Ўзбекистон | 19:35 / 07.04.2024
23599
4 дақиқада ўқилади

Чет элга ишлашга борувчиларнинг имтиҳон, виза ва йўл чиптаси харажатлари қоплаб берилади

1 июндан меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш, «ишчи виза»ни расмийлаштириш ва йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қисман қоплаш учун компенсация тўланади.

Президентнинг «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланди. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фармонда хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бориш учун жўнаб кетаётган ёки хорижда вақтинча ишлаётган фуқароларга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий, консуллик хизматларини кўрсатиш масалалари кўрсатиб ўтилган.

Фармондан мақсад меҳнат миграцияси жараёнларини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ҳисобланади.

Фармонга асосан хорижга вақтинча ишлаш учун кетаётган юртдошларнинг имтиҳон, виза ҳамда йўл чиптаси харажатлари қоплаб берилади.

Хусусан, 2024 йил 1 июндан бошлаб «Хорижда иш» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:

  • хорижий тиллар ва касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 3 бараваригача; 
  • «Ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар учун БҲМнинг 5 бараваригача;
  • Йўл чиптаси учун БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда компенсация тўланади.

2024 йил 1 сентябрга қадар хорижда вақтинча ишлаётган юртдошларга ёрдам кўрсатиш учун тун-у кун ишлайдиган Call-марказ ташкил этилади. Чет элдан чиқувчи абонентлар учун қўнғироқларни бепул амалга ошириш имконияти яратилади.

Хорижда вақтинча ишлаётган ва оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларга моддий ёрдам кўрсатиш имкониятлари янада кенгаяди

2024-2025 йилларда Буюк Британияда (Лондон), Германияда (Берлин), Туркияда (Истанбул) ва Саудия Арабистонида (Ар-Риёд) агентликнинг ваколатхонларини очиш режалаштирилмоқда. Буюк Британия, БАА, Венгрия, Германия, Латвия, Полша ҳамда Япония давлатларидаги дипломатик ва консуллик муассасаларида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозими киритилади.

Хусусий бандлик агентликлари фаолияти ҳам қўллаб-қувватланади

2024 йил 1 июлдан бошлаб хусусий бандлик агентликларига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган шахсларга чет элда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ ундиришга рухсат берилади. Бунда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар томонидан тўланадиган маблағлар тижорат банкларида очилган махсус ҳисобварақда сақланади. Хусусий бандлик агентлиги шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажарганидан сўнг унинг ҳисобварағига ўтказилади.

2024 йил 1 июндан бошлаб хорижда ишлаб қайтган шахсларни ишга олган иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади.

Хорижда вақтинча ишлаётган юртдошлар учун мобил илова яратилади

2025 йил 1 июлга қадар Ўзбекистондан ташқарига чиқувчи ва давлат ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи электрон маълумотлар базаси яратилади.

Шунингдек, хорижда вақтинча ишловчилар учун бўлиб турган мамлакатлари ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, ватандошлар билан онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш имконини берувчи мобил илова яратилади.

Мавзуга оид