Иқтисодиёт | 21:12 / 11.09.2023
18520
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли ва тадбиркорларнинг валюта курси ўзгаришидан хавотирлари кескин ошди

Август ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари 14,2 фоизни, тадбиркорлик субъектлари кутилмалари эса 14,4 фоизни ташкил қилган. Ҳар иккала тоифа ҳам валюта курсининг ўзгаришини нархларга энг кўп босим ўтказувчи омил сифатида келтириб ўтган. Сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ эса 5,5 фоизга етган.

Фото: Reuters

Марказий банк август ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари бўйича маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳолининг инфляция бўйича кутилмалари 1,2 фоиз бандга ошиб, 14,2 фоизни ташкил қилган.

Аҳоли келгусида нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курси ўзгариши (70 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия нархларининг қимматлашиши (43 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (36 фоиз);
  • бозорда монополиянинг мавжудлиги(33 фоиз)
  • нархларнинг сунъий оширилиши (32 фоиз).

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари

Август ойи якунлари бўйича келгуси 12 ой учун нархлар ўсишига оид респондент тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари 14,4 фоизни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан 0,9 фоизга ошган.

Бизнес вакиллари нархлар ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилади деб ҳисоблайди:

  • валюта курсининг ўзгариши (71 фоиз);
  • ёқилғи ва энергия ресурсларининг қимматлашиши (38 фоиз);
  • иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (30 фоиз);
  • транспорт харажатларининг қимматлашиши(25 фоиз):
  • коммунал хизматларнинг қимматлашиши (24 фоиз).

Шунингдек, август ойида аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 14,5 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри – 16,4 фоиз, Сирдарё – 16,2 фоиз ва Тошкент вилоятида – 15 фоиз, энг паст даражаси эса Наманган – 13 фоиз, Хоразм – 13,1 фоиз ва Қашқадарё вилоятида – 13,3 фоиз сезилган. 

Истеъмолчилар томонидан нархлари юқори ўсганлиги қайд этилган товар ва хизматлар:

  • гўшт ва сут маҳсулотлари – 45 фоиз (жами респондентларнинг улушида)
  • бензин ва ёқилғи – 40 фоиз;
  • қурилиш моллари – 33 фоиз;
  • мева-сабзавотлар – 25 фоиз;
  • дорилар – 25 фоиз.

Аввалроқ, жорий йилнинг август ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,5 фоизга ошиб, йиллик инфляция 9 фоизга етгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид