Ўзбекистон | 17:00 / 17.06.2020
23628
2 дақиқада ўқилади

«Атайлаб қиласизми, билмасдан қилиб қўясизми, фарқи йўқ» – Норбоева мажбурий меҳнатга йўл қўйиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева мажбурий меҳнат ҳолатларининг юзага келиши қандай сабаблар билан боғлиқлигини изоҳлади.

«Буларнинг ҳаммаси олдинги даврдан қолиб кетган ишлар. Илгари ободонлаштириш ишларига давлат томонидан маблағ ажратилмасди. Дарахт экиш, дарахт оқлаш, кўчаларни тозалаш учун пул берилмасди. Ҳозир бунинг учун жамоатчилик фонди ташкил этилган.

Лекин барибир ўқитувчи, тиббиёт ёки бошқа ходимлар олиб чиқиляпти. Чунки жамоатчиликнинг ишсиз вакилларини ишга таклиф қилиш учун юриш керак, маҳалладан аниқлаш керак. Бу эса меҳнатни талаб қилади, шу меҳнатдан қочиб, тайёр, «хўп бўлади» дейдиган ходимларга кўча супуртиришга ўрганиб қолишган. Бундан мутлақо воз кечиш керак.

Биз ҳозир қонунлар устуворлиги замонасида яшаяпмиз. Пул берилмаётган бўлса ҳам майли эди, ҳозир давлат раҳбари пул беряпти, жамғарма доимий равишда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириляпти. Ҳозир маблағ, шароит нуқтайи назардан муаммо йўқ, фақатгина ташкиллаштириш керак холос», деди Танзила Норбоева Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиянинг навбатдаги мажлисида.

Шунингдек, комисссия раиси мажбурий меҳнат ҳолатларининг халқаро рейтингларга таъсири хусусида тўхталиб ўтди.

«Мажбурий меҳнат масаласи билан дастлаб шуғуллана бошлаганимизда дунёнинг муаммоси бор эди. Ҳозир арзимаган бир-икки туманда ҳарбийларнинг ишлаши, ободонлаштириш ишларига одамларни жамоатчилик асосида жалб қилмасдан, осонгина бюджет ташкилоти ходимларининг чиқарилишини ҳал қилиш қолди, холос.

Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон имижини яхшилаш бўйича иш бошланди. Комиссия шуғулланаётган масалалар – одам савдоси, инсон ҳуқуқлари, мажбурий меҳнат эса рейтингларга таъсир қиладиган кўрсаткичлар ҳисобланади.

Атайлаб қиласизми, билмасдан қилиб қўясизми, бу борада қайси сектор раҳбари қонун бузилишига қўл урадиган бўлса, биз уни эгаллаб турган лавозимига лойиқ эмас, деб масалани давлат раҳбарига киритамиз. Бундан кейин бунақаси кетмайди», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид