Ўзбекистон | 21:59 / 30.03.2026
779
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 940 гектар майдонда иссиқхона ва Бухорода “Насриддин Афанди” фестивали – маҳаллий дайжест

Сурхондарёда камида 940 гектар майдонда иссиқхона мажмуалари ташкил этилади. Ҳар бир вилоятда “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилади. Бухорода “Насриддин Афанди” ҳамда “Шарқ таомлари” анъанавий фестивали ўтказилади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Сурхондарёда камида 940 гектар майдонда иссиқхона мажмуалари ташкил этилади

Президент қарорига мувофиқ, аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш мақсадида иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор янги имтиёз ва преференциялар жорий этилди.

2026–2027 йилларда республикада иссиқхоналар фаолиятини ривожлантириш бўйича асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Жумладан, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона мажмуаларини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, энергия тежамкор ва муқобил энергия манбаларига асосланган иситиш тизимлари улушини камида 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади. Мазкур ҳудудда фаолият юритувчи иссиқхона хўжаликларига қатор имтиёзлар тақдим этилади.

Ҳар бир вилоятда “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилади

Ўзбекистонда экологик таълим ва “яшил” иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш янги босқичга чиқмоқда.

Президент қарорига кўра, 2026–2027 йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 14 та “яшил” техникум фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу таълим муассасаларида ҳудудларнинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, соҳалар учун малакали мутахассислар тайёрланади.

Шунингдек, 2030 йилгача мазкур техникумларда жами 10 минг нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш орқали экологик таълим тизимини янада ривожлантириш кўзда тутилган.

Учта янги миллий табиат боғи ташкил этилади

Президент қарорига кўра, Тошкент вилоятида икки янги миллий табиат боғи барпо этилади. Жумладан, Оҳангарон туманидаги Оҳангарон давлат ўрмон хўжалигининг “Овжазсой” участкасидаги 9,2 минг гектар ер майдонида “Овжазсой – Мовий тоғлар” миллий табиат боғи, шунингдек, Бўстонлиқ туманидаги Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг 156,7 минг гектар ер майдонида “Писком” миллий табиат боғи ташкил этилади.

Шу билан бирга, Фарғона вилояти Ўзбекистон ва Сўх туманларидаги 13,9 минг гектар давлат захира ерлари ҳамда Фарғона ва Қўқон давлат ўрмон хўжаликларининг 8,9 минг гектар ер майдонлари ҳисобига умумий майдони 22,9 минг гектардан иборат “Фарғона” миллий табиат боғи барпо этилади. Қарорга мувофиқ, Наманган вилоятидаги “Поп” миллий табиат боғи ҳудуди ҳам кенгайтирилади.

Бухорода “Насриддин Афанди” ҳамда “Шарқ таомлари” анъанавий фестивали ўтказилади

1 апрел куни Бухорода “Насриддин Афанди" ҳамда “Шарқ таомлари” анъанавий фестивали ўтказилади. Байрам қисқа юмористик, сатирик миниатюра ва латифаларнинг машҳур қаҳрамонлари, жумладан, Хўжа Насриддиннинг кундалик эртаклари билан боғлиқ бўлган ҳазиллар, мутойибалар ва ранг-баранг афсоналарга бой бўлади.

Бундан ташқари, "Шарқ таомлари" фестивалига ташриф буюрганлар Ўзбекистон миллий ошхонасининг мазали таомлари ва ширинликларидан татиб кўриш имконига эга бўлишади.

“Насриддин Афанди” фестивали Нодир Девонбеги мадрасаси, Насриддин Афанди ҳайкали ёнида, “Шарқ таомлари” фестивали эса «Сомонийлар» боғи кираверишидаги ҳовуз олдидаги майдонда бўлиб ўтади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид