Ўзбекистон | 10:04 / 26.12.2023
4429
2 дақиқада ўқилади

Айрим тадбиркорларга солиқ тўлашда имтиёзлар берилиши режалаштириляпти

“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорларга барча солиқлар ва божхона тўловларини бир йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатасига Солиқ кодексига қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кириб келди.

Қонун лойиҳасида “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига барча солиқлар (қўшилган қиймат солиғи ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) ва божхона тўловларини таъминотсиз ва фоизсиз бир йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда, 2025 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари ушбу фуқароларга камида бир йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақини тўлаб, бандлигини таъминлаган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан имтиёз берилиши ҳам белгиланмоқда.

Мазкур имтиёзлар “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” Дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларига (Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари бундан мустасно) бир вақтнинг ўзида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларни ишга қабул қилганда ва камида бир йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир баравари миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаб, бандлигини таъминлаганда, улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда берилиши кўзда тутилган.

Агар тадбиркорлик субъектлари томонидан “ҳамкорлик шартномалари”да назарда тутилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, қўлланилган солиқ имтиёзлари бутун солиқ даври учун ушбу солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятларнинг тикланиши билан бекор қилинади.

Мавзуга оид