Жаҳон | 23:12 / 25.08.2020
8147
2 дақиқада ўқилади

Иссиқ уришми ёки коронавирус: Японияда иссиқ ҳаво шифокорларни иккилантирмоқда

Фото: AP/Eugene Hoshiko

Японияда аномал иссиқ ҳаво сақланиб қолмоқда. Kyodo ахборот агентлиги маълумотларига кўра, тиббий ходимлар иссиқ уриши ва коронавирус аломатлари ўхшашлиги уларнинг ишини мураккаблаштираётганини таъкидлашмоқда. 

17 августда эса Япониянинг марказий қисмида жойлашган Хамамацу шаҳрида ҳаво ҳарорати 41,1 даражагача кўтарилиб, 2018 йилда қайд қилинган рекорд кўрсаткичга етган.

“Шундай ҳолатлар бўладики, беморда юқори ҳарорат бўлганда, иссиқдан жабр кўрганлар билан коронавирусга чалинганларни фарқлай олмаймиз. Чунки юқори ҳарорат бу вазиятларда умумий симптомдир”, деб айтган Тейкё университети шифохонаси ходими Ясуфуми Мияке.

Унинг айтишича, шифохонага иссиқдан жабр кўрган янги бемор етказилганда, ходимлар унинг коронавирусга чалинган бўлиши мумкинлигини истисно қила олишмайди. Бу эса тиббий ходимлар ишини анча мураккаблаштирмоқда. “Бундай ҳолатда тиббиёт тизими ҳаддан зиёд юкланиши хавфи мавжуд”, деб қўшимча қилган мутахассис.

Айни вақтда бундай иссиқ ҳароратда тиббий ниқоблар тақиш зарурияти борасида баҳс бормоқда, чунки ниқоблар иссиқ уришига олиб келиши мумкин.

Япониянинг табиий офатлар ва ёнғинларга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, Японияда 10 августдан 16 августгача шифохоналарга иссиқдан зарар кўрган 12804 киши етказилган. Бу кўрсаткич бир ҳафта олдингидан деярли 2 марта кўпроқни ташкил қилган.  

Умуман олганда, Японияда июнь бошидан бери 48 минг киши иссиқ уриш сабабли шифохонага тушган. Жумладан, иссиқ ҳаводан 93 киши вафот этган. Вафот этганлардан аксариятини 70 ёшдан катталар ташкил қилади.  

Мутахассисларнинг фикрича, жорий йилда Японияда иссиқ ҳаво узоқ давом этаётган ёмғирлар мавсуми сабабли оғир ўтказилмоқда. Японияда иссиқ ҳаво одатда ёмғирлар мавсумидан кейин июль ўрталарида ўрнатилади. Бироқ жорий йилда июль ойи Японияда булутли бўлган ва мамлакатда рекорд даражада ёғингарчилик тушган.  

2019 йилда Кунчиқар мамлакатда иссиқ ҳаводан 126 киши ҳалок бўлган, 70 мингдан кўпроқ киши жабрланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид