Жамият | 14:00 / 15.10.2018
20668
9 дақиқада ўқилади

Тадбиркор ноласи: қарор ижросини таъминлаш учун “қонуний” иншоотни “ноқонуний” дейиш мумкинми?

Бектемир тумани Тошкент шаҳри иқтисодиётининг қон томирларидан бири, деб айтсак хато бўлмайди. Мазкур ҳудудда кўплаб давлат ва хусусий ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Шундайлардан бири Бектемир тумани, Б.Нозим кўчаси, 40-а уйда жойлашган, Universal Plast Montaj Engineering масъулияти чекланган жамиятининг “TUMARIS” савдо белгиси билан қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган фабрикасидир.

“Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 11 июлдаги 1043-сонли қарори ижроси доирасида Бектемир туман ҳокимлиги томонидан олиб борилаётган ишлар туфайли “Макро”, “Теген”, “Магнит” ва бошқа шу каби машҳур савдо мажмуаларида сотилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхона устида қора булутлар тўплана бошлади”, - дейди МЧЖ таъсисчиси Kun.Uz таҳририятига йўллаган мурожаатида.

Мазкур мурожаат таҳририят томонидан тадбиркор ва корхона таъсисчиси Умид Худайбергановнинг иштирокида жойида ўрганилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“2015 йилда МЧЖ фаолияти доирасини кенгайтириб, қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилдик. Шу муносабат билан Бектемир туманидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида бино харид қилдик. Олди-сотди шартномасини туман ер ресурслари ва давлат кадастри хизматида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб, бино-иншоотлар ва ерга нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномаларни олдик. Кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча рухсатномалар ҳам тўлиқ расмийлаштирилди. Бинода капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириб, Германия, Польша ва Туркия давлатларидан замонавий қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ускуналарни ўзимизнинг кучимиз билан инвестиция киритган ҳолда келтирдик”, - дейди Умид Худайберганов

Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси “Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси 2018 йил 25 август куни тақдим этган №11/1037-сонли маълумотномага кўра, Simet Sir Biznes МЧЖ ва Universal Plast Montaj Engineering  МЧЖ ўртасида 2015 йил 28 январда тузилган 5-сонли олди-сотди шартномасига асосан 2015 йил 25 март куни жамият номига кадастр ҳужжати расмийлаштирилган.

Тадбиркорга кўра, муаммо Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 11 июлдаги 1043-сонли қарори қабул қилингандан сўнг бошланган. Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳри ҳудудидан ўтувчи каналларнинг муҳофаза зонасини турли ноқонуний бино ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлардан тозалаш белгиланган. Universal Plast Montaj Engineering МЧЖнинг бино ва иншоотлари эса, Бектемир туман ҳудудидан оқиб ўтувчи канал бўйида жойлашган бўлиб, шаҳар ҳокими қарори талабларига кўра бузилиши лозим эди.

“Туман ҳокимлиги ва прокуратураси вакиллари келиб, ҳукуматнинг янги талабларидан келиб чиққан ҳолда бинони кўчириш ёки бузиш кераклигини айтишди. Албатта, бизнинг бунга умуман қаршилигимиз ёки норозилигимиз йўқ. Фақат бизнинг биргина илтимосимиз бор эди, у ҳам бўлса, бизга фаолиятимизни узлуксиз давом эттириш учун бошқа бино тақдим этишлари ёхуд бино харид қилишимиз учун товон пули беришларини сўрадик. Шунинг баробарида бирор келишувга эришиш имконини ҳам изладик”, - дейди МЧЖ раҳбари.

Маълум бўлишича, туман ҳокимлиги томонидан тадбиркорга “нол” қийматда бино таклиф этилган. Бироқ бу таклиф тадбиркорнинг манфаатларига мос келмаганлиги, жумладан, таъмирталаб, газ, электр энергияси, канализация каби инфратузилмага эга бўлмаганлиги, қолаверса, келгусида инвестиция киритиш мажбуриятининг мавжудлиги боис рад этилган.

Худайбергановнинг сўзларига кўра, даставвал келишувга ҳам эришилган, яъни канал атрофини ободонлаштириш, аҳолининг ўтиши учун кўприк барпо этиш каби ишларни ўз ичига олувчи лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган. МЧЖ бу ишларни ўз ҳисобидан амалга ошириб, бунинг учун юз-юз эллик миллион сўм маблағ сарфлашга тайёр бўлган.

“Ободонлаштириш бўйича барча ҳужжатлар тайёрланиб, тақдим этилган ва тасдиқланиши кутилаётган бир вақтда Бектемир тумани ҳокимлиги жамиятга қарашли бино ва иншоотларни “ноқонуний қурилма” деб ҳисоблаб, уни бузиш бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди. Даъво аризаси Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Р.М.Сагатов раислигида кўриб чиқилиб, туман ҳокимлигининг даъво талабларини қаноатлантириш ва “ноқонуний қурилма”ни бузиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди”, - дея таъкидлайди тадбиркор.

 

Масалага холисона баҳо бериш мақсадида туман ҳокимлиги юрист-консульти Искандар Муҳидов билан учрашдик. У бинони бузиш масаласида ҳокимлик позицияси қандай экани, огоҳлантириш хати берилишининг сабаби нимадан иборатлигига ойдинлик киритди.

“Сув хўжалиги вазирлиги Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Паркент-Қорасув ирригация тизими бошқармаси томонидан Бектемир канали қирғоқ бўйида жойлашган барча шу каби қурилмалар эгаларига, фуқаролар ва юридик шахсларга огоҳлантириш хатлари тақдим этилган. Ушбу огоҳлантириш хати берилишининг биринчи сабаби Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-сон қарори билан тасдиқланган низом талабларини таъминлаш бўлса, иккинчиси Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 11 июлдаги 149-сонли фармойишини ижро этиш”, - деди И.Муҳидов.

Бизни ажаблантирган жиҳат шундаки, даъво аризасида ҳам, суднинг ҳал қилув қарорида ҳам низо предмети бўлган бино-иншоотлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва ноқонуний қурилмалар қурилган, дея эътироф этилган. Аммо, ҳокимлик юридик хизмати ходими ўз тушунтиришида Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-сонли қарорига асосланган бўлса-да, янаа ўша даъво аризаси-ю, суднинг ҳал қилув қарорида бу ҳақида бирор жумла баён этилмаган. Тақдим этилган ҳужжатларга биноан эса, даъво аризасидаги “ноқонуний қурилма” деб эътироф этилган бино белгиланган тартибда туман Ер кадастр бўлимида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Эътиборлиси, тадбиркорга тегишли бино Бектемир тумани Тошкент шаҳри таркибига қўшилмасдан аввал жамоа хўжалигига қарашли омборхона бўлган. Яьни 1992 йил 7 апрель кунги 174-сон қарори билан тасдиқланган сув ҳавзаларининг муҳофаза зоналарига доир Низом қабул қилинишидан анча аввал барпо этилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 4-моддасига кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Ушбу қоидага асосланадиган бўлсак, юқорида қайд этилган ҳукумат қарори муҳокама этилаётган бино-иншоотларга нисбатан татбиқ этилмаслиги лозим.

Тадбиркорга кўра, туман ҳокимлиги масаланинг ечимига жавоб топишда “ўзига хос усул” ишлатиб, қонун ҳужжатларидаги ўзбошимчалик билан барпо этилган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иншоотлар қиймати тўланмаслигига оид нормадан фойдаланиб, тадбиркор кўриши мумкин бўлган зарарни қоплашдан қочиш мақсадида, МЧЖга қарашли бино-иншоотларни ноқонуний қурилма ҳисоблаган ва судга даъво аризаси киритган. Ваҳоланки, Жамиятга қарашли қурилмаларнинг тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлиб, уларнинг нусхалари туман ҳокимлигига ҳам, Иқтисодий судга ҳам тақдим этилган. Бироқ, ушбу ҳужжатларга туман ҳокимлиги-ю, суд ҳам эътибор бермаган.

Ўзбекистон Республикаси “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, давлат органининг мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиб, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади.

Ҳозирда, Жамият томонидан Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори устидан киритилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар Иқтисодий суди апелляция инстанциясида кўрилмоқда. Умид қиламизки, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг ривожланишига ва аҳоли турмушининг фаровонлигига ўзининг ҳиссасини қўшиб келаётган тадбиркорга нисбатан адолатли қарор қабул қилинади.

P.S.:Таъкидлаш ўринлики, Бектемир тумани маъмурий судида туман ҳокимлиги мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатларига нисбатан давом этаётган суд иши 2018 йил 8 октябрь куни судья С.Х.Михлиев ажрими билан вақтинча тўхтатилган.

Толиб Раҳматов Kun.Uz мухбири
Муҳаммаджон Ғаниев Kun.Uz оператори

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид