Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги Тошкентдаги супер фаввора ва масжидлардаги фавқулодда огоҳлантириш ускуналари – маҳаллий дайжест
Янги Тошкентда мусиқали фаввора мажмуаси барпо этиш режалаштирилган, унинг таркибида сувни 232 метр баландликкача отадиган супер фаввора бўлади. Аҳоли пунктларига яқин жойлашган масжидларда одамларни тезкор хабардор қилувчи фавқулодда огоҳлантириш ускуналари ўрнатилади. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Янги Тошкентда супер фаввора қурилади
Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида барпо этиладиган фаввора мажмуаси лойиҳаси билан танишди.
Таъкидланишича, Янги Тошкентда қарийб 8 гектардан иборат майдонда мусиқали фаввора мажмуаси барпо этиш режалаштирилган. Лойиҳага кўра, сув юзасининг умумий майдони 6,3 гектарни ташкил этадиган ҳавзада 1,5 гектар майдонда сув, мусиқа ва ёруғлик уйғунлигидаги шоуларни ўтказиш имконини берадиган фаввора барпо этилади. Мажмуа таркибида сувни 232 метр баландликкача ота оладиган супер фаввора, диаметри 100 метрли сузувчи платформа бўлади. Фаввора радиуси 185 метр бўлган, 360 даражали сув экранини ҳосил қилиш ҳамда унинг юзасида турли тасвирларни проекция қилишга қодир бўлади.
Янги Тошкентда “Буюк Ипак йўли” мажмуаси қурилади
Президент Шавкат Мирзиёевга Янги Тошкент шаҳри ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган “Буюк Ипак йўли” лойиҳаси тақдимот қилинди.
Майдони 32 гектар бўлган “Буюк Ипак йўли” мажмуаси Янги Тошкентнинг муҳим жамоат ва маданий маконларидан бири бўлиши режалаштирилган. Бу ерда турар жойлар, тижорат бинолари, меҳмонхоналар, маданият ва таълим марказлари, шунингдек, бошқа замонавий инфратузилма объектлари қурилади. Концепцияга кўра, мажмуа ҳудудида Буюк Ипак йўли билан боғлиқ турли цивилизацияларга бағишланган мавзули маҳаллалар ташкил этилади. Ҳар бир ҳудуд Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган мамлакатларни ифодалайди.
272 та масжидда фавқулодда огоҳлантириш ускуналари ўрнатилди
БМТ Тараққиёт дастури Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда фавқулодда ҳолатларда аҳолини тезкор хабардор қилишга қаратилган инновацион техник ечимни жорий этди.
Мазкур ташаббус доирасида аҳоли пунктларига яқин жойлашган масжидларга махсус ускуналар ўрнатилади. Ҳозирга қадар бундай ускуналар Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги 272 та масжидда ўрнатилди. Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, ушбу тизим тахминан 6,5 миллион нафар аҳолини қамраб олиш имконини беради. Шу жумладан, аёллар, эркаклар, болалар ҳамда аҳолининг заиф қатламларига тезкор ахборот етказиш имконияти кенгаяди.
Ҳокимларнинг бюджет очиқлиги бўйича мажбурияти кучайтирилди
Маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағларидан фойдаланишга оид қарор ва фармойишларни 3 иш куни ичида ҳокимликнинг расмий сайти ва openbudget.uz порталига жойлаштириш мажбурий деб белгиланди.
Маҳаллий бюджетлар очиқлигини ошириш юзасидан иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан, шунингдек, “Очиқ бюджет” порталида жисмоний шахслар томонидан муайян даврда тўланган даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи ҳамда бу солиқлар ҳисобидан амалга оширилган харажатлар (йўналишлар кесимида) тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда жойлаб борилиши белгиланди.
Мавзуга оид
21:32 / 24.03.2026
Давлат рақам белгилари учун янги илова ва навбатдаги молиявий пирамида – маҳаллий дайжест
20:52 / 18.03.2026
Ислом цивилизацияси марказининг очилиши ва Тошкентда яширилган жиноятлар – маҳаллий дайжест
21:04 / 17.03.2026
Олтин қазиб олиш бўйича 175 тонналик марра ва ўз қоидабузарлигини интернетда тарқатганлар учун жазо – маҳаллий дайжест
20:43 / 16.03.2026