Ўзбекистон | 22:32 / 02.02.2018
11218
2 дақиқада ўқилади

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Миллий концепцияси ишлаб чиқилади

Фото: arxiv.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 февраль куни экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш, энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Кўрилган масалалар қаторида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Масалан, Андижон, Ангрен, Бухоро, Навоий, Фарғона, Олмалиқ, Бекобод, Чирчиқ, Тошкент ва Нукус каби саноатлашган шаҳарларда ҳавонинг чанг билан ифлосланиш даражаси санитар меъёрдан ўрта ҳисобда 2,7 баробар ортгани кузатилган.

Шу боис, Экология давлат қўмитаси мутасаддиларига халқаро тажриба асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Миллий концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Масалан, ўтган йили ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бўйича 3 минг 782 та ҳуқуқбузарлик ва браконъерлик ҳолатлари аниқланган. 8 та давлат қўриқхонасидан 6 таси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида, 2 таси Геология ва Экология қўмиталари тасарруфида бўлиб, уларни бошқаришда ягона тизим мавжуд эмас. Шу боис, қўриқхоналарни ягона давлат органига бириктириш масаласини ўрганиб, асосли таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Чиқиндиларни тўплаш ва ташиш ишларини доимий назорат қилиш, аҳолининг бу борадаги маданияти ва масъулиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борадаги ишлар замирида одамларнинг соғлиғи, турмуш фаровонлиги ётибди. Шу боис, бу масала билан ҳар бир туманда ва доимий шуғулланиш керак, деди давлатимиз раҳбари.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. 

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид