14:29 / 25.02.2020
10
117149

Тўй ўтказиш тартибини бузганлик учун қанча жарима солиниши маълум бўлди

Тартибни тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

Фото: toylarmuborak.uz

Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, лойиҳа Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Сенат Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастурига асосан тайёрланган.

Қонун лойиҳаси билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талабларга риоя қилмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилмоқда. 

Ушбу тартибни мазкур тадбирларни ўтказувчи шахс томонидан бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (2 230 000 сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутиляпти. Тўйхона, кафе ва ресторанларнинг мансабдор шахслари томонидан бу тартибнинг бузилиши эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари (6 690 000 сўм) миқдорида жарима солишга олиб келади. 

Назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 150 000 сўм)миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда. 

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top