Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2026 йилги давлат бюджети ва “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Сенат 2026 йилги давлат бюджетини маъқуллади
Олий Мажлис Сенати “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунни маъқуллади.
Сенаторлар 2026 йил давлат бюджетида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, халқ фаровонлигини юксалтириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизими билан қамровни кенгайтириш ҳамда сифатли таълимни таъминлаш каби ижтимоий соҳа йўналишларига устувор аҳамият берилганини алоҳида таъкидлади.
Хусусан, давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи – 220 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Жумладан, таълим соҳасига 100 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига эса 49 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, бу кўрсаткич жорий йилга нисбатан 11,4 фоизга оширилмоқда.
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёевга 2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича ишлаб чиқилган стратегия тўғрисида ахборот берилди.
Стратегия болалар учун зўравонликдан ҳоли муҳит яратиш, зўравонлик хавфи остидаги болаларни барвақт аниқлаш ҳамда жабрланувчи ёки гувоҳ бўлган болаларга комплекс хизматлар кўрсатишни асосий мақсад қилиб олган.
Мазкур ҳужжат доирасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, хавф остидаги болалар билан эрта босқичда ишлаш, болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий, психологик, таълим ва ҳуқуқий хизматларни тақдим этиш бўйича устувор йўналишлар белгиланди.
“Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойилида давлат хизмати тақдим этилади
2026 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили жорий этилиб, бир қатор хизматлар бир вақтнинг ўзида — композит тарзда кўрсатилади.
Қонунчиликка кўра, 2026 йил 1 январдан тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида қуйидаги хизматлар бир вақтнинг ўзида тақдим этилади: электрон рақамли имзо (ЭРИ) калитини бериш; банк ҳисобварақларини очишга ариза топшириш ва уларни фаоллаштириш; айрим фаолият турлари бўйича лицензия/рухсатнома олишга ариза ёки хабарнома юбориш ва бошқалар.
Ҳужжатда, шунингдек, тадбиркор ҳар бир хизматдан ўз танловига кўра ихтиёрий фойдаланиши, танланган хизматлар учун эса ягона QR-код орқали тўлов қилиш имконияти яратилиши белгиланган.
1 январдан “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” номинацияси жорий этилади
Қонунчиликка мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб маҳаллаларда солиқ тўлов интизоми ва тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” номинацияси жорий этилади.
Белгиланишича, мазкур номинация ғолибларини аниқлашда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади: ҳар минг нафар одамга тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони; ҳар минг нафар одамга тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари томонидан тўланган солиқлар миқдори; ҳар минг нафар аҳолига тўғри келадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчилар сони ва бошқалар.
Тошкентга кириш жойларида автотураргоҳлар қурилади
Тошкент шаҳрини ривожлантириш масалалари юзасидан 16 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги транспорт тизими ҳақида сўз юритди.
Давлат раҳбари сўзларига кўра, келаси йили шаҳарга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчади, 3 таси реконструкция қилинади. Бу ерларда камида 3,5 мингта юк ва 5,5 мингта енгил автомобил учун тураргоҳлар ҳамда аҳоли учун кемпинглар барпо этилади.
Пойтахтга келаётган меҳмонлар истаса, автомобилини шаҳарга киришда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади.