшдан ҳимояловчи кремлар ишлатинг.
Иссиқда ухлашдан қийналадиганлар нима қилиши мумкин?
Кечки пайтда ҳам иссиқ сабаб ухлаш қийинлик қилса, имкон қадар юпқа чойшаблар ишлатиш, кийимларни кийишдан олдин совутгичга солиб олиш ва ўз вақтида тартиб билан ухлаш керак, деб ҳисоблайди мутахассислар.
Иссиқ урган одамга қандай ёрдам бериш мумкин?
Агар иссиқда қолган одам салқинга ўтгач ярим соатда совий олса, унинг ҳолати хавотирли эмас.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) тавсияларига кўра, иссиқда қолган одам:
- салқинга кўчирилиши;
- танасига сувни сачратиб сепиш орқали совутилиши;
- сув берилиши керак.
Агар унинг ҳолати ярим соат ичида ўнгланмаса, бу иссиқ уруши ҳисобланади ва "Тез ёрдам"га қўнғироқ қилиш керак.
Иссиқда қолган одамнинг тана ҳарорати баланд бўлса ҳам, терламаслиги, ҳарорати 40 даражадан ошса, ҳушини йўқотиши ё тутқаноқ ҳолати содир бўлиши мумкин.
Кимлар учун иссиқ кўпроқ хавфли?
Кексалар ва юрак хасталиги каби узоқ давом этадиган касалликка чалинганларнинг иссиққа дош бериши қийин.
Қандли диабет ҳам танадаги сув тез йўқотилишига, терлаш қобилиятининг сусайишига сабаб бўлади.
Болалар ва кам ҳаракатчан бўлган одамлар ҳам хавф гуруҳига киради. Баъзи неврологик касалликлари бор одамлар иссиқликни таҳлил қила олмаслиги ва ундан қочмаслиги натижасида ёмон ҳолатларга тушиши мумкин.
Уйсиз одамлар, юқори қаватда яшовчилар ҳам кўпроқ қуёш нурига дуч келишади.
Салқин ва хавфсиз бўлиш учун маслаҳатлар
- Кўп сув ичинг ва сувли озиқ-овқатлар истеъмол қилинг;
- Сояда кўпроқ бўлинг ва саёҳатларни камайтиринг;
- Кенг, ҳаво ўтказадиган кийимларни танланг;
- Танангизни совутиш учун вентилятор, муз ва совуқ душдан фойдаланинг.
Иссиқдан одам ўлиши мумкинми?
Статистикага кўра, АҚШнинг ўзида ҳам ҳар йили 700 дан ошиқ одам иссиқ уриши сабаб вафот этади.
Бу ўлимларнинг аксари танани барқарор ушлаб туришга уриниш натижасида содир бўладиган юрак хуружлари ва қон-томир касалликлари сабаб содир бўлади.
Лекин далилларга кўра, баҳордаги иссиқ ва ёз бошидаги иссиқ пайти ўлимлар ёз чилласига қараганда кўпроқ содир бўлади. Чунки ёз бошлангач биз ўз одатларимизни унга мослаштиришимиз ва иссиқ ҳарорат билан курашишга кўпроқ ҳаракат қиламиз.
Айни пайтда Ҳиндистонда кузатилаётган ўта иссиқ ҳарорат сабаб 100 дан ошиқ ўлим қайд этилди. Ҳиндистоннинг кўплаб ҳудудларида икки ҳафтадан бери 45-46 даража иссиқ кузатиляпти. Ҳатто 52 даража иссиқ кузатилган кунлар ҳам бўлди. Ўлимлар, асосан, Биҳар, Ражастхан, Жхарханд ва пойтахт Деҳлида кузатилган. Иссиқлик сабаб тизимга босим ошгани учун электр, сув етказиб беришда муаммолар ҳам кузатилмоқда.
Мавзуга оид
13:56 / 16.03.2024
Европада келаётган ёз меъёрдагидан иссиқ ва қуруқ бўлиши прогноз қилинди
11:48 / 29.06.2021
Ўзбекистонда аномал иссиқ ҳаво сабаб поездлар ҳаракат жадвали ўзгариши мумкин
23:12 / 25.08.2020
Иссиқ уришми ёки коронавирус: Японияда иссиқ ҳаво шифокорларни иккилантирмоқда
23:16 / 08.09.2019