Жамият | 10:33 / 15.01.2021
23939
5 дақиқада ўқилади

Урганчдаги манфаатлар тўқнашуви: автомобиллар техник кўригини ИИВ ЙҲХБ мансабдорига алоқадор фирма амалга оширмоқда

Урганч шаҳри ва Урганч туманида транспорт воситалари «AVTO TRANS SER» МЧЖ томонидан техник кўрикдан ўтказилмоқда. Ушбу корхона таъсисчиларидан камида бир нафари Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мансабдор шахсига алоқадор бўлиши мумкин.

1 январдан Хоразмда транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тадбиркорлик субъектларига топширилди. Натижада мажбурий техник кўрикдан ўтказиш учун тўланадиган пул миқдори қарийб уч баробар ошган.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

2017 йил 22 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1010-сонли қарори қабул қилинганди.

Қарорнинг 2-бандига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга тегишли енгил автотранспорт воситалари тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар томонидан мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши белгиланган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 январдан Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларида ЙҲХБ органлари томонидан транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тўхтатилди. Ҳайдовчиларга эса техник кўрик фақат тадбиркорлик субъектлари томонидан ўтказилиши ҳақида кўрсатма берилмоқда. Хоразм вилояти ЙҲХБ техник назорат бўлими берган маълумотга кўра, бу ҳақда вазирликнинг ички буйруғи бор.

Бу қандай оқибатларга олиб келди?

Биринчи навбатда техник кўрикдан ўтиш нархи кескин ошди. Мисол учун, қонунчиликда ДЙҲХХ (Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати) органлари томонидан техник кўрик хизмати учун олинадиган қиймат 22,3 минг сўм қилиб белгиланган. Хоразм вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари эса техник кўрикдан ўтказиш қийматини 60-65 минг сўм миқдорида белгилаган, яъни нарх қарийб 3 баробар ошди.

Техник кўрикдан ўтказиш фақат тадбиркорлик субъектларига юклатилганми?

Йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан қабул қилинган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 2-бандида ҳайдовчилар техник кўрикдан 3та жойда ўтиши мумкинлиги белгиланган.

«Бунда жисмоний шахслар — М1 тоифадаги (енгил) транспорт воситалари эгалари ўз транспорт воситасининг техник ҳолати ва ускуналари мувофиқлигини баҳолаш учун ўз танловига кўра, ДЙҲХХ органлари, ТХС (техник хизмат кўрсатиш станциялари) ёки (тадбиркорлик) субъектларга мурожаат қилишлари мумкин» экани белгиланган (қавс ичидаги изоҳлар Kun.uz’ники).

Бу Низом ўз кучини йўқотмаган ва ҳозир ҳам амалда. У ДЙҲХХ органларида ҳам техник кўрикдан ўтиш мумкинлигини, ҳайдовчиларда танлаш имконияти борлигини кўрсатмоқда. 

Танганинг иккинчи томони

Ҳозирги вақтда Урганч шаҳри ва Урганч туманида истиқомат қилувчи ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари «AVTO TRANS SER» МЧЖ томонидан техник кўрикдан ўтказилмоқда. Бу корхона Урганч шаҳри ва Урганч тумани ЙҲХБ биносига туташ ҳудудда жойлашган ҳамда М1 тоифадаги енгил автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш нархини 65 минг сўм этиб белгилаган.

Интернетдаги очиқ манбалардан «AVTO TRANS SER» МЧЖ тўғрисида маълумот олишга уриниб кўрдик. Маълум бўлишича, корхона 2018 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган, техник синовлар ва таҳлиллар фаолияти билан шуғулланади. Устав фонди миқдори 18,3 млн сўмни ташкил қилади.

Фирманинг уч нафар таъсисчиси бор:

1. Рўзметова Феруза Бахтияровна – устав фондидаги улуши 34 фоиз;

2. Шерлиев Адилбек Атабекович – устав фондидаги улуши 33 фоиз;

3. Бабажанов Алишер Камилжанович – устав фондидаги улуши 33 фоиз.

Kun.uz тўплаган норасмий маълумотларга кўра, таъсисчилар рўйхатидан ўрин олган Шерлиев Адилбек Атабекович ИИВ ЙҲХХБнинг Имтиҳон ва рўйхатга олиш бўлими бошлиғи лавозимида ишловчи подполковник Шерлиев Муродбек Атабековичнинг яқин қариндоши, аниқроғи акаси ҳисобланади. Таъсисчилардан қолган 2 нафари ҳам мансабдорнинг қариндоши бўлиши мумкинлигини Kun.uz манбалари орқали аниқлашнинг имкони бўлмади.

Шерлиев Муродбек

Ўзини «AVTO TRANS SER» МЧЖ таъсисчилардан бири Рўзметова Ферузанинг эри ва шу корхона солиқ маслаҳатчиси деб таништирган Умид Сафаровдан изоҳ олдик.

«AVTO TRANS SER» МЧЖ 2019 йилдан бери техник кўрик хизматини кўрсатиб келмоқда. Албатта тадбиркор сифатида ўз харажатларимиз бор: солиқлар, ишчиларнинг маоши, янги ускуналарни сотиб олиш ва ҳоказо. Техник кўрик нархини шулардан келиб чиққан ҳолда 65 минг сўм қилиб белгилаганмиз. Бошқа вилоятлар билан таққослаб кўринг, бизники анча арзон.

Турмуш ўртоғим Феруза Рўзметованинг подполковник Муродбек Шерлиев билан қариндошлиги йўқ. Адилбек Шерлиев ҳақида маълумотга эга эмасман, уни анчадан бери кўрмаганман», деди у.

ЙҲХБ органлари нима учун техник кўрикдан ўтказишни тўхтатиб қўйгани, қонун бўйича уларда ҳам бундай ҳуқуқ борлиги, бу ҳайдовчилар учун анча арзон ва қулай бўлиши, бундан ташқари, ДЙҲХХ юқори лавозимидаги шахсига алоқадор бўлган корхонанинг техник кўрикка жалб қилинишини қандай тушуниш мумкинлиги, бу манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволларни Хоразм вилояти ЙҲХБ мансабдор шахсларига бермоқчи эдик. Аммо барча уринишлар бесамар бўлди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид