Ҳиндистон пойтахти Деҳлида икки кун ичида икки марта жазирама рекорди янгиланди. 28 май куни Деҳлидаги асосий метеорологик таянч кузатув станциясида ҳаво ҳарорати максимуми +49.9°С даражага етиб, 2022 йилдаги рекордни янгилаганди. Ўшанда ҳаво ҳарорати +49.2°С га етганди. 29 май куни эса жазирама рекорди яна янгиланди. Ҳарорат +52.3°С ни кўрсатди.

Мамлакатнинг марказий ва шимолий ҳудудларида охирги 24 соат ичида ҳарорат ошиши фонида бир қанча одам иссиққа боғлиқ касалликлар билан вафот этди. Роуркела ҳудудидаги шифохонанинг ўзида 10 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: Getty Images

Ўлимлар, асосан, Биҳар, Ражастхан, Жхарханд ва пойтахт Деҳлида кузатилган. Ҳароратнинг юқорилаб кетиши ва бу сабаб ўлимларнинг содир бўлиши мамлакатда ўтказилган сайлов натижалари чиқиши керак бўлган 4 июн арафасида содир бўляпти. 

Сув олиш учун йиғилган одамлар
Фото: Getty Images

Биҳар штати Бхожпур тумани судяси Маҳендра Кумарнинг Times of India газетасига маълум қилишича, пайшанба куни шаҳарда иссиқлик уриши туфайли уч нафар сайловчи ва бир полициячи ҳалок бўлган.

"Пайшанба энг иссиқ кун эди, барча марказларда тиббий хизмат бўлишига қарамай улар вафот этди. Бир полициячи турган жойида ҳушидан кетиб қолди, шифокорлар унга ёрдам кўрсатишларига қарамай касалхонада ўлди", деган Кумар.

Унинг қўшимча қилишича, пайшанбанинг ўзида полициячи вафот этган касалхонага 30-40 киши иссиқлик билан боғлиқ касалликлар билан ётқизилган. Касалхоналар иссиқ урган беморларни рекорд даражада кўп қабул қилмоқда. Деҳлида ҳам иссиқ урган ишчи касалхонада вафот этди.

Ҳиндистон касалликларни назорат қилиш миллий маркази иссиқ уришини ҳаётга хавф солувчи ҳолат деб атаган. Бу сабаб ўлим кузатилиш даражаси 40-64 фоизни ташкил қилади.

Аҳмадободда иссиқ сабаб мато билан ўралган автоулов. 
Фото: Reuters