Ўзбекистон | 15:36 / 08.05.2023
18238
5 дақиқада ўқилади

Сув фожиаси – Тошкентда қайта ишланган канализация сувлари Бўзсув каналига оқизиб юборилмоқда

Тошкент шаҳридан ўтган ям-яшил бўлиб оқадиган Бўзсув канали Тошкент вилоятининг Зангиота туманига келиб, бирдан қора тусга кириб қолади. Табиий оқар сув тўсатдан қорайиб қолгани ва бир неча ўн километрлаб давом этгани харитада ҳам акс этиб турибди. Бу ҳолат табиатнинг бирор мўъжизаси эмас, балки лоқайдлик натижасида ўз ҳолига ташлаб қўйилган экологик фожиадир. Kun.uz вазият бўйича суриштирув ўтказиб, Бўзсувнинг Сирдарёга қуйиладиган қисмигача ҳолатни ўрганди.

Мавзу жуда долзарб ва йирик. Чуқур суриштирув ҳамда таҳлил талаб қилади. Қизиғи, сўнгги йилларда турли сайтларда бу мавзу бир неча марта кўтарилган. Аммо натижа йўқ – аҳвол ўша-ўша.

Бўзсувнинг икки қирғоғида икки хил ҳақиқат ётади. Бири табиий туси ҳамда экологик ҳолати бузилган бу сувдан экинларни суғоришда фойдаланаётган, пашша ва чивинлардан азият чекаётган аҳоли бўлса, иккинчиси, бу аянчли мавзу қайта-қайта кўтарилса ҳам, балки иложсизликдан, балки лоқайдликдан, балки атайдан қайта ишланган оқова сувларини тоза сувга қўшиб юбораётган Бўзсув аэрация станциясининг ҳам ўз ҳақиқатлари бор. Лекин ҳеч бир баҳона ва сабаб шундай йирик каналнинг Сирдарёга қуйилгунча бўлган қарийб 60 кмли тақдирига бу қадар бефарқлик қилинишини оқлай олмайди.

Бўзсув бўйида яшаётган аҳоли билан суҳбатлашганимизда уларнинг аксарияти сувдаги бу бузилиш ҳали ҳолваси экани, ёз ойларида сув ранги баттар қорайиб, қўланса ҳид атрофни тутиб кетиши, ҳашаротлар кўпайишидан нолиди.

“Cув оқова тозалаш иншооти қурилган ўша пайтларда, балки аҳоли шундай зичлашиб кетиши ҳисобга олинмагандир. Шу сабабли канализация сувлари кўпайиб кетаётгани ҳисобига ташқарига қайта ишланмаган сув ҳам чиқиб кетяпти. Ускуналари эскириб кетган. Сувларимиз ифлосланиб кетяпти.

15 йил олдин бу ерлар дезинфекция қилинарди. Ҳаммаёқ тозаланарди. Ҳозир шу ишлар қилинмаётгани ҳисобига пашша, чивин, ўргимчак, кана кўпайиб кетяпти. Майли, ташқаридан оқиб келаётган сувни тўхтатиб қололмаймиз. Лекин шу асбоб-ускуналарини янгилаб беришса, зарар ҳар ҳолда камаярди”, дейди шу ерга келин бўлиб келган Матлуба Воҳидова.

Унинг қўшимча қилишича, 30 йил олдин шу маҳаллага келин бўлиб келганида каналда спортчилар байдаркаларда учишган, сув тоза бўлган. Сувнинг ифлосланиши 12-13 йиллар олдин бошланган. Атрофдаги аҳолининг бир қисми эса қишлоқ хўжалиги мақсадларида шу сувдан фойдаланади.

Қишлоқ врачлик пунктининг тиббиёт ходимларига кўра, аҳоли одатдаги мурожаатларга қўшимча равишда диарея ва тери касалликлари аломатлари билан ҳам келишар экан.

Канал сувининг қаергача шу ҳолатда давом этганини ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида Зангиотадан яна 5 км юриб, Бўзсувнинг Янгийўл туманидан ўтган ўзани давомига келдик. Халқимизда “етти думалаган сув тоза бўлади” деган нақл бор. Лекин табиий ҳолати бузилган сув 5 кмдан кейин ҳам тозаланмаганининг гувоҳи бўлдик. Атроф эса чанг ва пашшага тўла.

Бу 5 км оралиқда 2 туманнинг минглаб аҳолиси ифлосланган сув ҳавоси ва ҳашаротларга тўла муҳитда иложсиз яшаб келаётганини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли. Ва бу ҳали муаммонинг якуни эмас. Зарарланган оқар сувнинг кейинги тақдирини ўрганиш учун Зангиота, Янгийўл туманларидан ўтиб, тахминан, 50-кмда Чиноз туманига етиб келдик. Сув бироқ лойқаланиб, табиий тусга киргандек. Лекин унинг экологик ҳолати ҳақида бир нима деёлмаймиз.

Бугун Бўзсув канали ифлосланиши билан боғлиқ аҳолининг фикрлари, яшаш шароитлари, саломатлиги ҳақида бирмунча маълумот ва тасаввурларга эга бўлдик. Ва булар анҳорнинг бир қирғоғидаги гаплар эди. Дастуримизнинг иккинчи қисмида эса каналга қора тусли сув сиздираётган Бўзсув аэрация станцияси, яъни иккинчи қирғоқ ҳақиқатларини юзага чиқарамиз.

Мақоламиз аввалида вазият чуқур ўрганиш талаб қилиши ҳақида айтган эдик. Дастуримизнинг ҳар икки қисмини диққат билан томоша қилсангиз, бу экологик фожианинг асл сабабчилари кимлар эканини билиб оласиз. Ҳозир эса хулоса қилишга шошмай турамиз.

Сардорбек Усмоний 

Мавзуга оид