Жаҳон | 21:57 / 23.06.2021
45426
8 дақиқада ўқилади

Россия британияликлар эсминецини ўққа тутганини айтмоқда, Британия рад этди

Россия мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар 2014 йилда аннексия қилинган Қрим қирғоқлари яқинида британияликларнинг «Дефендер» эсминеци йўналиши бўйлаб огоҳлантирувчи ўқ узгани ҳақида маълум қилди. Россия бомбардимончилари тўрт авиабомба ишлатгани қайд этилган. Аммо Буюк Британия мудофаа вазирлиги бундай ҳодиса рўй берганини инкор этди.

Россия мудофаа вазирлигининг хабарига кўра, бу ҳодиса Қора денгизда, Фиолент бурни яқинида содир бўлган. «Эсминец Россия Федерацияси давлат чегараси бузиб ўтилган тақдирда қурол қўлланиши ҳақида огоҳлантирилди. Аммо бу огоҳлантириш эътиборсиз қолдирилди», дейилади баёнотда.

Россиялик ҳарбийлар маълумотларга кўра, соат 12:06 ва 12:08да чегара қўриқлаш хизмати кемаси огоҳлантирувчи ўқлар узган, соат 12:19да эса Су-24М самолёти «Дефендер» кемаси курси бўйлаб огоҳлантирув авиабомбалари ташлаган. Хабарда аниқлик киритилишича, Россия бомбардимончилари британияликлар кемаси ҳаракатини тўхтатиш мақсадида тўртта парчаланувчи-портловчи авиабомбаларни қўллаган. Ҳодиса туфайли Россия мудофаа вазирлиги Буюк Британиянинг Москвадаги ҳарбий атташесини чақиртирган.

«Соат 12:23да Қора денгиз флоти ва Россия ФХХ чегара хизматининг қўшма ҳаракатлари эвазига «Дефендер» эсминеци Россия Федерациясининг ҳудудий сувларини тарк этди», дея маълум қилган Россия мудофаа вазирлиги.

Аммо Буюк Британия мудофаа вазирлиги аслида бундай ҳодиса содир бўлмаганини айтмоқда.

«Режали сузиш»
«Бугун тонгда «Дефендер» Одессадан Грузия йўналишида Қора денгиз орқали олдиндан режалаштирилган ўтишни амалга оширди. Амалиётга кўра, кема халқаро миқёсда тан олинган транспорт йўлагидан ўтди. Кема бу йўлакдан британ вақти билан соат 09:45да хавфсиз ҳолатда чиқди [Москва вақти билан соат 11:45]. Одатдаги каби россияликлар кемалари бу йўналишни кузатиб борди, узоқ бўлмаган масофада ўтказилаётган ўқув машғулоти тўғрисида ҳам маълумот берилди», деди Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес. 

«Дефендер» эсминеци ҳаракат йўналиши бўйлаб огоҳлантирувчи ўт очилмаган. Қироллик ҳарбий-денгиз кучлари кемаси халқаро ҳуқуқ асосида Украина ҳудудий сувларида ҳаракатланишда ҳеч қандай қоидабузарлик содир этмади.

Биз россияликлар Қора денгиз ҳудудида ўт очиш бўйича машғулот ўтказган ва бу ҳақда халқаро денгиз жамиятини олдиндан огоҳлантиришган деб ҳисоблаймиз. «Дефендер» курси бўйлаб ҳеч қандай ўқ узилмаган ва биз унинг йўлига бомбалар ташлангани ҳақидаги маълумотларни тасдиқламаймиз», дейилади вазирликнинг твиттердаги саҳифасида.

«Дефендер» бортида бўлган BBC корреспонденти Жонатан Билнинг сўзларига кўра, британлар кемаси инглиз кемаси яқинида ҳеч қандай отишма бўлмаган ва у ўз йўналишини ўзгартирмаган ҳолда Қрим яқинидаги ҳудудий сувлардан ўтган. Мухбирнинг хабар қилишича, бу вақтда «Дефендер» атрофида россияликларнинг 20дан ортиқ самолётлари учиб юрган, Россия ҳарбий денгиз кучлари кемалари эса вақти-вақти билан эсминецга 90 метр масофагача яқинлашишган.

14 июнь куни Россия мудофаа бошқармаси миллий маркази рус флоти Қора денгиз акваториясига кирган Буюк Британиянинг «Дефендер» эсминеци ва Нидерландиянинг «Эвертон» фрегатини кузатишни бошлагани ҳақида маълум қилганди.

«Интерфакс» агентлиги Россия мудофаа вазирлигидан ҳодиса бўйича изоҳ олган. «Буюк Британия ҳарбий денгиз кучларининг хавфли ҳаракати Россия мудофаа вазирлиги томонидан БМТнинг 1982 йилги Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси бузилишидир. Россия мудофаа вазирлиги Британия томонини келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги учун «Дефендер» эсминеци ҳаракатларини синчковлик билан ўрганишга чақиради», дейилади унда.

Вазирликнинг тасдиқлашича, «Дефендер» РФ давлат чегарасини бузиб ўтган ва Фиолент буруни ҳудудида уч километр ичкарига кирган, бу ҳақда британияликларнинг Москвадаги ҳарбий атташесига маълум қилинган.

Ўз навбатида, Британия мудофаа вазирлиги «Дефендер» «Украина ва Грузия ўртасидаги халқаро миқёсда тан олинган йўл» бўйлаб тўғри ҳаракатланганини таъкидлаган. Шу билан бирга, баёнотда «Буюк Британия россияликларнинг Қримга бўлган даъвосини тан олмаслиги ва бундан кейин ҳам Қримнинг Россия томонидан қўшиб олиниши ноқонунийлиги тўғрисидаги халқаро консенсусга риоя қилишда давом этиши» қайд этилган.

Таҳлил: яна ҳудудий сувлар масаласи
Павел Аксенов, BBC рус хизмати корреспонденти

Фиолент бурни яқинидаги бу ҳодиса 2020 йил ноябрида Узоқ Шарқда америкаликлар кемаси билан бўлган воқеани ёдга солади.

Ўшанда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг «Жон Маккейн» номли эсминеци, Россия мудофаа вазирлигининг маълумотига кўра, «Россия Федерацияси ҳудудий сувларини бузиб, Пётр Буюк кўрфазида денгиз чегараси чизиғидан икки километр ичкарига ҳаракатланган». Россиялик ҳарбийларнинг маълум қилишича, «Адмирал Виноградов» кемаси «Маккейн»га ҳужум қилиш ҳақида огоҳлантирган ва эсминец курсни ўзгартириб, «нейтрал сувларга чиқиб кетган».

Россия мудофаа вазирлиги хабарига кўра, 23 июнь куни британлар кемаси Севастопол ҳудудида Қрим қирғоқларига яқинлашган, йўналиш бўйича огоҳлантирув ўқлари отилиб, бомбалар ташлангач, бу ҳудудни тарк этган.

Бу ҳудудни Россия ўз ҳудудий сувлари деб билади, бу сувлар 2014 йилда Москва томонидан федерация таркибига қўшиб олинган яриморол қирғоқларини ювиб туради.

Тинч океанидаги тарихнинг ҳозиргиси билан ўхшашлиги шундаки, америкаликлар Пётр Буюк кўрфази сувларини, британияликлар Қрим қирғоқлари яқинидаги Қора денгиз сувларини ҳудудий сувлар деб билишмайди.

Кўрфаз чиндан ҳам қонунда ёзилганидек «ички кўрфаз»нинг таърифларига тўғри келмайди. Уни «тарихий кўрфаз» деб аташ мумкин, бунга денгиз ҳуқуқи рухсат беради, аммо бунинг учун бошқа мамлакатлар ҳам бунга қўшилиши керак. Америкаликларнинг ҳаракати бунга қўшилмасликларини намойиш этиш эди.

Россиялик ва Ғарб давлатлари ҳарбийлари дунёнинг турли нуқталарида бир-бирига тўқнаш келади, кўп ҳолларда бундай учрашувлар дўстона характерда бўлмайди. Сўнгги йилларда икки томон ҳам бир-бирининг самолётлари йўлини тўсиши билан боғлиқ ҳолатлар кўп бор рўй берди. Сурияда ҳам вақти-вақти билан россиялик ва америкалик ҳарбийлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб туради.

Чоршанба куни Украина мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дефендер» Украина, Буюк Британия ва АҚШ махсус кучлари иштирокидаги қўшма машғулотда иштирок этганини маълум қилган. Вазирлик баёнотида кемалар абордаж ҳаракатлари бўйича машғулот ўтказгани қайд этилган.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба британияликлар кемасига ўт очилгани ҳақидаги хабарга изоҳ бераркан, НАТО билан янгича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш заруратини қайд этди.

«Украина позициясига яққол далил: РФнинг Қора ва Азов денгизларидаги агрессив ва провокацияга асосланган сиёсати, Қримнинг босиб олиниши ва ҳарбийлар жойлаштирилиши Украина ва иттифоқчиларга доимий равишда таҳдид солиб келмоқда. Айнан шу туфайли мен Қора денгизда НАТО ва Украина ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатдан янги босқичга чиқиши зарурлигини таъкидлайман», дея ёзган Кулеба твиттердаги саҳифасида.

28 июндан 10 июлга қадар Қора денгизда Украина ва НАТО ҳарбийлари ўртасида Sea Breeze номи остидаги машғулотлар ўтказилиши белгиланган.
 

Мавзуга оид