Тошлоқдаги қишлоқ «иккига ажралди» - Туман ҳокимининг ўзбошимча қарори оқибати қандай ҳал этилади?
Бу сафарги муаммо аввалгиларидан бироз бошқача. Унда Тошлоқ туман ҳокими, Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармаси ва вилоят касбий таълимни ривожлантириш бошқармаларининг президент фармонига зид иш қилгани ҳақида сўз юритилади.
Қонун бир ён, ҳоким бир ён
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхати тасдиқланди. Мазкур рўйхатнинг 300-бандига мувофиқ, Тошлоқ хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи негизида Тошлоқ туман 1-сонли касб-ҳунар мактаби ташкил этилиши белгилаб қўйилган.
Мазкур фармон тасдиқланган рўйхатларга зарур ҳолларда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамасига берилган.
Президент маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов томонидан маҳаллий ҳокимликлар ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига эслатма (22.10.2019 йил, №08-3772) юборилиб, президентнинг юқорида қайд этилган фармони билан таъсис этиладиган профессионал таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг ҳудуди, бино ва иншоотларидан бошқа мақсадларда фойдаланишни режалаштирмаслик сўралган.
Аммо на президент фармони ва на маслаҳатчининг кўрсатмаси кор қилган Тошлоқ туман ҳокими ўз билганидан қолмаган.
Шошилиб ёки ўрганилмай чиқарилган қарор
Тошлоқ тумани ҳокими А.Жўрабоев шу йилнинг 12 октябрь куни 914-сонли қарорини қабул қилиб, унда «Қумариқ» маҳалласидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабини «Найман» маҳалласидаги собиқ Тошлоқ қурилиш ва касб-ҳунар коллежи биносига кўчириб, бино ва иншоотларини тумандаги 50 ва 19-мактабларга бериб юборган.
Ҳоким бу қарорига вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармасининг президент фармони билан ташкил этилган Тошлоқ туман 1-сонли касб-ҳунар мактаби бино-иншоотларини бошқа бир ҳудуддаги, бошқа таълим муассасасининг биноси билан алмаштиришга қарши эмаслиги ҳақидаги хатини асос қилиб олган.
Ўйланмай чиқарилган қарор сабаб қишлоқ «иккига бўлинди»
Муаммо ҳозирда 1-сонли касб-ҳунар мактаби ва 50-умумий таълим мактаби биргаликда фаолият юритаётган бинонинг талаш бўлаётганида экан.
«Мен шу йили набирам Азизбек Тўхтаназаровни таълим олиш билан биргаликда ҳунар ўрганиши мақсадида касб-ҳунар мактабига бергандим. Уйимизга ҳам яқин. Энди коллежни бошқа жойга, биздан узоқ масофада жойлашган бинога кўчирмоқчи бўлишяпти. Туман ва вилоят ҳокимликларига, касб-ҳунар бошқармасига бордик.
Тошлоқдаги бошқармада «биз касб-ҳунар мактаби қолиши тарафдоримиз», дейишди. Лекин муаммо ҳал бўлмаяпти», дейди Санобархон Жумабоева.
«Қизларимиз ҳужжат топширган коллежни Навбаҳор қишлоғига кўчиришяпти. Биз у ерга бўйи етган қизларимизни ҳеч ҳам жўнатмаймиз. Чекка жой, 8 километр узоқликда. Бундан ташқари, кунига 20 минг сўмдан йўл кирага пул топиб бериш керак. Бунга имконимиз йўқ. Ҳозир пандемия пайтида ўзи жуда қийналиб яшаяпмиз. Қизим 9-синфни битириб касб-ҳунар мактабига ҳужжат топширган. Ўсмир ёшда «Мактабга қайтиб боргани уяламиз» деяпти.
Тўққиз йил яхши баҳоларга ўқиган фарзандларимиз саводсиз бўлиб қоладими? Қишлоқ шароити, университетларга олиб кириб ўқитгани бизда имконият йўқ. «Мактаб бўлсин», дейдиганлар чиқди. Ахир уларнинг фарзандлари ҳам шу ернинг боласи, бизнинг фарзандларимиз ҳам. Ўзи асли бу бино касб-ҳунар мактаби бўлиб қолиши ҳақида президент фармони бор экан ахир», дейди ота-оналардан бири Нилуфар Худойбердиева.
Ҳабибахон Қурбонова эса касб-ҳунар мактабини 8 километр узоқликдаги жойга кўчиришса, йўллар хилватлиги, зовурлар олдидан ўтиш кераклиги сабабли набирасини у ерга юбора олмаслигини айтмоқда.
Мактаб болалари қиш-қировли кунларда узоққа қатнаб ўқимаслиги керак!
Буни қарангки, қишлоқ аҳли ўртасида «манфаатлар тўқнашуви» ҳам юзага келган. Аҳолининг бир гуруҳи бу ерда мактаб бўлишини истамоқда.
«Асли касбим ўқитувчи бўлгани учун мактаб яқин ёки узоқлиги болаларга, ёшларга қай даражада таъсир қилишини биламан. Биз мана шу ерда ташкил қилинган мактабни сақлаб қолиш мақсадида юқори ташкилотларга борганмиз.
Ҳозир бу ерда касб-ҳунар мактаби бўлсин дейишяпти. Тўғри, балки, мана шу ерда касб-ҳунар эгаси бўлганларнинг оиласига, ватанга катта фойдаси тегар.
Бироқ қишлоғимиз болалари иккита қўшни маҳалладаги мактабларга қатнаб ўқийди. 14-мактабга «Бойқўнғир» маҳалласидан борадиган ўқувчилар 4 километр серқатнов йўлни босиб борар эди. Болаларимиз то мактабга етгунга қадар йўлда қанақа кетяпти деган хавотир бизга тинчлик бермайди. Иккинчи томони шундаки, ҳар куни узоқ йўл босиб совуқда чарчаб борган бола синфхонасига кириб, ўз-ўзидан иссиқ хонада эзилади. Уйқу келади. Ана шу ерда у қандай қилиб билим олади? Бу ердан 3-4 километр нарида транспорт коллежи бор эди. У бино ҳозир бўм-бўш турибди. Туманимиз ҳокими шу шароитни ўзгартириш ҳақидаги қарорида бу ердаги касб-ҳунар мактабини ўша ерга кўчиришни айтиб ўтган. Менимча, 17-18 ёшга кирган болалар у ерга бемалол қатнаб ўқий олади. Бизнинг асосий мақсадимиз шу», фахрий ўқитувчи Комилжон Орипов.
Маҳалла оқсоқоли Қурбонали Маҳмудов ҳам бино мактабга берилиши тўғри бўлган деб ҳисоблайди.
266 нафар ўқувчи аросатда
1-сонли касб-ҳунар мактаби маъмурияти ҳудудий бошқарма буйруғи билан 2020/2021 ўқув йили учун 9та гуруҳга 266 нафар ўқувчи ҳужжатини қабул қилган.
Муаммоли ҳолат юзасидан таълим муассасасининг ўқитувчи ва таълим усталари ўз фикрларини билдиришди.
«Вазиятга ҳам ота-она ҳам ўқитувчи сифатида қараб айтадиган бўлсак, ҳудудга мактаб керак. Чунки, 21-мактаб ўқувчилари кичик хоналарга эга филиалда ўқишар эди. Лекин мактабга эҳтиёж борлигини билиб туриб, бирор марта ҳам масъулларга мурожаат қилишганини эшитмаганман. Касб-ҳунар коллежимизнинг фаолияти тугатилиб, янги касб-ҳунар мактаби ташкил қилиниши ҳақида айтилиши билан мактабни олиб киришга уриниш бошланди.
Президент фармонидан сўнг биз янгидан иш бошлаб, хоналарни ўқув йилига тайёрладик. Мактаб билан муроса қилдик. Иккита қавати мактабга ажратилди. Энди бизни Навбаҳор қишлоғига кўчиришмоқчи. Қабул қилинган 266 нафар бола эса у ерга боришни исташмаяпти», дейди касб-ҳунар мактабининг махсус фан ўқитувчиси Маъмурахон Йўлдошева.
Қарор ҳокимдан, изоҳи эса ўринбосардан
Тошлоқ туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Исабоевнинг масала юзасидан фикрлари билан қизиқдик.
«Тошлоқ тумани «Қумариқ» МФЙда жойлашган касб-ҳунар мактаби ҳамда 50-мактаб бўйича бизга кўп мурожаат тушган. Фарғона вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармасининг розилик хати асосида мактаб ташкил қилинган.
Ҳозирги кунда яна фуқаролардан тушаётган мурожаатлар бўйича биз иккала томонни ҳам қонуний ҳолатда ўрганишга ҳаракат қилиб, ўрганиб, буларни адолатли йўл билан ҳал қиламиз. Касб-ҳунар мактабига собиқ транспорт коллежининг биносини фаолиятини бошлаш учун берганмиз. Масофани ҳисобга олиб, туман ҳокими йўналишдаги автобус ёки «Дамас» қатновини йўлга қўймоқчи. Муаммо бўлмайди», дейди ҳоким ўринбосари.
«Олавер! Туман қашшоқлашиб қолмайди»
Фарғона вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Абдуллаев ҳам вазият юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Президентнинг 5812-сонли фармони 1-иловасига мувофиқ, Тошлоқ хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежи Тошлоқ 1-сонли касб-ҳунар мактабига айлантирилди ва мутлақо янги профессионал таълим муассасаси ташкил этилди. 2020-2021 ўқув йили учун 180 нафар ўқувчига қабул режа берилган бўлса, бу режа 266 нафарга бажарилди. Бугунги кунда ушбу ўқувчилар учун масофадан ўқиш жараёни бошланган.
2020-2021 ўқув йилида ушбу таълим муассасасида мактаб ва касб-ҳунар мактаби бирга фаолият олиб бориб туриши учун бинонинг сиғими етарли. Лекин келгусида касб-ҳунар мактаби ёки мактаб масаласи, яъни мактабга янги бино қуриш масаласи бевосита вилоят халқ таълими бошқармаси ва маҳаллий ҳокимият билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига таклиф сифатида берилиши режалаштирилган.
Биз халқ таълими бошқармасига бино бўш тургани учун, у ерда мактаб ўқувчилари сарсон бўлмаслиги учун мактабдан вақтинча фойдаланиб туриш бўйича розилик берганмиз. Лекин касб-ҳунар мактабининг биноси тўлиқ ўзининг балансида, мактаб бугунги кунда бепул фойдаланяпти», дейди Азизбек Абдуллаев.
Қош қўяман деб...
Суриштирувлар давомида касб-ҳунар коллежидаги ўқувчилар ҳунар ўрганишлари учун яратилган шароитлар билан танишдик. Ўқувчиларга тўртта: автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш ишлари, тикувчилик ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналишлари бўйича таълим берилади.
Муаллимлар касб-ҳунар мактабига ҳудуддаги 9та МФЙдан ўқувчилар келиб ўқиши, Навбаҳор қишлоғидаги транспорт коллежи биноси ўқувчилар учун тескари йўналишда жойлашгани, бориб келиш учун транспорт харажатлари ота-оналарга муаммо туғдиришини айтишмоқда.
Муассаса ўқитувчилари ва ўқувчиларнинг ота-оналари муаммо ижобий ҳал бўлишига умид билдиришмоқда.
Вилоят мутасаддиси ва туман ҳокимининг масъулиятсизларча чиқарган қарори оқибатида аҳоли ўртасида норозилик кайфияти, давлат органларига ишончсизлик пайдо бўлгани алоҳида мавзу.
Энг ёмони, оқибати ўйланмай чиқарилган қарор орқали Қумариқ қишлоғи аҳли икки тарафга бўлиниб қолган, уларнинг ўртасидаги муносабатлар бузилган.
Қишлоққа касб-ҳунар коллежи ҳам, мактаб ҳам зарур. Мутасаддилар эса муаммоли вазиятни чуқур таҳлил қилиб сўнг қарор чиқаришлари керак эди.
Элмурод Эрматов
Тавсия этамиз
Орол денгизининг қуриган туби йилдан йилга кўтарилиб бораётгани аниқланди
Ўзбекистон | 19:14 / 18.04.2025
АҚШ ва Хитой ўртасидаги божхона уруши: ким ютади?
Жаҳон | 12:46 / 17.04.2025
Япониядан Италиягача – пулли йўллар ҳақидаги таассуротлар
Жаҳон | 21:50 / 16.04.2025
Туркияга алдов йўли билан чақирилган вояга етмаган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
Жамият | 17:05 / 16.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Касбий таълимни ривожлантириш жамғармасининг фаолияти тартибга солинди
Ўзбекистон | 13:19
-
Андижон шаҳрига янги ҳоким тайинланди
Ўзбекистон | 12:55
-
Трамп: "Умид қиламанки, Россия ва Украина шу ҳафта келишувга эришади"
Жаҳон | 12:43
-
Асирларни озод қилишга тайёр ҲАМАС, Судандаги жим геноцид ва Трамп депортациясини тўхтатган суд — кун дайжести
Жаҳон | 12:27
Мавзуга оид

10:09 / 28.08.2023
“Танасида 3 та игна қолди” – игналар билан яшаётган болакай Азизбек 6 ёшга тўлди

11:55 / 09.09.2022
110-мактабда кийиниш хонасига камералар ўрнатилиши билан боғлиқ можаро келиб чиқди

16:02 / 08.09.2022
Республика таълим маркази раҳбари янги дарсликка тадбиркор Мурод Назаров ҳақида маълумот қўшилганига изоҳ берди

22:46 / 07.09.2022