Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эронга қарши урушнинг 3 мақсади, Швейцарияда ёнган автобус ва Ҳўрмузга «кўчган» фронт – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Эронга берилаётган зарбаларнинг «энг шиддатли» куни
Сешанба куни урушнинг 12-кунига ўтар экан, АҚШ мудофаа вазири Эронга қарши ҳарбий операция доирасида зарбалар «энг юқори нуқтасига» чиқишини маълум қилди.
«Бугун Эрон ичкарисидаги объектларга зарба беришнинг энг шиддатли куни бўлади. Энг кўп қирувчи самолётлар, энг кўп бомбардимончилар ва энг кўп зарбалар. Разведка маълумотлари ҳар қачонгидан ҳам аниқ ва мукаммал», деди Пит Ҳегсет Пентагонда ўтказилган матбуот анжуманида.
Вазир операциянинг учта асосий мақсадини санаб ўтди:
- Эроннинг ракета захиралари, учириш қурилмалари ва мудофаа саноати базасини ҳамда ракета ишлаб чиқариш қобилиятини йўқ қилиш;
- Эрон ҳарбий-денгиз флотини бутунлай яксон қилиш;
- Эроннинг ядро қуроли ишлаб чиқариш имкониятига чек қўйиш.
Пентагон расмийси генерал Ден Кейннинг маълум қилишича, дастлабки 10 кун ичида АҚШ Эроннинг 5000 дан ортиқ нишонига зарба берган ва 50 дан ортиқ ҳарбий кемасини йўқ қилган.
Эрон Исроил ва АҚШ ҳарбий активлари жойлашган Форс кўрфази давлатларига дрон ва ракеталар билан жавоб қайтармоқда. Ҳегсет буни Эрон режимининг «чорасизлиги» деб атади ва бу ҳаракатлар қўшни давлатларни Вашингтонга яқинлаштираётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, араб давлатлари АҚШга ўз ҳудудларидан фойдаланиш, базалар ва ҳаво ҳудудини очиб бериш орқали янги ҳамкорликни бошлаган. Бу эса ҳудудни худди «Иброҳим келишувлари» каби қайта шакллантирмоқда.
Исроил ва Эроннинг зарбалар алмашинуви
Эрон сешанба оқшомида Қатардаги АҚШнинг Ал-Удеид ва Ироқ Курдистонидаги Ал-Ҳарир базаларига ракета зарбалари берганини маълум қилди. Шунингдек, БАА ва Баҳрайн денгиз базаларидаги АҚШ қўшинларига дронлар орқали ҳужум қилинган.
Чоршанба тонгига ўтар кечаси миллионлаб исроилликлар бомба паноҳгоҳларига яширинишга мажбур бўлди. Ҳарбийлар Эрон Исроил томон ракеталар учирганини маълум қилди. Бу Теҳроннинг икки ҳафталик урушдан кейин ҳам Исроилга зарба бериш салоҳиятини сақлаб қолганидан далолат беради.
Эроннинг сўнгги ҳужумлари Исроилнинг Байрутга берган янги зарбалари билан бир вақтга тўғри келди. Исроил эса Байрутда «Ҳизбуллоҳ»ни нишонга олмоқда.
Теҳрон аҳолиси эса сешанба оқшомини урушнинг энг даҳшатли туни деб тасвирлади. «Бу дўзахнинг ўзи эди. Улар Теҳроннинг ҳар бир бурчагини бомбардимон қилишди. Болаларим ухлашга қўрқиб қолди», - дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Бундан ташқари, Эрон ҳукумати ички тартибсизликлардан хавотирда. Доналд Трамп Эрон фуқароларини ҳукуматни ағдаришга чақирганидан сўнг Эрон полицияси раҳбари Аҳмадризо Радан қатъий огоҳлантириш билан чиқди:
«Душманнинг талаби билан кўчага чиққан ҳар қандай шахсга намойишчи эмас, душман сифатида қаралади. Барча хавфсизлик кучларимизнинг бармоқлари тепкида турибди», деди у.
Эронда 28 февралдан бери 1300 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган, 8000 га яқин уй ва ўнлаб тиббий-таълим муассасалари вайрон қилинган. Исроилда эса Эрон зарбалари натижасида камида 11 киши ҳалок бўлган. АҚШ 7 нафар аскари ҳалок бўлгани, 140 нафари яраланганини маълум қилди.
Ҳўрмуз бўғозидаги вазият
АҚШ Марказий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғози яқинида Эроннинг 16 та миналаштирувчи кемаси «йўқ қилинганини» билдирди.
Сешанба куни эрта тонгда Пентагон Эроннинг миналаштирувчи кемалари ва миналар сақлаш омборларига зарба бераётганини маълум қилди. CENTCOM эса ўз навбатида катерларга берилган зарбалар видеосини эълон қилди.
АҚШ–Исроилнинг Эронга қарши уруши аллақачон дунё бўйлаб нефт ва суюлтирилган табиий газнинг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғози орқали юк ташишни амалда тўхтатиб қўйган.
Президент Доналд Трамп эса Эрон томонидан бўғозга жойлаштирилган ҳар қандай миналар дарҳол олиб ташланиши кераклиги ҳақида огоҳлантирди. Унинг таъкидлашича, АҚШ гиёҳванд моддалар ташувчиларга қарши қўлланадиган технологиядан «Ҳўрмуз бўғозини миналаштиришга уринаётган ҳар қандай кемани йўқ қилиш» учун фойдаланмоқда.
АҚШнинг юқори мартабали генерали ҳарбийлар агар буйруқ берилса, Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларни кузатиб бориш (эскорт) йўлларини кўриб чиқа бошлаганини айтганди. Шунга қарамай, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ҳозирга қадар юк ташиш саноатининг ҳарбий кузатув бўйича сўровларини рад этиб келмоқда.
Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси эса АҚШ ва Исроил ҳужумлари тўхтамагунча Кўрфаздан нефт ташишни тўсиб қўйишга ваъда берди.
Швейцарияда автобус ёниб кетди
Швейцариянинг ғарбий қисмидаги шаҳарчада автобусда содир бўлган ёнғин оқибатида камида олти киши ҳаётдан кўз юмди, яна бир неча киши жароҳатланди. Ҳодиса сешанба куни кечки вақтда, пойтахт Берндан тахминан 20 км масофада жойлашган Керсерс шаҳрида юз берган.
Полиция маълумотларига кўра, камида уч киши шифохонага ётқизилган, шунингдек, қутқарувчилардан бири ҳам жароҳатлангани айтилмоқда.
Маҳаллий ОАВ томонидан эълон қилинган видеоларда алангага бурканган автобус акс этган.
Ёнғин сабаблари ҳозирча маълум эмас, бироқ ҳодиса қасддан уюштирилгани эҳтимоли юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айрим хабарларга кўра, бир киши ўзига бензин сепиб ўт қўйган бўлиши мумкин. Аммо расмийлар бу маълумотни тасдиқлай олмасликларини билдирди.
Жанубий Кореядаги АҚШ ракеталари ҳақида
Жанубий Корея президенти Ли Мюнн АҚШнинг THAAD ҳаво мудофааси тизими ҳар қандай қисмининг Яқин Шарққа кўчирилишига қарши эканини билдирди. Бироқ унга кўра Сеулнинг бу позицияси АҚШ томонидан тўлиқ қабул қилинмаслиги мумкин.
Сешанба куни ўтказилган вазирлар маҳкамаси йиғилишида сўзга чиққан Ли АҚШ ҳарбий активларининг Жанубий Кореядан эҳтимолий кўчирилиши мамлакатнинг Шимолий Кореяга қарши тийиб туриш салоҳиятини сезиларли даражада заифлаштирмаслигини таъкидлади.
«Агар бизнинг Шимолий Кореяга қарши тийиб туриш стратегиямизга жиддий путур етдими деб сўрасангиз, мен 'асло йўқʼ деб жавоб бера оламан», деди у.
Ли Мюн ускуналар ўтказилганини расман тасдиқламади, аммо Сеул Корея яриморолидаги ҳарбий салоҳиятнинг ҳар қандай камайиши бўйича Вашингтонга ўз хавотирларини етказганини билдирди.
Аввалроқ Пентагон Эроннинг ҳужумларига қарши мудофаани кучайтириш учун Жанубий Кореядаги THAAD тизимининг бир қисми ва Ҳинд–Тинч океанидаги Патриот ракеталарини Яқин Шарққа йўналтираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Шу билан бирга, Яқин Шарқдаги можароларнинг дастлабки кунларида Жанубий Кореянинг чет элдаги ҳарбий бўлинмалари базалари яқинида зарбалар қайд этилгач, улар юқори шайлик ҳолатига ўтказилди. Ҳозирда Жанубий Кореянинг тўртта ҳарбий бўлинмаси — Ливан, Жанубий Судан, Сомали ва БААда тинчликпарвар ва хавфсизлик миссияларини ўтамоқда.
Мавзуга оид
14:34 / 03.04.2026
Эронда портлатилган кўприк, Ҳўрмузни очиш бўйича коалиция ва АҚШ бош прокурорини ишдан олган Трамп – кун дайжести
16:00 / 02.04.2026
Ой томон йўл олган фазогирлар, Луҳанскни тўлиқ «озод қилган» Россия ва Трампнинг мурожаати – кун дайжести
14:02 / 01.04.2026
АҚШга «йўқ» деган европаликлар, Қримда қулаган ҳарбий самолёт ва Бағдодда ўғирланган америкалик журналист – кун дайжести
16:20 / 31.03.2026