Жаҳон | 17:29 / 22.08.2025
12120
5 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш тўхташининг Марказий Осиёга таъсири қандай бўлади?

Бу уруш қанақа шартларда тугайди, урушнинг натижалари дунё тартиботида нималарни ўзгартиради – Трампга қизиқ эмас. Лекин бу саволлар биз учун ўта муҳим. Марказий Осиёни қандай геосиёсий шарт-шароитлар кутаётгани шу саволларнинг якуний жавобига тўғридан тўғри боғлиқ.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Россия–Украина урушини тўхтатиш борасида жиддий уринишлар кетмоқда. АҚШ президенти Трампнинг халқаро сиёсатдаги энг асосий ваъдаси – “Россия-Украина урушини бир кунда тўхтатиш” эди. Трампнинг президентлик курсисига ўтирганига ярим йилдан ошиб кетди, лекин ҳали бу уруш тўхтагани йўқ. Бироқ, Трамп бу урушни тезроқ тўхтатиш ҳаракатида, бунинг учун у кўп нарсага тайёр экани аниқ.

АҚШ президентининг мақсади – урушни тезроқ тўхтатиш. лекин бу уруш қандай шартлар билан тугаши, дунё тартиботга қандай таъсир қилиши Трампни жиддий ўйлантирмайди.

Кейинги учта ўн йиллик ичида АҚШнинг глобал қадриятлари, геомафкураси кескин трансформация бўлди. Бу – халқаро муносабатларда жуда катта ўзгариш. Собиқ СССР қулаган 1990-йилларнинг бошларида, энди совуқ урушдан чиққан АҚШ халқаро майдонда инсон ҳуқулари, демократия ва либерализмнинг асосий ҳомийси, ҳимоячиси эди. Бутун дунёда инсон ҳуқуқлари ва демократияни қўллашни, ўзининг асосий миссияси деб билар эди. Албатта, бу борада ўша вақтлари ҳам икки стандартлилик, чекинишлар ва бўшлиқлар кўп бўлган. Лекин расмий Вашингтон “дунё қанчалик демократик бўлса, биз учун шунчалик қулай бўлади” деган қатъий ишончда эди. Лекин мана, орадан ўн йилликлар ўтиб, АҚШ инсон ҳуқуқлари, либерал тартиботнинг асосий ҳомийси мақомидан тушиб, изоляционизм ва иқтисодий национализм томон оғишган давлатга айланиб улгурди.

Бир вақтлар АҚШ мусулмон дунёсида ҳам демократияни қўллаб-қувватлашга интилар эди. Бироқ, 2001 йил 11 сентябрдан кейин, айниқса, Араб баҳори воқеаларидан сўнг АҚШ мусулмон дунёсида демократик сиёсий жараёнлар ва тизимларни қўллашдан манфаатдор эмас. Чунки мусулмон дунёсида демократиянинг илдиз отиши, Вашингтондаги мутафаккирлар назарида, мусулмон дунёсининг геосиёсий мустақиллигини оширади, Исроил сабаб АҚШдан масофалашув кучаяди. Шунинг учун бугун АҚШ мусулмон дунёсида авторитар бошқарувлардан манфаатдор экани кўпчилик кузатувчиларга аён.

Россия–Украина уруши борасида Доналд Трампнинг энг асосий мотиви – тезроқ Нобел мукофоти олиш. Зеленскийнинг мақсади эса – Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини имкон қадар сақлаб қолиш. Путиннинг мақсади эса – Украина устидан назоратни қўлга киритиш, Ғарбни глобал ҳокимиятдан йиқитиш ёки Ғарб қудратини заифлаштириб, шу йўл орқали Россияни глобал қутб сифатида, империя сифатида шакллантиришга муваффақ бўлишдир.

Бугун Трампнинг асосий ёндашуви Украина ва Европа давлатларини қаттиқ хавотирга соляпти. Чунки у урушни тезроқ тугатиш мақсадида Путин билан келишиб, Путиннинг шартларини қабул қилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, олдинлари Ғарб давлатлари Путинни “агрессор”, “босқинчи” деб билган бўлса, энди Трамп музокаралар олиб бориш орқали унинг фикрлашини ва хатти-ҳаракатларини легитимлаштирди.

Агар ҳозир Трамп Путин билан келишиб, бу урушни қисман ёки тўлиқ Путиннинг шартлари асосида тугатса, янги дунё тартиботи шаклланган бўлади: бу тартибот, худди ўтмишдаги каби “ким кучли бўлса – шу ҳақ” деган тартибот ҳисобланади. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тартиботнинг энг асосий қадриятлари ҳисобланмиш “ҳудудий яхлитлик” ва “давлатларнинг суверенитети” эскирган бўлади.

Бугун дунёда кўп қутблилик шаклланиб бормоқда. Лекин бу кўп қутблиликнинг ўрта ва кичик давлатлар учун хавотирли томони шундаки, катта давлатлар ўз манфаатлари учун бошқа давлатларнинг ҳудудига ва суверенитетига тажовуз қилиб бошлади ва бу ҳолат энди АҚШ томонидан ҳам “норма” сифатида қабул қилинмоқда.

Украинадаги урушнинг тугаши – албатта ижобий ҳолат. Бегуноҳ инсонлар ўлими тўхтайди. Давлатлар орасидаги муносабатлар нормалллашади. Жамиятлар ривожланишда давом этади. Иқтисодиёт ўсади. Лекин “кучлилар ҳуқуқи” асосидаги ўйин қоидаси – пост-совет ҳудуди, Марказий Осиё минтақаси учун хавотирли прецедент ҳисобланади.

Марказий Осиё давлатлари келажакда мана шундай хавотирли вазиятга имконият бермаслик учун ўзаро ҳамкорлик ва интеграцияни, қолаверса, туркий давлатлар ва миллатлар ўртасидаги бирлик ва жипсликни стратегик юқори даражага чиқариши – энг катта зарурат бўлиб қолаверади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид